Ибтидоси милоднинг илк асрларига бориб тақаладиган, қадимдан ёзув маданиятига соҳиб ўзбек тили, бизнинг она тилимиз турли тилларнинг тазйиқларидан, турли тузумларнинг зуғумларидан ранж чексада, аждодларимизнинг мунтазам жасоратлари боис, тирик тароватини йўқотмай, миллий мантиғи меҳварини саломат сақлаб келаётганини, айни пайтда бу тильда яратилган бадиият дурдоналари жаҳон сўз санъати айвонида кайвони бўлиб турганини ўзимиз ҳам, ўзгалар ҳам бугун яхши билади. Зотан, ўз она тилининг тақдирига бефарқ қараган, ўз миллий моҳияти мағзини қўрий билмаган қавмлар тарихнинг қаърида тўзғоқдай тўзиб кетганлигига тарихнинг ўзи холис шоҳиддир. Ҳолбуки, она тили миллатнинг дунёларга бермайдиган ганжинаси, чунки у ҳалқ руҳининг ўлмас, асло хира тортмас кўзгусидир. Зотан, 2003 йилнинг 21 февралида Халқаро она тили куни муносабати билан ЮНEСКОнинг ўша пайтдаги Бош директори Коичиро Матсууро шундай деган эди: «Ҳар бир инсонда туғилганиданоқ тилнинг муайян таъсирларни юзага келтиришига, яъни ҳатто кейинчалик инсон бошқа кўплаб тилларга соҳиб бўлганида ҳам мутлақо йўқолмайдиган, нарсаларни ўзига хос тарзда кўришни ато қилишига кўра она тиллари бетакрордир.»

Шукрким, тарихнинг синовларидан саломат ўтиб келган қадимий ва шавкатли ўзбек тили бугун Ўзбекистоннинг давлат тилидир.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг тамомила янги босқичини бошидан кечирмоқда, барча соҳалардаги кўламли ислоҳотларнинг нақд натижалари боис «Янги Ўзбекистон» деган истилоҳ пайдо бўлди. «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» деган устувор ғоя асосида олға бораётган янги Ўзбекистоннинг минтақада ҳам, дунёда ҳам алоҳида ўрни тобора кенгроқ эътироф этилмоқда. Албатта, бугун ўзбек тилининг мамлакатимизда давлат тили сифатидаги ривожини таъминлаш борасида ҳам чинакам янги давр бошланди.

Мамнуният билан таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда, ҳеч бир истисносиз, барча соҳаларда, хусусан, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мунтазам тараққий қилдириш тарихида ҳам чин маънода янги босқич бошланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 21 октябрида «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ва шу куни имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонда бу борадаги ишларни бутунлай янги ўзанга киритишнинг, асосий мақсад-вазифаларнинг моҳиятини аниқ-аниқ кўрсатиб берди. Ана шу Фармон имзолаганидан буён ўтган бир йилда давлат тили борасида аввалги ўттиз йилда ҳам жиддий ҳаракатга келолмаган ижро механизмлари фаоллашди, шу билан бирга янги механизмлар ҳам ишга солинди.

Мазкур Фармонда 2020 – 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳаларини тайёрлаш топшириғи берилган эди. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди, бу фармон билан учта бениҳоя муҳим ҳужжат, яъни «2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси», «2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020–2022 йилларда амалга ошириш дастури» ҳамда «2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари» тасдиқланди. Концепция ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берган ҳамда асосий муддаога олиб борадиган вазифаларнинг барчасини ўзида жамлаган. Унда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, мамлакат тараққиётининг янги даврида давлат тилини ривожлантиришни юксак босқичга кўтариш йўллари кўрсатилган. Дастур эса концепцияни амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни ўз ичига олган. Дастурда жуда кўп долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган тадбилар кўзда тутилган. Масалан, умумий ўрта таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, она тили бўйича машғулот ва дарс соатларини кўпайтириш каби, хусусан, ўқитувчиларнинг кўнглидаги гаплар бениҳоя кўп. Кўрсатилган муддатларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳам гапирса гапиргудек, бу кўрсаткичлар мунтазам тадрижий ошиб боради. Бемалол айтиш мумкинки, бу янги Фармон ҳам давлат тилимизнинг тараққиёти тарихида алоҳида босқич бўлади.

Шунингдек, ушбу фармонда мавжуд луғатлар асосида узлуксиз таълимнинг барча турлари учун кўп жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида), «Ўзбек тилининг имло луғати», «Ўзбек тили синонимлари луғати», «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати» ҳамда «Ўзбек тили омонимлари луғати» яратилиши белгиланганлиги барчамизни беҳад қувонтирди.

Тил ер юзидаги барча мавжуд махлуқотни инсон ва ҳайвон мақомида фарқловчи буюк ва қиёссиз мезондир. Сўз салтанатининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси, бу тилнинг адабийлик мезонларига тартиб ва шамойил берган бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Сўз айлади инсонни жудо ҳайвондин, Билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин» байтида бу ҳақиқат бетакрор бир тарзда ифода этилган.

Сўз даҳосига даҳо сўзчи сифатида адоқсиз эҳтиром ва бениҳоя инжа сезги билан муносабатда бўлган, улкан ижодий – ҳам бадиий, ҳам илмий, ҳам тарихий – мероси билан башариятнинг тафаккур хазинасини фавқулодда беқиёс даражада бойитган улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллудига, маълумки, келаси йили 580 йил тўлади. Муҳтарам Президентимиз 19 октябрда бу муҳташам санани кенг ва ҳар жиҳатдан ярашиқли тарзда нишонлаш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Бу қарор, шубҳасизки, барча халқимизни, Алишер Навоий ижодининг чинакам мухлисларини, ўзбек тилининг нафақат юртимиздаги, балки хориждаги асл муҳибларини ҳам беҳад мамнун қилди. Мазкур қарорнинг ҳам айнан Ўзбек тили байрами арафасида қабул қилинишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Алишер Навоий бутун муаззам ижоди билан шу тилга мукаммал ва ўлмас ҳайкал қўйганди. Бу қарор Президентимизнинг ҳам ўзбек тилининг, ҳам Алишер Навоийнинг улкан тўйига ғоят ўринли туҳфасидир.

Тилимиз онамиздай мўътабар, муҳташам ва муҳтарам, унинг мунтазам камолу иқболи учун масъулиятни ҳар сонияда ҳис қилиб туриш ҳар биримизнинг бўйнимиздаги бурчдир. Ватанимиздаги жадал ва кўламли ислоҳотларнинг бугунги босқичида, маънавият ва маърифатни янада ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган бугунги паллада қонун мажбурияти билан эмас, балки миллий ўзлигимизнинг пойдорлигини таъминлаш заруриятини чуқур англаш эҳтиёжи билан давлат тилига – ўзбек тилимизга муносабатда бўлиш, унинг яшаши ва тараққиёти учун баҳадди имкон барча саъй-ҳаракатда бўлиши зарур.

Ўзбек тили байрамидай мўътабар байрамимиз шукуҳи, давлатимизнинг тилимиз шавкатининг пойдорлигини бардавом этиш борасидаги саъй-ҳаракатларидан мамнунлик ҳар биримизнинг қалбимизни ҳамиша нурафшон қилиб тураверсин. Бу шукуҳ ва ундан шукроналик янги Ўзбекистонни ҳеч қачон тарк этмасин.

Низомиддин МАҲМУДОВ,

Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор