Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан ўзбекистонлик тадқиқотчи олимларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган бепул “English for Science” академик инглиз тили дастурининг иккинчи мавсуми очилиши муносабати билан пресс-конференция ўтказилди.
Матбуот анжуманида Илмий-техник ахборот маркази директори ўринбосари Фаррух Аминов, иқтисодчи-олим, энг кўп иқтибос келтириладиган илмий мақолалар муаллифларидан бири Рауф Салахожаев, Илмий-техник ахборот марказининг илмий нашрлар ва журналларни қўллаб-қувватлаш бўлими етакчи мутахассиси Нуруллахон Назруллаев иштирок этди.
– Курсларда олинган билимларни амалда қўллаш тингловчиларнинг ўзига ҳам боғлиқ, – деди Рауф Салохожаев. – Мен инглиз тилида мақола ёзмоқчи бўлган тадқиқотчиларга нуфузли халқаро илмий журналлардаги ўз соҳаларига доир мақолаларни кўпроқ ўқишни, уларни кузатишни ва тегишли хулосалар чиқаришни маслаҳат бераман.
Ушбу лойиҳа вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази, FANUR Education ўқув маркази ҳамда Британия кенгашининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Мазкур дастурнинг биринчи мавсуми 2020 йили 13 октябрда бошланиб, 24 нафар тингловчи тест ва суҳбат кўринишида саралаб олинганди. Уч ойлик курсларда иштирок этган тингловчилар ҳозир халқаро конференцияларда фаол қатнашмоқда. Scopus маълумотлар базасида мақолаларини чоп этишга муваффақ бўляпти.
– Ўқув курсларини ўтиш методлари асосида махсус ўқитиш дастури ишлаб чиқилди, – деди Нуруллахон Нарзуллаев. – Дастурнинг ўзига хослиги шундаки, у қолипга туширилган эски ўқитиш усулларидан бутунлай фарқ қилади. Биз дастурни айнан Европа ва АҚШ стандартига хос бўлган АРА (American Psychological Association) ва CMC (Chicago Manual Style) асосида тузишга ҳаракат қилдик. АРА услуби, АҚШ психология ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий фанлар академик иш юритишнинг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Ушбу услуб мақолани шакллантириш бўйича кўрсатмалар, шунингдек, иқтибослар, изоҳлар, жадваллар, мақола шрифтини ва тузилишини лойиҳалаш бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олади. Дастур илмий мақола ёзиш, унинг структураси, қандай терминология (терминлар асосида) бўлиши ҳақидаги йўналишларни қамраб олади.
Лойиҳанинг иккинчи мавсуми учун Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларидан 1167 та мурожаат келиб тушди. Танлов жараёни уч босқичдан иборат бўлиб, 636 нафар номзод онлайн сўровнома натижасида тавсия этилди. Иккинчи босқич телефон орқали инглиз тилида суҳбат бўлиб, 240 нафар номзод кейинги босқичга ўтди. Сўнгги босқичда иштирокчилар илмий тадқиқотлар бўйича тақдимотларини ҳимоя қилишди. Мазкур танловдан сўнг 200 нафар иштирокчи “English for Science” курсларига муваффақиятли қабул қилинди. Иштирокчилар 9 ой давомида академик инглиз тили йўналишида ўқитилади.
Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ўзбек олимларининг Springer, Wiley ва бошқа халқаро маълумотлар базаларидан унумли фойдаланишини таъминлаш, нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиш салмоғини оширишдир. Мазкур курсларда олимларга ўз илмий мақолаларини тайёрлаш ва халқаро илмий журналларда нашр этиш учун академик инглиз тили ўргатилади. Шунингдек, лойиҳа давомида олимларнинг ўз тадқиқотлари учун хорижий молиялаштириш манбалари – грантларни қўлга киритиш ва натижаларни тижоратлаштириш бўйича кўникмалари ривожлантирилади.
Пресс-конференцияда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова мазкур дарслар вазирликнинг Youtube каналига жойлаб борилишини маълум қилди.