Туйғулар инсон фитратида ғалаён қилар экан, қиёфа топмоғи, битикларга айланмоғи учун ўзига муносиб шакл, оҳанг талаб этади ва ана шу муносиб оҳангларга ингандагина гўзал, таъсирли ифода топади. Ижод ўзи юққан кишисига ­– ўз эгасига тинчлик бермас бир неъмат. Қалбда ғалаён этиб турса, уни битмай туриб, хотиржам тортмоққа имкон йўқ. Бу ғалаёнлар кўпроқ шеърий сатрларда намоён бўлади. Шоирлар ўз ҳисларини ўзбек ва дунё шеъриятида кенг тарқалган беш вазндан бирида ифода этадилар. Албатта, бугунги кунда лирикада бармоқ вазни етакчилик қилади. Бироқ ўн асрдан ортиқ вақт ичида яратилган катта маънавий хазинамиз – улкан адабиётимиз аруз вазнида битилгани барчага маълум. Ғарбни мафтун қилган бу маънавий хазина нафақат мазмунан, балки мутаносиб оҳанг салмоғи жиҳатдан ҳам кўплаб илм аҳлларини лол этиб келмоқда.

Мумтоз шеъриятнинг асоси, пойдевори бўлган аруз илми кўп асрлик тарихга эга бўлган мукаммал ва сеҳрли бир илмдир. Адабиётга бефарқ бўлмаган ҳар бир киши аруз оҳангларидан таъсирланади. Кўнглига ажиб ҳузур етади. Уни ўрганмоққа киришган киши таъсиридан чиқолмайди, ҳар бир ғазалда, ҳар бир байтда арузнинг ширасини, мусиқий жозибасини ҳис этади. Ўзининг кўнгли мулкини, ўз кечинмаларини аруз вазнида ҳавола этишга интилади.

Мумтоз адабиётда аруз илмининг закий тадқиқотчиси Низомий Арузий Самарқандий “Нодир ҳикоятлар” китобида “Ҳар кимнинг шеър таъби мустаҳкам бўлиб, фикри, сўзлари равонлашса, у шеър илмини ўрганишга, аруз ўқишга киришади”, деган эди. Аруз илмига бўлган эътибор ҳамма замонларда ҳам юксак бўлган. Буюк шоир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек забардаст мумтоз шоирларнинг бадиий ижод, давлат ишларидан ортиб, аруз тўғрисида илмий рисолалар ҳам яратишларига ана шу эҳтиёжлар сабаб бўлган, албатта. Аруз илмини ўрганиш бу вазнда яратилган катта хазина мумтоз шеърият ва достончиликни ўрганиш демакдир. Аруз вазнининг хусусиятлари унда яратилган асарлар руҳиятига ҳам сингиб кетган бўладики, асарнинг мазмуни ҳам арузда танланган вазннинг силсиласига боғлиқ. Шоҳлар ҳақидаги достонларнинг мутақориб вазнида ёзилишини мутақориб баҳрининг жанговар руҳга яқинлиги билан изоҳлайдилар. Кўп йиллар мамлакатни бошқарган Ҳусайн Бойқаро битта вазн – рамали мусаммани маҳзуф вазнида гўзал ғазаллар битгани ва девон тартиб берганини биламиз. Чиндан ҳам, ўзбек тилида аруз вазнида шеърлар битишда тилимизнинг фонетик хусусиятлари тақозоси билан кўпинча рамал баҳри, яъни фоилотун рукни қўлланади. Шоир Эркин Воҳидов ҳам асосан ана шу рукнда ғазал битган.

Биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг ҳам “Аруз ҳақида” номли рисола-дарслик яратишига улкан адабий меросдан баҳрамандликка бўлган интилиш сабаб бўлганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Демакки, XX аср бошларида ҳам илм толиблари учун арузга оид китоб яратилишига эҳтиёж бўлган. Фитрат ўз китобида тартиб-қоидаси тўғрисида тўхталган вазнларга Усмон Носир, Ғафур Ғулом шеърларидан мисоллар келтиргани, вазнлар учун мисоллар топилмаганда эса, ўзи байтлар ёзиб киритгани ва “санъатсиз байтлари” учун узр сўрагани унинг ўз даври талабаларининг арузни қандай чуқур ўрганишини истаганини англаш мумкин.

Шуниси ажабланарлики, ёш шоир Усмон Носирнинг ғарб тажрибаларидан илҳомланиб ёзган “Юрак” сонети, айрим шеърлари ҳам арузда битилган.

 

Юрак, сенсан, менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг,

Кўзимга ойни беркитдинг,

Юрак, сенсан, ишқибозим.

 

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчим тошди қирғоқдан,

Тилим чарчар, ажаб, гоҳи,

Сени таржима қилмоқдан.

Сонет сўнгги сатригача арузнинг ҳазажи мураббаи солим вазнида битилган. Биргина ишқибоз сўзида ҳам, эҳтимол ўқилиши билан боғлиқ сўз созлаш мавжуддир.

Ўтган асрда адабиётшуносларимиз Алибек Рустамов, Анвар Ҳожиаҳмедовларнинг арузга оид дарсликлари қандай қимматли манбалар бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Бироқ ўкинч билан айтиш мумкинки, жуда кўп сонли она тили ва адабиёт муаллимларимиз аруз илмидан бехабарлик нуқтаи назаридан уни мактаб ўқувчиси учун мураккаб санаб, доимо дастурдан олиб ташлашни талаб этишади ва маълум маънода бунинг уддасидан ҳам чиққанлар. Натижада мактабларда ўрганилаётган мумтоз шеърият намуналари мазмун жиҳатдангина ҳаминқадар ўрганилиб, ғазал ва бошқаларнинг оҳанглари билан боғлиқ шеърий санъатлар четда қолмоқда. Мумтоз шеърият жозибаси эса, аниқки, ёш авлод қалбига етказилмаётир. Ўқувчилар Алишер Навоийдан тортиб, Муқимийгача мумтоз шеъриятни худди бармоқ вазнидаги каби ўрганишмоқда. Айниқса, кейинги даврда ёзилган ғазаллар сўзлари тушунарли ва равон бўлгани учун ҳам бармоқ вазнида ёзилгандек ўқилаверади. Бугунги кун ўқувчиси, ҳатто кўпсонли ўқитувчиларга Эркин Воҳидовнинг “Инсон”, “Ўзбегим”, “Рашким” каби шеърларининг ғазал эканини айтсангиз, ҳайрон қолишлари мумкин. Шу маънода ҳар бир синфдан, ёки олайлик ҳар бир мактабдан саноқли бўлса ҳам мумтоз шеъриятнинг арузий жилолари, унинг сирларини ўрганишга саъй қиладиган ёшларни йўқотиб қўяётирмиз.

Ана шундай бир шароитда ижод аҳли орасида арузда қалам тебратиб келаётган замондошлар бор ва кўп экани жуда қувонарлидир. Улар ижодидан сараланган “Ғазал ғизоли” тўпламининг тақдим этилиши айни муддао ва жароҳатга малҳам бўлди.

Китобга жамланган ғазалларни мутолаа қилар эканмиз, табиийки, тоза туйғуларнинг байтларга маржондек тизилиши кўнгилларга фараҳ бахш этади. Яхши томони шундаки, китоб орқали Жамол Камол, Исмоил Маҳмуд, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Хуршида Ваҳобжон қизи, Дилором Эргашева, Шоира Шамс, Рустам Мирвоҳид, Алишер Муқимов каби ўз ғазалиётини мухлисларга тақдим этиб келаётган турли ёшдаги шоирлардан ташқари, теран ифодалар, бетакрор топилмаларни арузда ифода этган кўплаб шоирлар ижоди билан танишиш мумкин. Ғазалхонларимиз камтарин, тўпламлари ҳар ерда кўринавермайдиган ғазалнавислар – Бахтиёр Набихон ўғли, Султонмурод Олим, Толибжон Рўзибоев, Сулаймон Ҳайдаров, Азизбек Ҳакимов, ёш шоирлар Орифжон Комилов, Алишер Сабрий, Анвар Ботир, Ситора Шомуродова ва бошқаларнинг девонларини ахтариб қолишлари аниқ.

      Китобдан ўрин олган Бахтиёрхон Набихон ўғлининг пандона бир ғазалида:

      Мен ўлиб бир кун қучоғим қўмсасанг, эй навқирон,

      Ўқибон бағрингга бос, шеърим қучоқ бўлсин, болам.

деган байтлар бўлса, яна бир ғазалида қуйидаги чин насиҳатлар борки, бу ғазалларни фарзандлар ёд этиб юришларига шубҳа йўқ:

      Бўлса отанг хона ичра, чиқмагил том устига,

      Этмагил рад, навқирон, ёзма алиф лом устига.

 

      Ҳурмат эт отангни ҳатто тўрдаги бўш ўрнини,

      Қуйида ўлтирганинг икром икром устига.

 

Йирик носир Боқий Мирзони китоб дўконларида ҳамиша романларини учратишимиз мумкин бўлган носир сифатида таниймиз. Аммо ижодкорнинг ғазалиёти ҳам анча кўркам эканини ушбу тўплам орқали билиб олдик. Унинг қуйидаги

 сатрлари ҳам кишини ўйлантиради, яхши ўгит беради:

Бағрикенг бўлсанг нетар, сен ҳам яша, мен ҳам яшай,

Ҳаммага дунё етар, сен ҳам яша, мен ҳам яшай.

 

Қайга элтгаймиз жаҳонни бир-бировдан қизғониб,

Дун қолур, бизлар ўтар, сен ҳам яша, мен ҳам яшай.

 

Ҳали ёш бўлса-да, мумтоз бадиият малоҳатини англаб, уни чин кўнгил билан мутолаа этган ва айрим тақлидоҳанг битилган ғазаллардан фарқли, ўзининг ҳеч кимникига ўхшамаган ташбеҳларини ҳавола этаётган шоирларнинг ҳам кўплари билан ушбу баёз орқали танишиш мумкин. Шундайлардан бири фарғоналик шоир Акбарали Мирзаевнинг “Ўхшаш” радифли ғазалида инсонларда учрайдиган норасоликлардан астойдил ранжиган шоирнинг куйинишларига гувоҳ бўласиз:

 

 

 Шафақнинг оташин ранги дилимнинг рангига ўхшаш,

Ғамим бир куй чалар, ғижжак ва най оҳангига ўхшаш.

 

На йиғларлар висол истаб, на ишқ истар бу бедиллар,

Кибр босган юракларким, темирнинг зангига ўхшаш.

 

Чиқармас қатра ҳам кўзлар, ахир кўзёш ювар қалбни,

Юракмас бу юраклар, тоғни муштдек сангига ўхшаш...

 

Шоирнинг изтиробли ёзғиришлари ҳақли. Шундай одамийликка оид дардларни ғазалга солмоқ ҳам ҳаммага насиб эмаслигини ўйлаб, ғазал давомини, шоирнинг бошқа шеърларини ўқишга тутинасиз беихтиёр.

Самарқандлик шоира Ситора Шомуродованинг ғазаллари ҳам ўзига хос ва гўзал.

Муҳаббат бу – маним очган вале ёпмас китобимдир,

Юзин ифшо этиб аввал, кейин пинҳон, ҳижобимдир.

 

Жунунлик тушди бу жонга, юрак тўлмиш қаро қонга,

Тасанно айтсам имконга, ажаб, дийдор саробимдир.

 

Самарқандлик яна бир шоир Алишер Сабрийнинг байтлари ҳам ўзига хос бўлиб, кишини мафтун этади. Шоир бир ғазалида Абдулла Қодирий ғазалига тазмин битади:

Нигоро, телбалар қилдинг, ғарибингни десам айтур,

“Фунуни тибда мажнундир кишининг куйса сафроси”.

Бу ўзига хос тазмин ғазал истеъдодли бир ғазалнавис етишиб келаётганидан дарак беради. Ҳали у мумтоз жанрларда ўз айтар сўзини айтади, деган яхши умид пайдо бўлади кўнгилда.

      Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳасида кўп йиллардан бери биринчи марта арузий девон чоп этилди. “Улғайиш” номи билан. Унинг муаллифи Анвар Ботир ғазаллари янада яхшироқ муждалар беради ўқигувчига. Ғазалларидан бирида у шундай ёзади:

      Ёр агар ёнимдасан, бас, ёшларим кўздан кетур,

Бу билан бебошу тош кўнглум эриб, муздан кетур.

     

      Кетмасин дейди хаёлим, қолсам олдимда олиб,

Арзи ҳол қилсам демасму: “Бул ғариб ўздан кетур!”

 

Албатта, аввал оҳанг, шеърий ритм яралган, кейин эса унинг илми. Яъники, бадиий адабиётни аниқ қолипларга, аниқ жанрларга солиш шартли бўлиб, бу адабиётни ўрганишга хизмат қилади холос. Бироқ ҳеч бир асар қоидалардан келиб чиқиб яратилмайди. Шу маънода бугун “фоилотун”, “мафоийлун” дея араб тилидаги “фаала” ҳаракат феълининг бўғинлар сифатига кўра ўзгартириб тақтени номлашга қўлланадиган шаклини ёддан билмаслик катта фожеа эмас. Энг муҳими, лирик оҳангни қалбан ҳис қилиш. Бугун чизмаларни битталаб чизиб чиқмасалар-да, арузда оҳанглар ёрдамида бетакрор ғазаллар битаётган шоирларимиз жуда кўп. Мақсад улар яратган арузий оҳангдаги асарларни тўплаш, китоб ёки баёз ҳолида китобхонларга тақдим этиш, бу билан мумтоз шеърият давомчиларини қўллаб-қувватлашдир.

 Китоб ўз вақтида тўпланди ва адабиётимиз тарихига айланиб бораётган арузнинг мангу ва ўлмас оҳангларини юракларимизда садолантирди. Шоядки, бугунги кунда филология йўналишларида таҳсил олаётган талабалар томонидан “Замонавий шоирлар ижодида аруз вазни” ва шу каби катта тадқиқотларга таянч бўлиб хизмат қилса.

Албатта, бир китобни тартиб бериш осон иш эмас. Унга катта меҳнат сарф этилади. Бироқ девон тартиб беришнинг шарқда маълум ва қатъий бир қоидалари борки, буни ҳар қандай тўпламда кўзда тутмоқ лозим бўлади. Ҳажман катта бўлмаган китобга ҳар бир шоирдан бештадан ғазал киритилган экан, муаллифлар ҳақида ярим, бир, ҳатто бир ярим бетгача маълумотлар келтирилиши тўғри бўлмаганини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бундай тўпламга муаллифнинг суратигина етарли ёки маълумот жуда қисқа, икки-уч қатордан ортмаслиги керак бўлади.

      Биз китобни нашр этишда меҳнати сингган барчага миннатдорлик билдириб қоламиз. Бу каби баёзлар ҳар йили чоп этилса, мақсадга мувофиқлик ва арузда ижод қилувчи шоирларни қўллаб-қувватлаш бўлар эди.

Баёз муаллифларининг маълум қилишларича, “Ғазал ғизоли”нинг тақдимоти яқин кунларда ноанъанавий тарзда – шоирлар, олимлар ва ҳофизлар иштирокида ўтиши режалаштирилаётган экан. Бу янгиликни эшитгач, тақдимот жойи ва куни жамоатчилик орасида кенг эълон қилинишини кутмоқдамиз. Ахир, шундай алғов-далғовли, югурик замонда дафъатан бир “нафис мажлис”га тушиб қолсангиз ва у ерда мумтоз сўз созга уланиб турса, бир китоб байрами ўтказилса, қандай яхши.

   

Маъмура Зоҳидова,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси