Бадиий асарни бошқа тилга ўгирганда уни ўзга миллат китобхонига борича, худди муаллиф тасвирлаганидек етказиш таржимондан катта масъулият ва машаққат талаб этади. Айниқса, бошқа тилда айнан муқобили мавжуд бўлмаган сўзларни тавсифлашда таржимон ўта эҳтиёткор бўлиши лозим. Уларнинг ўрнига ҳолатни тўлиқ очиб бермайдиган сўзларни қўллаш ёзувчи тасвирлаган ҳиссий жозибадорликнинг йўқолиши, ҳатто, бутун бир асар идеалогиясига путур етказиши ҳеч гап эмас.

Сўнгги йилларда ўзбек таржимонлари томонидан ҳорижий тилларга ўгирилган бадиий таржималарнинг жиддий танқидга учраётгани боиси ҳам шундан. Уларнинг аксариятида бадиий тасвир воситалари етишмайди. Луғатларда берилган одатий сўзлардан фойдаланиб қилинган бундай таржималар асар руҳиятини бера олмаётгани ачинарли ҳол.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 декабрда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташрифи чоғида мазкур масаланинг инновацион ечими сифатида филология фанлари номзоди Гулноза Одилованинг “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон поэтик луғатини яратиш” лойиҳаси тақдим этилди. Инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвирини ўзида жамлаши кўзда тутилган поэтик луғат лойиҳаси тўлиқ қўллаб-қувватланиб, уни амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 600 миллион сўм маблағ ажратилди.

— Бадиий асар таржимонининг асосий қуроли поэтик луғат ҳисобланади. Унда икки тилдаги бадиий тасвир воситалари таржимаси берилиб, таржимонга нафақат асар сюжетини очиш, балки ундаги бадиийликни китобхонга етказишда кўмак беради, — деди лойиҳа муаллифи Гулноза Одилова. — Боиси, ҳар бир бадиий асарда воқеалар кетма-кетлигидан ташқари, ёзувчи услубига хос бўлган бадиий ифодалар, тасвир воситалари бўладики, таржима тилини пухта ўзлаштирган таржимон ҳам уларни бошқа тилда қайта яратишга қийналади. Масалан, биргина кўз сўзини оладиган бўлсак, шахсан ўзим замонавий ва мумтоз адабиётдан жами 66 та кўз тасвирини тўплаганман. Аммо анъанавий луғатда кўз сўзи инглиз тилида фақат “еуе” тарзида берилади. Уларда оҳу кўз, сўлғин кўз, айёр кўз ва бошқаларнинг изоҳи келтирилмайди. Ваҳоланки, инглиз адабиётида ҳам турли маъноларни берадиган кўз тасвирлари бор. Электрон поэтик луғатни яратишдан мақсадимиз уларни бир ерга жамлаб, бадиий адабиёт таржимасини янги босқичга кўтаришдан иборат. Афсуски, бугунги кунда бадиий таржима билан шуғулланувчилар учун анъанавий ўзбекча-инглизча луғатлардан бошқа қўлланма мавжуд эмас. Биз ана шу бўшлиқни тўлдиришни ҳам олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Айтиш жоизки, бундай ноёб луғат жаҳонда саноқли давлатлардагина бор. МДҲ давлатлари орасида эса мутлақо учрамайди.

Ўзбек тили корпусини яратиш лозим

Бадиий асар таржимасида китобхонга маълум бўлмаган ўта нозик ва сермашаққат жиҳатлар кўп. Сўз ва сўз бирикмаларининг аслий ва маъновий таржимасидаги мавжуд фарқлар ва уларнинг асарда ижодкор томонидан усталик билан ишлатилиши асар тилида сўзлашадиган халқ, унинг маданияти, турмуш тарзи, кундалик ҳаёти билан  яқиндан таниш бўлмаган таржимон учун турли мураккабликларни келтириб чиқариши, бунинг оқибатида, асарнинг мазмуни ўқувчига қисман бўлсада бузилган ҳолда етиб бориши мумкин.

Узоқ йиллардан буён талабаларга таржимашуносликдан дарс бериб келаётган Гулноза Одилованинг ўзи ҳам ўзбек тилидан инглиз тилига таржималар қилиш билан бирга, юқоридаги каби муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилиб боради. У ўзининг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини 100 дан зиёд илмий мақолалар, 2 та ўқув қўлланма ва 1 та монографияси орқали изоҳлаб ҳам берган.

— Бадиий асарнинг бир варағини таржима қилиш, ундаги бадиий тасвир воситаларининг бошқа тилдаги муқобилини топиш учун таржимондан соатлаб изланиш, катта меҳнат ва сабр талаб этилади, — деди Гулноза Одилова. — Афсуски, бунга кўпчиликнинг хафсаласи етмайди. Шу боис, бугун чоп этилаётган ўнлаб таржима асарларда фақат оддий луғатлардан фойдаланилаётгани хисобига бадиий тасвир воситалари деярли учрамайди. Уларда фақат воқелик, сюжет таржима қилинади, холос. Чунки таржимон кўпинча бадиий тасвир воситаларининг инглиз тилидаги маъно муқобилини топишга эринади, вақтини қизғонади. Ваҳоланки, бадиий асарнинг қиймати ундаги бадиий тасвирлар билан белгиланади. Яна бир жиҳати, асарда учта бадиий тасвир бўлади — қаҳрамонлар  портрети, табиат тасвири, ҳар бир миллатнинг ўзига хос бўлган миллий тушунчалар. Масалан, Ўткир Ҳошимовнинг бир асарида “тугундаги тўн ва дўппи эканлигини кўриб, юрагимиз эзилди” дейилади. Муаллиф бу орқали ўша қаҳрамон вафот этганига ишора қиляпти. Асарни инглиз тилига таржима қилган таржимон эса тўн ва дўппи сўзларининг таржима муқобилини олиб, тўғридан-тўғри бериб қўйган. Бунда қаҳрамоннинг юраги нима сабабдан эзилганини инглиз китобхони тушунмай қолади. Бизда бадиий тасвир ифодаларининг базаси йўқлиги боис, бошқа таржима асарларда ҳам шундай чалкашликлар юзага келяпти. Шу жиҳатдан, мазкур  яратилаётган поэтик луғат бадиий асарлар таржимаси сифати ва салмоғига таъсир кўрсатиб, уларнинг  ўзига хос нозик қирраларини очиб беришда  таржимон учун яқиндан кўмакчи бўла олади.

Тақдимоти келаси йилнинг июль ойига мўлжалланган инновацион поэтик луғатнинг икки боби ҳозирда тўлиқ якунига етказилди. Инсон қиёфаси ва феъл-атвори тасвирига бағишланган биринчи бобдан жами 4 231 та бадиий тасвир воситалари жой олган. Сўзлар замонавий ўзбек адабиётидаги 200 дан зиёд бадиий асарлардан, ушбу тасвирларнинг инглиз тилидаги маъно муқобиллари эса шу тилдаги бадиий китоблардан йиғиб чиқилган. Табиат тасвиридан иборат иккинчи бобда ўзбек ва инглиз тилидаги шу мавзуга оид 3589 та бадиий тасвир воситалари жамланди. Айни пайтда луғатни яратиш жараёнларига жалб этилган филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев, филология фанлари доктори Жамила Жумабоева, филология фанлари доктори Нилуфар Сагдуллаева, IT  соҳаси бўйича техника фанлари номзоди Ботир Элов ва ёш тадқиқотчилардан иборат жамоа учинчи боб —Миллий тимсоллар боби устида  изланиш олиб боряпти.

Аввалги бобларда сўзлар битталаб йиғилиб, инглиз тилидаги маъно муқобиллари топилган бўлса, охирги бобда фақат ўзбекларгагина хос бўлган бадиий тимсоллар ҳақида гап боради. Бешик, чимилдик ва бошқа минглаб сўзлар ўхшашлигига кўра бўлимларга ажратиб чиқилган. Лойиҳа муаллифининг айтишича, бу сўзларнинг инглиз тилида маъно муқобили бўлмагани боис, транслитерация усулида таржима қилинади. Яъни сўз ўз номи билан берилиб, унга ёнма-ён тарзда инглиз тилидаги изоҳи тавсифланади. Бу унинг асл маъносини йўқотмаслиги ҳамда бошқа замонавий сўз билан берилмаслигининг олдини олади.

Луғатни яратишда мутахассислар аввал рўйхат тузиб, шу асосида сўзларни қидиргани, бунинг учун юзлаб бадиий асарларни ўқишига тўғри келганининг ўзиёқ жараённинг осон кечмаганини билдиради.

— Биз поэтик луғатни яратишда замонавий ўзбек адабиётининг катта-катта бадиий асарлари, ўзбек ҳикоялар тўплами антологияларига мурожаат қилдик ва янги сўзларни топиш мақсадида ҳар бир асарни ўқиб чиқишимизга тўғри келди, — деди Гулноза Одилова. — Сўнг худди шу сўзларнинг муқобил вариантлари инглиз тилида изладик. Биз қидирган сўзнинг инглиз тилида бир нечта варианти чиққан ҳолларда маъно жиҳатидан энг мосларини танлаб олдик. Жараёнда айниқса, миллий характерни очиб берувчи андиша, самимият, бағрикенглик каби сўзларнинг муқобилини топишда қийинчиликлар бўлди. Боиси, бизда кўпроқ қаҳрамонларнинг руҳий олами тасвирланса, уларда жисмоний сифатларига урғу берилади. Шунга қарамай, барча сўзларнинг маъно жиҳатдан мосларини топишга эришдик. Чунки инглизларда тил корпуси шакллантирилган бўлиб, сўзларни излаш учун Англия кутубхонасига кириб, ҳар бир бадиий асарни титкилашга ҳожат йўқ. Уларда барча сўзлар интернет тармоғига жойлаштирилган инглиз тилининг тил корпусида жамланган. Биргина кўз сўзини қидирувга берсангиз, шу сўз қатнашган 60 минг хил матн чиқиб келади. Афсуски, бизда ана шундай базанинг йўқлиги, ўзбек тили корпусининг шаклланмагани туфайли бадиий асарлар таржимасида оқсаш кузатилмоқда.

Ноёб луғат хорижликларда қизиқиш уйғотмоқда

Ҳозирда замонавий технологиялар ривожлангани боис, муаллифлар поэтик луғатни қоғоз кўринишида эмас, электрон шаклда яратишни афзал кўрди. Бунинг учун махсус веб-сайт ишга туширилиб, унга бадиий таржимага оид бошқа луғатлар, мавзуга доим йирик мақолалар, видеодарсларни ҳам киритиш мўлжалланган. Ўзбек-инглиз тилида яратилаётган мазкур электрон поэтик луғатда фойдаланувчи сўзларнинг шунчаки таржимасини эмас, балки ўзбек ва инглиз тилидаги изоҳи, ҳар икки тил адабиётидан ана шу тасвир воситаси иштирок этган бадиий асардан мисоллар, унинг моҳиятини таржимон тасаввур қилишида кўмаклашувчи фотосурат билан бойитилган контентни кўриш мумкин бўлади.

Сайтда “таржимон кундалиги” рукни учун махсус жой ажратилади. Унда исталган таржимон мавжуд сўзларнинг муқобилларини таклиф қилиши, янги сўзларни қўшиш орқали луғат банкини бойитиб боришининг имконияти яратилади. Кейинроқ электрон луғатнинг мобиль иловасини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган.

Ноёб поэтик луғатни яратиш жараёнларига хорижлик мутахассис, Малта давлат университети Бадиий таржима кафедраси мудири, профессор Серхио Портелли ҳам консултант сифатида жалб қилинган бўлиб, мутахассисга сўзларнинг инглизча изоҳларини кўриб бериш вазифаси юклатилган. Дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд бундай луғат Портеллида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. У келажакда мамлакатида ана шундай поэтик луғат яратиш ниятида.

Таржимашунослик соҳасида янгилик бўлиши кутилаётган мазкур поэтик луғат нафақат юртимиз, балки хорижлик таржимонлар учун муҳим қўлланмага айланиб, лойиҳа келгусида ўзбек тилининг жаҳондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири