Божхона қўмитаси жорий йилнинг 22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда юртимизга ноқонуний равишда олиб кирилаётган пиротехника воситалари юзасидан билдирилган эътирозларга нисбатан қуйидагиларни маълум қилади.

Божхона органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 67 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 1 млрд 55 млн сўмлик 830 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишган ҳамда ашёвий далил тариқасида олиб қўйишган.

Шунингдек, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар бўйича жорий йилда 10 та ҳолатда божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, хонадон ҳовлисида қиймати 407 миллион сўмлик 2 турдаги жами 5 мингдан зиёд пиротехника воситалари борлиги аниқланди. Яна бир ҳолатда, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.Н. томонидан “шартли харидор”га 9 дона картон қутиларда ва 1 дона полиэтилен пакетда бўлган, умумий қиймати 100 млн сўмлик, 264 минг дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 110 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Аниқланган ҳолатлар таҳлил қилинганда, бу турдаги воситаларни асосан божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар, мураккаб жойлашувга эга чегарадош ҳудудлардан олиб ўтишга уринишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 1 декабрдаги 724-сон қарорига мувофиқ, хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланган.

“Шу ўринда юртдошларимиздан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига доир ҳолатлар юзасидан божхона органларининг 1108 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишларини сўраймиз. Мурожаат қилган шахснинг анонимлиги кафолатланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.