Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган Ўзбекистонда савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳалар билан бирга маънавий-руҳий тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки маънан баркамол шахсни тарбиялаш ўзбекнинг тийнатида, табиатида азалдан бор. Маънан юксакликнинг бош белгиларидан бири эса она тилига ҳурмат-эҳтиромда намоён бўлади, давлат тили талабларига риоя этишда кўринади. Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга жиддий киришилган. Чунки тил масаласи умуммиллий, шу билан бирга, доимий долзарб масаладир. Агар миллий тил йўқотилса, миллат барҳам топади, давлат тили бой берилса, давлатчилик ютқазилади.

Президентимизнинг БМТ юбилей сессиясида Ўзбекистоннинг сиёсий иродасини ўзбек тилида билдиргани мамлакат раҳбарининг давлат тилига бўлгани ҳурматининг амалий ифодаси бўлди. Ушбу маърузани нафақат ўзбекистонликлар, балки дунёнинг турли ҳудудида яшовчи миллатдошлар, бошқа туркий қавмлар ҳам жуда интиқ кутди, жуда илҳақ эшитди, жуда илиқ баҳолади. Туркий дунёнинг нуфузли нашрларида бу ҳақда ёзилди. Дунёнинг машҳур сиёсий арбоблари ўзбекча оҳанг, ўзбекча ифодани Президентимиз нутқида туйди. Долзарб сиёсий масалаларни Ўзбекистоннинг давлат тилида муҳокамага қўйиш мумкинлигини, ўзбек тили бунга имкон бера олишини билди.

Давлат суверенитети, мустақиллиги, умуман, мамлакат мавжудлигининг ўз шартлари бор. Муайян ҳудудий яхлитликка эга бўлиши ва чегараларининг дахлсизлиги, ўз конституцияси, байроғи, герби, мадҳиясининг мавжудлиги шулар жумласидандир. Давлат тили ҳам ушбу рамзлар қаторида туради. Чунки ўзини мустақил санаган мамлакатнинг номи ўша ҳудуднинг давлат тилида эълон қилинади. Ўзбекистон — ўз она тилига давлат тили мақомини мустақилликдан аввалроқ бера олган, истиқлолга тил мустақиллиги билан қадам қўйган мамлакат. Албатта, бу мақом не-не муҳокама-тортишув эвазига қўлга киритилганини унутмаслик керак.

Ҳар бир мамлакат ўз давлат тилини ривожлантириш, уни амалиётга тўла татбиқ қилиш бўйича ишларни мунтазам амалга ошириб боради. 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармоннинг тарихий аҳамияти шундаки, у халқимизнинг кўп асрлик илмий, маданий, маърифий ва бадиий тафаккурининг маҳсули бўлган ўзбек тилини тарғиб қилишга, мавқеини мустаҳкамлашга йўл очди. Ушбу фармон билан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Департамент ҳузурида Атамалар комиссияси таъсис этилди. Вазирлик ва идоралар, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларида давлат тилида иш юритишни тартибга солиб турадиган маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинди. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида давлат тилида иш юритишни ўргатадиган марказ ташкил этилди ва бу марказнинг ҳар бир вилоятда филиаллари иш бошлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги “Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида социолингвистика бўлими ташкил этилди. Мазкур бўлим тил ва жамият муносабати, давлат тилининг жамиятда тутган ўрни, давлат тилини амалиётга кенг жорий этиш муаммолари, давлатнинг тил сиёсати, Ўзбекистонда бошқа тилларнинг қўлланиши ва ривожланиши учун қандай шароитлар яратилиши кераклиги каби масалаларни илмий ўрганади, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқади.

Социолингвистика бўлимида шу кунларда институт тилшунослари билан ҳамкорликда “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасининг такомиллаштирилган нашри тайёрланди ва “Ўзбекистон” нашриётида кўп минг нусхада чоп этилди. Мазкур қўлланма давлат тилида иш юритишнинг барча томонини қамраб олган. Унда ариза ёзишдан тортиб дипломатик ёзишмалар олиб боришнинг, тилхатдан тортиб ишончнома ёзишнинг йўл-йўриқлари тушунтирилган, улардан намуналар берилган.

Бугун социолингвистика бўлимида лотин ёзувида саводхонликни ошириш мақсадида 30 мингга яқин сўзнинг тўғри ёзилишини қамраб олган “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” тайёрланиб, нашриётга топширилди. Қолаверса, 90 мингга яқин сўзнинг тўғри ёзилишини кўрсатиб берадиган ягона “Ўзбек тилининг имло луғати”ни тайёрлаш ишлари ниҳоясига етмоқда. Ушбу имло луғатлари бошқа мавжуд луғатлардан кўплаб жиҳатлари билан фарқ қилади. Биринчидан, ҳар икки имло луғатига салмоқли миқдорда янги сўзлар киритилган; иккинчидан, sentabr, oktabr, budjet, rejissor тарзида ғалат ёзиб келинаётган сўзлар талаффузимизга мослаштирилган. Чунки бугун инсоният Марсни макон тутиш илинжида коинотни забт этаётган, 7 ёшли бола хитой тилини ўрганиб олаётган бир пайтда биз ўзбек sentyabr, oktyabr, byudjet, rejissyor тарзида талаффуз қилолмайди, деб юришимизнинг ўзи ғалатдир. Ўйлайманки, бу каби тадқиқотлар давлат тилини ривожлантириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Бугун миллий тилларнинг софлигини сақлаш, ҳар қандай хуружлардан асраш, айниқса, постсовет давлатларда долзарб муаммога айланди. Ҳатто жаҳон тилларидан бири бўлган рус тилида ҳам, қондош, қардош қозоқ ва қирғиз тилларида ҳам инглизча сўзларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётгани бор гап. Тилшунос Нина Валгинанинг рус тилига инглизча атамалар кириб келишидан ёзғириб, бундай ўзлашмаларни “олинма сўзлар талотўпи”га ўхшатгани бежиз эмас. Рус тилидаки бегона сўзлар кўпаяётган, тилшуносларни хавотирга солаётган экан, биз ҳам ўзбек тили софлигини сақлашдек ишларни мунтазамлаштиришимиз, давлат тилининг нуфузи ва мавқеини оширишдек ишларда ғайрат қилишимиз керак.

Ўзбек тилининг софлигини сақлаш, уни ёт унсурлардан ҳимоя қилиш муддаоси бугун ҳар бир ўзбекда бўлмаса-да, бор. Миллатпарвар зиёлилар, ўзини, ўзлигини таниган юртдошларимиз аксариятининг кўнглидан шундай ўтиб турибди. Чунки улар бугун бефарқ эмас. Телевидение, радио, ижтимоий тармоқларда тил масаласи боб-бот тилга олинмоқда, миллий тилимизни бойитиш, ривожлантириш бўйича таклифлар, тавсиялар билдирилмоқда. Бу ҳам яхши, бу ҳам керак. Аммо давлат тили дегани фақат пешлавҳалардаги ёзувлару бир-икки ёш-ялангнинг тилини унутиб қўяётгани ҳам эмас. Давлат тилини амалий ҳаётимизга жорий этиш борасида салмоқли ишлар бажарилгани ва бажарилаётганини ҳам унутмаслик лозим. Масалан, давлатнинг куч тузилмалари ҳисобланадиган Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлигидек авваллари тамоман русча иш юритадиган ташкилотлар фаолиятига ўзбек тили давлат тили сифатида кириб борди, ўз ўрнини топди. Диссертациялар ўзбек тилида ёзиладиган, ёқланадиган бўлди. Хуллас, саноқни яна ва яна давом эттириш мумкин.

Бугун телевидение ёки радиода давлат тилининг обрўсини кўтариш борасида гап кетганда, аксар ҳолларда кўча-кўйдаги ёзувларнинг ажнабий тилда экани, ёшларнинг она тилига беписандлиги, фикрини давлат тилида эркин, лўнда ифода эта олмаётганидан ёзғирилади. Бу — бор гап, аммо кишини оғринтирадиган томони фикр билдирувчиларнинг давлат тилидек катта тушунчани фақат шу ҳолатида тасаввур қилаётгани, тушунаётганидир. Менимча, муаммони бу тарзда кўрсатиш, таърифини келтириб санайвериш, муаммонинг сабабига таъсир этишни четга суриб қўйиб, айбдорни топишдек муддао билан майдонга чиқавериш билан иш битмайди. Мабодо шундай бўлганида, бугун бизда давлат тилининг нуфузи, амалиётга жорий этилиши борасида бирорта муаммо бўлмас эди.

Муаммонинг туб сабаблари турлича.

Биринчидан, ўзга тилни афзал кўраётган, ўзбекча гапира олмаётган фуқароларимиздаги маънавий ўлчов кичик. Шу даражадаки, улар чет тилида сўзлашни маданиятлилик белгиси деб ҳисоблайди. Биз ишни юртдошларимиз, миллатдошларимизнинг шуурига тортилган “парда”ларни (бунинг сабаблари кўп, албатта) олиб ташлаб, маданиятлилик, маънавиятлилик аслида кишининг она тилига ҳурмати билан белгиланишини, давлат тилига беписандлик ҳамма замон, ҳамма жойда маданиятсизлик, маънавиятсизлик саналишини тушунтириш, бундай ўгитни болаликдаёқ болалар қулоғига қуйишимиз керак.

Иккинчидан, оилада тил тарбиясининг нотўғри йўлга қўйилгани, лисоний муҳитнинг ўзбекча эмаслигидир. “Қуш инида кўрганини қилади”, дейилгани бежиз эмас. Ота-она тутумининг ғарбчалиги, нутқининг қурамалиги ёки муомалада ёт тилни афзал кўраётгани фарзандни ҳам шундай тутумда яшашга, шундай лаҳжада чулдирашга ўргатмоқда. Бундай муҳитда ўсаётган бола оламни ўта миллий андазада эмас, ўта ғарбча ёки қурама лисонда англашга одатланмоқда. Агар ота-она фарзандига миллий тутум, миллий тил намунасини кўрсата билса, болада миллий тутум, миллий тилда сўзлаш лаёқати шаклланади.

Учинчидан, узоқ йиллар давомида давлат тилида иш юритишни барча учун бирдек заруратга айлантира олмадик. Давлат тили талабларини бир чеккага суриб қўйсак ҳам, давлат тилида ёзмасак, гапирмасак ҳам мушугимизни биров пишт демади. Аксинча, айрим корхона ва ташкилотларда ишлаш, ишга киришда давлат тилини пухта билганлик учун эмас, чет тиллардан бирини эгаллаганликка эътибор берилди, бу алоҳида ютуқ сифатида тушунилди.

Давлат тилини билиш, давлат тилида иш юритишни заруратга айлантириш керак, дейишимизнинг энг содда тавсифи шуки, агар сиз давлат тилида иш юритмасангиз, ёзмасангиз, гапирмасангиз бўлмайди. Қўполроқ қилиб айтганда, ишингиз битмайди. Зарурат эҳтиёжни келтириб чиқаради. Бу давлат тилини амалий ҳаётимизнинг энг зарурий воситасига айлантиради-қўяди. Дунёнинг қайси давлатига борманг, яшаманг, аввало, ўша давлатнинг тилини ўрганмасангиз, кунингиз ўтмайди. АҚШ ёки Хитойни қўя туринг, қардош Туркияда ҳам камида турк тилида гапиришни ўрганиб олгачгина ишингиз юришади. Ҳаётий вазият, табиий муҳит сизни туркча гапиришга мажбур қилади. Чунки керак экан, болалар япон, хитой тилларини ўрганиб, бийрон гапирмоқда. Керак эканки, бугун миллатдошларимиз инглиз тилини ўрганиб, океанортида тирикчилик қилиб юрибди.

Хулоса шуки, давлат тили — Ўзбекистон деган ўтмиши буюк мамлакатнинг тили. У қонун билан ҳимояланган. Бу тилнинг қонуний талабларига барча бирдек риоя этиши шарт, унга беписандлик — давлатга беписандлик. Демак, ёшу қарининг шуурига она тилининг муқаддаслиги, жуда зарур миллийлик эканини сингдира олсак, ўқувчиларда тил таълими орқали ўзбекона лутф малакасини шакллантира билсак, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фақат ва фақат давлат тилида иш юритиш кераклигини, чунки давлат тили миллатидан қатъи назар, барчани Ўзбекистон халқи сифатида бирлаштиришини англасак бўлди, марра бизники.

Ёрқинжон ОДИЛОВ,

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

институти бўлим мудири,

филология фанлари доктори