Бир гуруҳ топографлар, олимлар ва спортчилар, жумладан француз биатлончиси Мартен Фуркад 14-16 сентябрь кунлари чўққининг баландлигини ўлчаш ишларида иштирок этишди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тоғ чўққисининг баландлиги 4805,59 метрни ташкил қилади.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, унинг баландлиги ўзгариб туради, аммо ўтган ойдаги натижа рекорд даражадаги энг паст кўрсаткичдир. 2001 йилда баландлик 4810,40 метрни ташкил этган бўлса, 2019 йилгача у 4808 метрдан пастга тушмади. 2019 йилда тоғ чўққиси 4806 метргача пасайди. Қояли қисмнинг баландлиги қор қопламини ҳисобга олмаганда 4792 метрга етиши айтилди.
Қор қопламининг қалинлигига ёғингарчилик ва шамол таъсир қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу баландликда қор деярли эримайди, шунинг учун бу ҳодисани глобал исиш билан бевосита боғлаш керак эмас, аммо бу иқлим ўзгаришининг оқибати бўлиши мумкин, деб хабар беради mir24.tv.
“Биз Монблан баландлигидаги пасайиш тенденцияси кейинги бир неча йил ичида давом этадими ёки икки-тўрт йил ичида яна юқорилайдими, буни аниқлашимиз керак. Ҳозирда музликларнинг қалинлиги пасайиши кузатилмоқда”, — деди геоморфолог Людовик Раванель.
Унинг фикрича, агар шундай тенденция давом этса, 2100 йилга келиб Альп музликлари ўз ҳажмининг 99 фоизини йўқотади.