Шундай юксак муносабатнинг бир кўриниши сифатида Президентимизнинг бу йилги Ўзбек тили байрами куни арафасида эълон қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бир неча луғат нашр этилиши режалаштирилмоқда. Чоп этиладиган луғатлар орасида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳам бор.
Бу йил тузатилган иккинчи нашри босмадан чиққан мазкур луғатнинг яна қайта чоп этилиши кўнглимизда пайдо бўлган мулоҳазаларни ёзишга ундади. Зеро, мактабларда ўқитиладиган она тили дарсларида луғат билан ишлаш жараёнига кенг ўрин ажратилган. Ўқитувчи ва ўқувчи машғулот пайтида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кўпроқ мурожаат қилиши турган гап. Ўз-ўзидан аёнки, луғат ўқитувчи ва ўқувчи учун зарур манба ҳисобланади. Дейлик, иншо ёзар экан, ўқувчи изоҳли луғатга суянади ва иншони текшириш мобайнида ўқитувчи ҳам шу йўлдан бориши даркор.
Хўш, ўзбек тилининг изоҳли луғати шундай ишонч-суянчга муносибми?
Бағрикенглик: “заповедник”дан “холодильник”гача
Саноат ва фан-техника тараққиёти таъсирида ўзбек тилига завод, фабрика, трактор, машина, поезд, автомат, метро, компьютер, телефон каби юзлаб, ҳатто минглаб сўзлар ўзлашди. Она тилимизда муқобили йўқ бу сўзларни маънавий бойлигимиз сифатида қадрлаймиз ва уларнинг барча турдаги луғатлардан ўрин олиши табиий ҳол. Шу тариқа ўзбек тилининг луғат бойлиги кўпайиб боради ва ҳар биримиз бу воқеликка эмин-эркин муносабатда бўлишимиз даркор. Афсуски, мазкур ижобий ривожланиш билан бир қаторда шўро тузуми даврида она тилимиз тараққиётида айрим муаммолар юзага келди. Жумладан, она тилимизда вилоят, туман, захира, гуруҳ, котиб, ҳакам, ҳайдовчи, шифокор, режа, ҳисобчи, иқтисодчи, шартнома, буюртма, уста, мураббий каби сўзлар бўлгани ҳолда мажбурий равишда область, район, запас, группа, секретарь, судья, шофёр, врач, план, бухгалтер, экономист, договор, заказ, мастер, тренер каби русча-байналмилал сўзлардан фойдаланишга одатландик. Шўро тузуми даврида чоп этилган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 2006–2008 йилларда беш жилдлик кўринишда босмадан чиқди. Албатта, бундан барчамизнинг бошимиз кўкка етди. Она тилимизга эътибор туфайли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” орзумиздаги каби нашр этилди. Ўшандан буён бу ноёб нашр кўпчиликнинг столи устида туради. Айниқса, ўқитувчи ва ўқувчилар ундан кўп фойдаланади.
Аёнки, йиллар давомида мунтазам фойдаланиш оқибатида бу луғат нашридаги хато ва камчиликлар кўзга ташланди. Бироқ дастлабки кўламдор иш сифатида луғатдаги муаммолардан кўз юмдик ва бу муаммолар луғатнинг қайта нашрида тузатилишидан умидвор бўлдик. Мана, кўпчилик орзу қилган ва тузатилган қайта нашр босмадан чиқди. Кўзни қувнатадиган, дилни яйратадиган даражадаги муқоваларда жамланган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни мароқ билан варақлашга киришамиз. Варақлаймиз, варақлаймиз ва аста-секин биздаги мароқ камаяди. Нега? Ушбу саволнинг жавобини луғатдан олинган сўзлар изоҳлайди. Мисол сифатида келтириладиган сўзларга алоҳида эътибор қаратинг: водовоз, водопровод, водоканал, грузовик, завхоз, заповедник, запонка, заправка, катайса, критерий, ксерокопия, куратор, кружок, кондиционер, конвой, кризис, маска, планировка, уборшица, музика, музикант, холодильник.
Биз юқорида шўро тузуми даврида фаол ишлатилган ва ўзбекча муқобили мавжуд русча-байналмилал сўзлардан мисол келтиргандик. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тузатилган нашридан она тилимизда муқобили мавжуд ўша русча-байналмилал сўзлар ўрин олмайди, деб ўйлагандик. Аммо луғатнинг тузатилган янги нашрига ҳам область, район, секретарь, план, экономист каби русча-байналмилал сўзлар киритилибди. Буни қандай тушуниш керак? Демак, иншо ёзаётган ўқувчи “режа” сўзи ўрнида “план”дан фойдаланса, ўқитувчи бу ҳолатни хато санамайдими? Тушунишимизча, бундай ҳолатда ўқувчи ҳақ бўлиб чиқади. Негаки, у манба сифатида асосий нашрга асосланади-да!
Халқимиз дунёда бағрикенглиги билан танилган. Борингки, бағрикенгмиз ва “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га ҳам шундай муносабатда бўлиш учун ўзимизда куч топамиз. Майли, тилимиз кўниккан — “буюртма” ўрнида “заказ”, “режа” ўрнида “план”, “шифокор” ўрнида “врач”, “шартнома” ўрнида “договор”, “ўқитувчи” ўрнида “педагог” бўлса, бўлибди. Бағрикенглигимиз зиёда бўлиб, бу сўзларни маънодош-синоним сўзлар сифатида қабул қилайлик ҳам. Лекин “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “завхоз”, “заповедник”, “катайса”, “музикант”, “кружок”, “уборшица”, “холодильник” каби сўзлар нима қилади? Бундай сўзлар луғатда беш-ўнта, холос, деб ўйламанг. Уларнинг сони ҳаддан зиёд ва “заповедник”нинг маъноси кулгили тарзда “қўриқхона”, дея изоҳланган. Савол туғилади: бу таржима луғатми ёки изоҳли?
“Зак” ва “замбур” бор, лекин...
Чортоқ туманининг Пешқўрғон қишлоғида пишган меваси қизил-қора рангда бўладиган дарахтни олвали деб аташади. Олвалининг ёнида пишган меваси сариқ-қизғиш тусли олча дарахти ҳам ўсади. Кўплаб ҳамқишлоқларимиз ҳовлисида олвали ва олча билан бирга пишган меваси қизил рангли ва катталиги ёнғоқдек-ёнғоқдек келадиган олхўри дарахти ҳам бор. Бошқача айтганда олвали — олча ва олхўридан мутлақо фарқланувчи дарахт. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса “олвали”нинг маъноси “олча ёки олхўри” деб кўрсатилган. Ўзи “олвали”. У қандай қилиб яна “олча” ёки “олхўри” бўлиб қолади? Изоҳли луғатда бундай чалкашликлар анчагина. Масалан, маккажўхорининг донли ва донсиз мевасига бир хил, яъни “сўта” деб изоҳ берилади. Қандай қилиб икки хил ҳолат бир сўз билан ифодаланиши мумкин? Донсиз ҳолатдаги ўзакни ифодаловчи сўз ўзбек тилида йўқми? Бор! Топса бўлади! Фақат бунинг учун машаққат чекиш, изланиш лозим. Бизнинг қишлоқда сўтанинг донсиз ўзаги “чўғолоқ”, дейилади. Балки бошқа шеваларда бу сўзнинг яна муқобили бордир. Нима бўлганда ҳам сўтанинг донсиз ўзагини ифодаловчи сўз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан ўрин олгани маъқул. Бу “чўғолоқ” бўладими ёки бошқа сўз — луғатчиларнинг ихтиёрида.
Кўпчилик изоҳли луғатда шевага хос сўзлар берилмайди, деган мулоҳазада юради. Аслида эса бундай эмас. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам маъноси изоҳланган шевага хос сўзлар учрайди. Масалан, “зак” (зах), “замбур” (қовоқари). Назаримизда, “зак”нинг шевага хос сўз сифатида берилиши бироз ғалати. Бу сўз — шунчаки “зах” сўзининг бузилган шакли. Халқимиз нутқида “замбур” сўзи ҳам у қадар оммалашмаган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” адабий сўзлигимизга асосланган экан, бу каби шевага хос сўзларнинг унга киритилиши фойдаланувчилар орасида баҳс-мунозара уйғотиб, иккиланишларга сабаб бўлиши мумкин. Луғатга киритилиши шарт бўлмаган шевага хос сўзлар ўрнига халқ нутқи ва адабий асарларда учрайдиган бошқа сўз намуналарига ўрин ажратилиши мақсадга мувофиқ.
Ўқитувчи ва ўқувчилар Турди Фароғийнинг “Тор кўнгиллик беклар” деб бошланувчи ғазалини яхши билади. Ғазалдаги “Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб, Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир яқо-енглик қилинг” байтида ишлатилган “ўнгурлик” сўзи бир пайтлар олимлар ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўлгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда байтдаги “ўнгур” сўзига 10-синф “Ўзбек адабиёти” мажмуасида “чуқурлик” деб изоҳ берилганди. Ҳолбуки, бу сўз чопоннинг бир қисми экани кўпчиликка маълум. Кейинчалик 7-синф “Адабиёт” дарслигида “ўнгур” (чопоннинг этак қисми) ва “тириз” (чопоннинг елка қисми) сўзлари ўқувчига тушунарли тарзда изоҳланди. Қарангки, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га айнан мана шу сўзлар киритилмаган. Ваҳоланки, бу сўзларнинг луғатдан ўрин олишига эҳтиёж бор. Ҳозир ҳам Чортоқ туманининг Пешқўрғон қишлоғи аҳли чопоннинг этак қисмини “ўнгар” шаклида ишлатади. Мазкур қишлоқ аҳолиси, шунингдек, пайкалга сув тарашда ишлатиладиган ўқариқнинг эгатларга сув тақсимловчи қисми, яъни кичик ариқни “тиржа” деб атайди. Биз бундай атамани “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да учратмадик.
Кўриниб турибдики, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тузатилиш ва тўлдирилишга муҳтож. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг янги нашрига қадар изоҳли луғатда тозалов жараёни ўтказилиши шарт. Шу жараён ўтказилса, изоҳли луғатдан минглаб сўзлар чиқиб кетади. Бундан чўчимаслик лозим. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”даги сўзлар миқдори саксон мингдан камайиб кетмайди асло. Таъкидлаганимиздек, ўзбек тили шеваларида изоҳли луғатдан ўрин олиши лозим бўлган сўзлар сероб. Уларни топиш ва жой-жойига қўйиш — ҳар бир тилшунос, филолог ва зиёлининг асосий бурчи!
Луғат иши — чинакам заҳмат! Шу маънода, луғат муаллифлари меҳнатини қадрламаслик фикридан мутлақо йироқмиз. Яна бир бор таъкидлаймиз: изоҳли луғат нашри учун катта меҳнат сарфланган. Бироқ улкан меҳнат асносида юзлаб, ҳатто минглаб хато ва камчиликларга йўл қўйилгани ҳам факт! Бундан кўз юммайлик ва хато-камчиликларни биргаликда тузатайлик!
Муҳаммад ВАЛИ