— Халқаро нуфузли анжуман мен кўришни истаган кўплаб олим ва тадқиқотчиларни жамлаганидан хурсандман. Бу ерда кўплаб туркий ҳалқлар олимлари билан танишдим, уларнинг маърузаларини биргаликда муҳокама қилиш бахтига мушарраф бўлдим. Жумладан, Абай номидаги Қозоқ миллий педагогика университети тарих фанлари доктори, академик Мамбет Койгелдиев, Эге университети профессори Явуз Акпина, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор Шуҳрат Ризаев, Токио университети профессори Хисао Коматсулар ўқиган маърузалар менда жуда катта таассурот қолдирди.

Мен Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қарашлари ва ижоди ҳақида маъруза тайёрладим. Ҳамза аслида большевик бўлмаган, уни большевиклаштиришган. Агар сўзимга эътироз қилмоқчи бўлсангиз, унинг ижодини яхшилаб ўрганинг. У, асосан, жадидлар ғоясини тарғиб қилган. Мен конференциядаги мунозаралар майдонида жадид Маржоний номини кашф қилдим. Шунингдек, суҳбатдошларим менга таржималарим борасидаги саволлар билан мурожаат қилишди. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи, “Замона хотин” пьесаси, Исажон Султоннинг “Алишер Навоий”, “Боқий дарбадар” романлари, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини инглиз тилига ўгирганман. Менга туркий халқлар тили ва ўзига хос талаффузи жуда ёқади. Таржима жараёнида билдимки, жадидлар ўз асарларида илгари сурган ғоялар бугунги кунимиз учун ҳам ниҳоятда долзарбдир.

 — Кристофер, ўзбек тилини ўрганишингизга нима туртки бўлган? Бугунги кунда ушбу тил шарқу ғарб давлатлари, жумладан, Америка ва Европада қай даражада ўрганилмоқда?

 — Яқинди миллий маънавий тараққиёт масалаларига бағишланган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тили тарғиботи борасида эътиборга молик мулоҳазаларни ўртага ташлагани ҳақида эшитдим. Бу саъй-ҳаракатлар бежиз эмас. Мен 2009 йилда ўзбекчани ўрганишга киришган бўлсам, шу жараёнда хорижликлар ўзбек тилини ўрганиши учун сифатли қўлланмалар жуда камлигига гувоҳ бўлганман. Ўзбекистонда тил ҳақидаги қонун қабул қилинганига анча бўлган. Хўш, ўтган давр мобайнида хорижзабонларга ўзбек тилини ўргатиш учун мўлжалланган нечта қўлланма ё луғат яратилди? Айни пайтда ўзбек адабиётшунослари томонидан эски ўзбек тили ва инглиз тили луғати тайёрлаш бошланганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Мана шундай бир шароитда ҳам ўзбек тилига, Алишер Навоий асарларига меҳр қўя олган хорижлик тилшунос ва адабиётшуносларнинг сони тобора ортиб бораётгани қувонарлидир. Венгриялик олим Бенедик Пери, Туркиянинг Амасия университети ректори, профессор Метин Орбай, швециялик навоийшунос олим Шафиқа Ёрқин, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбар кабиларнинг мақолаларини ўқиганимда улар Навоий ўз ижоди, бадииятининг қудрати билан жаҳон адабиёти ривожига катта таъсир кўрсатгани, унинг бебаҳо маънавий, илмий, бадиий ва маданий-тарихий асарлари бутун инсониятнинг бебаҳо мероси эканини эътироф этишганига гувоҳ бўлганман.

— “Ўзбек тили XXI асрда” мақолангизда “Мовароуннаҳрда турк тилида биринчи бўлиб ёзмаган бўлса ҳам, Алишер Навоий эски ўзбек тилининг бобоси унвонини қозонган, чунки у биринчи бўлиб турк тилида яхши ёзган. У “Муҳокамат ул-луғатайн” асаридаги сон-саноқсиз гўзал байтлари билан турк тилининг ҳусни форс тилиникига нафақат тенг, балки айрим жиҳатларда устун чиқади, деб исбот қилган”, дея таъкидлагансиз. Келинг, ана шу устун жиҳатларга мисол тариқасида ўз мулоҳазаларингизни айтиб ўтсангиз…

— Алишер Навоийнинг вафот этганига беш юз йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, унинг сўзлари ва келтирган далиллари ҳали ҳам ўз исботини топмоқда. Биз, албатта, глобаллашаётган дунёда яшаймиз. Ўзбек тилига қараганда жаҳон бўйлаб кенг тарқаган тиллар – масалан, инглиз, француз, рус ё хитой тили кўпроқ ижтимоий ҳаракатчанлик имкониятини беради. Тарих ва мустамлакачилик натижалари шу – тақдирга тан беришга тўғри келади. Аммо бу замонавий факт Алишер Навоий меросига зиён етказа олмайди, чунки у ижод қилган турк тили ва ҳозирги ўзбек тили ўзига хос ҳусн ва жозибага эга. 

 Ўзбек тилининг ўзига хослиги ҳақида сўз борганда, кўп муаллифлар тилнинг луғатидаги дурларни кўрсатиб ўтади. Масалан, “завол” сўзи бошқа тилларда йўқ. Мабодо “завол” ҳақида айтилмаса, ўзбек тилининг беназир мақоллари тўғрисида гапирилади. Яна бир бор такрорлайман, шахсан мени луғавий сўзлар эмас, балки ўзбек тилининг синтаксиси ёки сўзлар тартиби кўпроқ қизиқтиради. Бу тилда ўзига хос гўзаллик бор.

Ўзбек тилининг синтаксисдаги ҳусни мен учун субъектив ҳиссиёт ҳамдир. Тилдаги сўзлар тартиби қулоққа ёқадиган симметрик куй тузади. Бирон гап “мен”дан бошланса “ман” билан тугайди, “сен”дан эса “сан” билан тугайди ва ҳоказо. Бу табиий симметриядан ўзбекчада ҳар бир гапда тўлалик ё тугаллик ҳисси бор.

Ҳазрат Навоий бу хушоҳангликни шубҳасиз сезган бўлса керак, чунки ушбу ўзига хос овоз унинг туркий тилдаги ғазал ва рубоийларида бетакрор ифодаланади. Улуғ мутафаккирнинг ворислари, жумладан, мен шуғулланадиган ва асарларини инглиз тилига таржима қилаётган ХХ аср ўзбек адиблари, ўз аждоди меросидан тўла фойдаланган.

Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига ўгиришга бел боғлаганимда романнинг биринчи сўзларини ўқишим билан унинг ўзбек тилига хос усули мени ўзига мафтун қилиб қўйган. Чўлпон ҳам худди буюк бобоси Навоийдек ўзбек тилининг ўзига хос ифода қилиш имкониятларини тўла тарзда кашф этади. “Кеча ва кундуз” романининг кўзга ташланадиган ажойиб истиораларидан бири мана бу: “Ой ҳали чиқмаган; фақат кечанинг қоронғисига ўчакишган саноқсиз юлдузлар тепада туриб машъалларини ёндирганлар, худди пешона олдида кўринган энг ёруғ бир юлдуз, пиёз тўғраб ётган келинчакнинг кўзларидай, пирпираб ёнарди”. Албатта, бошқа халқларда ҳам пиёз тўғраш кўз ёшига сабаб бўлиши маълум, аммо бу истиора ўзбек оилаларидаги муносабатни очиб беради ва шу заҳотиёқ Марказий Осиёдаги маданий ҳаётнинг ўзига хос жиҳатини ифодалайди.

Глобаллашув жараёнига қарамай, ўзбек тили жаҳон тамаддуни тарихига ўз ҳиссасини қўшган тил бўлган ва бўлади. Ўзбек тилининг бадиий сўз усталари – Навоий ва Чўлпондек алломалар жаҳон бўйлаб донг таратишга лойиқ. Мен таржимон бўлиб, уларнинг номини дунёга танитишда ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман. Ишонаманки, ҳозирги замон Ўзбекистон ёшлари мутафаккир боболари меросидан ғурурланади ва уларни дунёга тарқатишдан ифтихор қилади. 

 — 2018 йилнинг августида Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари“ мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлаган эдингиз. Ўша вақтда Чўлпон ижодидаги эстетик қарашлар сизни ниҳоятда қизиқтирган. Шундай эмасми?

— Тўғри айтасиз. Инсон ахлоқини безовчи, гўзаллаштирувчи омиллардан бири эстетик тарбиядир. Бу тарбияни олган инсон ҳаёт, табиат гўзалликларидан завқланади, гулларга, қушларга, барча жонзотларга меҳр-шафқат билан қарайди, адабиётни, мусиқани, тасвирий санъатни нозик тушунади. Қайғули, фожиали ҳодисалардан ҳам сабоқ олади, руҳи покланади. Арасту “Поэтика” асарида трагедия санъатидан эстетик завқ олган томошабиннинг руҳий покланишини юнонча “катарсис” деб атайди. Бундан эстетик тарбия инсон хулқини нафосат билан безаши, эстетик идеални шакллантириши ҳақидаги мушоҳадалар қадимги юнон файласуфларининг ҳам диққат марказида бўлгани англашилади. Чўлпон ижодидаги эстетик қарашлар борасида бир неча ўзбек тадқиқотчилари илмий изланишлар олиб борган.

Мен “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик асослари” деб номланган халқаро конференцияда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг маърузасини ҳам зўр қизиқиш билан тингладим. Жумладан, тадқиқотчи шундай дейди: “Чўлпоннинг умумижодини ўз замонасидаги умумижтимоий-сиёсий ҳодисалар фонида талқин қилиш ўринли бўлади. Унинг дастлабки асарларида жадидона кайфият, илм-маърифатга тарғиб кучли. Кейинчалик Туркистон мухторияти эълон қилинган бир паллада у:

“Туркистонлик – шонимиз, Туронлик – унвонимиз,

Ватан – бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Бизлар темир жонлимиз!

Шавкатлимиз, шонлимиз!

Номусли, виждонлимиз!

Қайнаган турк қонлимиз!”,

деб қувончини ёзди. Бироқ бу шодиёна онлар кўпга чўзилмади. Чоризм қиёфасидаги мустамлакачиларнинг номи ўзгарганини кўнгил кўзи очиқ зиёлилар, жумладан, Чўлпон ва унга мансуб адабий авлод жуда яхши англади. Шу боис, улар тенглик, адолат, ҳурлик “оғизда эмас, амалда бўлсин”, деган фикрни матбуотда баралла айтишди. Бу авлод ҳуррият орзуси билан яшади, ижод қилди; озодликни қўмсади, тенгликни соғинди. Уларнинг ишқ-муҳаббати негизида ҳам озодлик орзуси бор эди. “Қаландардек юриб дунёни” кезган шоир Чўлпон жамиятдан ўзи истаган нарсасини топа билмади ва “қайғулар, аламлар бир-ла” ўзига қайтди; ўкинчлар билан “ерга ботди.”

— Келажакда ўзбек адабиётининг яна қайси намуналарини таржима қилиш ниятингиз бор?

— Айни пайтда ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” асари устида ишлаяпман. Мен таржимон, тадқиқотчи сифатида бу бадиий асарнинг моҳиятини, тарихий аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қиляпман. Кўплаб ўзбек мунаққидлари ва ёзувчилари қайд этишича, адиб босиб ўтган ҳаёт йўли ҳам, ижод йўли ҳам виждон йўли бўлган. У сўнгги нафасигача миллат дарди билан яшагани, шу боис, унга жуда оғир бўлгани ҳақида кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирилган. Мамлакатда тоза фикрлайдиган одамлар камайиб кетгани, шулар ҳам иқтидорини янги ҳақиқат излашга эмас, эскиларини такрорлашга сарф айлаганига қарамай, Абдулла Қаҳҳор доимо озод фикр, янги ҳақиқатлар учун — ёлғизланиш, танқиду таъқибларни писанд қилмасдан курашган экан. Ёзувчининг ижодий нафасидан номардлик, ҳар қандай ғирромлик титраган, тубанлик ўзини панага тортган, дейишади.

Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул ўзининг “Абдулла Қаҳҳор жасорати” номли эссесида ёзади: “Константин Станиславскийнинг “Санъатдаги ҳаётим” китобида Л. Толстой ҳақида айтилган бундай бир гап бор: “Унинг ҳаётлигида биз “Толстой билан бир замонда яшаш қандай бахт!” дер эдик. Юрагимиз ғам-ғуссага тўлиб-тошганда, ҳаётда қийналганда ёки кишилар кўзимизга йиртқич бўлиб кўринганда “Ясная Полянада Толстой бор-ку!” деган фикр билан ўзимизга тасалли берардик”.

Абдулла Қаҳҳор тириклигида ўзбек зиёлиларида ҳам шундай бир қаноат ва тасалли бор эди. Лекин ишончим комилки, “Бизнинг Абдулла Қаҳҳордек беназир ёзувчимиз бўлган, у ўзининг боқий асарлари ва ўлмас жасорати ила доимо биз билан бирга яшаётир”, деган ғурур-ифтихор туйғуси бугун ҳам ижод аҳлининг маҳзун қалбига умид ва жасорат бағишлаб туради. Албатта, шундай жасоратли ижодкор асари устида ишлаш менга ҳам ғурур ва фахр бағишлайди.

Мен инглиз тадқиқотчиси сифатида ўзбек ёзувчисининг ҳикояларини кузатар эканман, беихтиёр кўҳна Қўқон кўчаларини кезаман. Бу чанг кўчаларда бўлиб ўтган ҳар бир воқеликни маҳоратли адиб кўзгусидан томоша қилиш жуда мароқли. Айниқса, унинг халқ мақолларидан усталик билан фойдалангани эътиборга молик. Ҳар бир мақолда ишлатилган қадим сўзлар маъноси ва ёзувчининг ўзига хос топқирлик билан тасвирлаган аччиқ ва рангин ифодалари катта бир тадқиқот учун бой архивдир, десам адашмаган бўламан. Энг муҳими, бу қиссадаги эртаклар ҳаётий эртаклардир. Ўтмишнинг ноёб бир парчасидир. Уни қалб микроскопи билан жонлантирган, бадиий кўзгуда акс эттирган ижодкорга таҳсин ўқимай иложингиз йўқ.

Қизиқарли ва мароқли суҳбатингиз, ўзбек тили ва адабиётига юксак ҳурматингиз учун сизга ташаккур, жаноб Кристофер. Қолаверса, бизнинг миллий меросимизни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдек олижаноб фаолиятингизга муваффақиятлар тилаймиз.  

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди