– Алмаз хоним, Ўзбекистонга бу галги ташрифингиз сизда қандай таассурот қолдирди?
– Навоий шаҳрида ташкил этилган бу қутлуғ анжуманга ҳам катта ҳаяжон билан тайёргарлик кўрдим. Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда Алишер Навоий ҳазратлари ёди билан бир ҳаяжонга тушсам, ўзгаришлар ва янгиланишлар шаштидан яна бир ҳайратга чулғанаман. Конференция аввалида АҚШ, Канада, Албания, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Мўғулистон, Тожикистон каби ўндан ортиқ давлатдан келган навоийшунос олимлар, адабиётчилар, давлат арбоблари ва профессор ўқитувчилар билан “Анжуман мушоираси”ни ўтказдик. Тилингда бол каби эриб, қалбингга бу олам моҳиятини ажиб ҳикматлари ила жойлагувчи Алишер Навоий ғазаллари кимни ҳам ўзига мафтун этмайди дейсиз... Ана шу завқ ва илҳом, катта эҳтиром билан буюк мутафаккир номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган Навоий ҳазратлари ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдик.
Таъкидлашим лозимки, анжуман жуда кўтаринки руҳда ўтди. Унда ўқилган ҳар бир маъруза ва билдирилган янги мулоҳазалар шууримизга ўзгача сурур бағишлади. Масалан, канадалик профессор Дилсора Фозил эътиборга молик фикрларни ўртага ташлади. У XV асрда ислом маърифатининг тарқалишида Алишер Навоийнинг роли тўғрисида қизиқарли маълумотларни келтирди. Ялпи йиғинда эса олима буюк мутафаккир кўп ҳолларда ёзувчи, шоир сифатида улуғланса-да, сиёсатшунослик ва фалсафага қўшган ҳиссасини эътироф этиш четда қолиб кетгани ва бу ҳозирги замон олимларига ўзгача масъулият юклаётганини айтиб ўтди.
Шу ўринда ана шундай илмий анжуманларни ўтказиш ташаббуси билан чиқаётгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга, Алишер Навоий номидаги жамғарма ходимларига, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўз миннатдорлигимни билдирман.
– Анжумандаги маърузангизда “Алишер Навоий адабий мероси озарбайжон адабиёти ва адабиётшунослигида” номли тадқиқотингиз билан боғлиқ муҳим маълумот ва мулоҳазаларни айтиб ўтдингиз. Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири борасида сўз кетганида бир неча шоирлар сафининг аввалида, албатта, Фузулийнинг дилбар мисралари ёдга келади...
– Бу масала адабиётшунослигимизнинг алоҳида бир саҳифасини ташкил қилишини таъкидлашни истардим. Устозим Жаннат Нағиеванинг таъбири билан айтганда, Алишер Навоий Низомий Ганжавий, Имомиддин Насимий каби буюк классикларимиздан қанчалик таъсирланган бўлса, XVI асрда яшаб ижод этган Фузулийнинг ҳам Навоийдан таъсирини шундай баҳолаш лозим:
Ўлмушди Навоийи сухандон,
Манзури – шаҳаншоҳи Хуросон..
Адабиётшунос олим Мир Жалол “Фузулий санъаткорлиги” монографиясида бундай ёзади: “Арабларда Абу Навас, форсларда Хожа Ҳофиз, ўзбекларда Алишер Навоий каби машҳур ва буюк ғазал усталари етишиб чиқди. Фузулий Озарбайжонда ғазал санъатининг юксак намуналарини яратди ва уни юксак поғонага кўтара олди”. Алишер Навоий XV асрда бутун туркий дунё адабиётидаги улуғ даҳодир. Фузулий бу даҳо ижодидан таъсирланди. Унинг Алишер Навоийнинг “Кўргач” радифли ғазалига ёзган назирасини келтириш ўринли:
Кўнглум очилур зулфу паришонин кўргач,
Könlüm açılır zulfu-pərişanını görgəc,
Nitqim tutulur qönçəyi-xəndanını görgəc.
Baxdıqca sənə qan saçılır didələrimdən,
Bağrım dəlinir navəki-müjganını gorgəc.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий адабий мероси ўша давр ижодкорларига катта таъсир кўрсатди. Бунинг сабаби эса, биринчидан, башарий мавзулар ила адабиёт майдонида унинг каби қалам тебратган бошқа санъаткорнинг йўқлиги, икинчидан, туркий дунё адабий мактабининг қудратли сўз вориси экани, учинчидан эса унинг адабий камтарлиги ва юксак маданият эгаси бўлганидир.
“Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири” мавзусини фақат Муҳаммад Фузулий ижоди мисоли билан тугатиб бўлмайди. Буни яна кенгроқ ифода этиш мумкин. Темурийлардан бўлган Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида Ҳиротда илм-фан, адабиёт, тарих, рассомлик юксак чўққига кўтарилди. Бу юксалишнинг овозаси бутун дунёга ёйилди. Хуросон, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ироқ, Рум, Ҳиндистон каби ўлкалардан илм олиш учун кўплаб ёшлар Ҳирот томон ошиқар эди. Уларнинг аксарияти таҳсил тугагач, ўз Ватанига қайтса, бошқалари Ҳиротда қолиб, ўз илмларини янада мустаҳкамлар эди. Навоий доим истеъдодли ёшларни топиб, уларга моддий ва маънавий кўмагини аямасди. Ёш ижод аҳли Алишер Навоий иштирокидаги адабий мажлисларда қатнашар, ғазалхонлик кечаларидаги ажиб лаҳазаларга ошно бўларди.
Манбаларда Ҳусай Бойқаронинг набираларига сабоқ берганлар орасида озарбайжонлик ёшлар кўпчиликни ташкил этгани қайд этилган. Шундай ёшлардан бири Ҳиротда ўқиш учун келиб, кейинчалик Ватанига қайтган, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида номи зикр этилган Мавлоно Зиё Табризий бўлган.
Зиё Табризий Ҳусайн Бойқаро салтанатининг сўнгги кунларига қадар Ҳиротда яшаган, сўнгра Табризга кетиб, шу ерда вафот этган. У гўзал қасидалар муаллифи сифатида танилган, луғз ва муаммо жанридаги асарлари ҳам борлиги ҳақида манбаларда қайд этилган. Ҳатто қасидаларидан бирини Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Шоҳғариб Мирзога бағишлаган. Булардан ташқари, турк ва форс тилларида ҳам гўзал қасида, муаммо ҳамда бошқа жанрларда асарлар битган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Зиё Табризий ҳақида маълумотлар келтириб ўтган.
XVI асрда Ҳирот адабий мактаби, хусусан, Алишер Навоий даврасининг довруғи бутун Шарқда кенг ёйилди. Шеърга, ижодга иштиёманд ёшлар Ҳиротга – Алишер Навоий ҳузурига отланишарди. Улар бу ерда Навоийдан инжа санъат гўзалликларини ўрганишар, доимо шоирдан моддий ва маънавий кўмак оларди. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида улардан бир нечасининг номини саналиб (Зиёий, Хулқий, Басирий ва б.), ижодидан намуналар келтирилган.
Ҳамид Араслининг фикрича, “Кишварий ижодига машҳур ўзбек шоири Алишер Навоий жуда катта таъсир кўрсатган. Шоир ҳамиша Навоийни ўзига идеал инсон, ижодкор деб билган. Унинг ғазалларига ўхшатиб ёзишга интилган”. Табриз адабий муҳитида тарбияланган шоирга ҳасад қилувчилар кўп эди. Алишер Навоий эса уни ўз ҳимоясига олиб, доимо қўллаб-қувватлаб турди. Истеъдодли шоир ва хаттот сифатида танилган, озарбайжон (турк) адабий тили шаклланишида улкан ҳисса қўшган Неъматулло Кишварий устози Навоийга эҳтиромини бундай ифодалайди:
Kişvəri şe´ri Nəvai şe’rindən əksik iməs,
Bəxtinə duşsəydi bir Sultan Huseyni Bayqara [8, 344 б.].
Бошқа бир ғазалида эса бундай ёзади:
Nəvai himmətindən Kişvəri əhli-nəzər boldu,
Cəhan mülkün tutar şeiri nəzər bolsa Nəvainin [9, III].
– Шу ўринда буюк мутафаккир ижодига озарбайжон адабиётининг таъсири ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Озарбайжон адабиётшунослигида Навоий ижодий меросини ўрганиш, умумий маънода, навоийшунослик алоҳида бир йўналишни ташкил этади. Бундан 93 йил аввал Бокуда бўлиб ўтган Биринчи туркологлар қурултойида Алишер Навоий номи эътироф этилиб, чоп этилган асарлари турк дунёсининг таниқли шахсларига туҳфа этилгани, анжуман шўъбаларидан бири улуғ шоир номи билан аталиши ҳам юқоридаги фикрларимиз исботидир. Озарбайжонда Алишер Навоий сиймоси доим улуғланиб келинади. Илмий изланишларим жараёнида улуғ шоир ижодига озарбайжон адабиётининг таъсирини ҳам ўрганиб чиқдим.
Алишер Навоий истеъдодининг чегараси бепоён. У буюк даҳо, сиймодир. Аслида “Алишер Навоий ижодига озарбайжон адабиётининг таъсири” тадқиқоти учун ҳеч бир манба, тадқиқотни излашга эҳтиёж йўқ. Чунки шоир асарларининг кириш қисмида унинг ўзи буюк санъаткорлар, улуғ инсонларга ҳурматини намоён этаркан, улардан кўп ижод сирларини ўрганганлиги, ўзига устоз деб билишини эътироф этиб ўтади.
– Алишер Навоий “Хамса”нинг икки достони сюжетини яратишда озарбайжон мумтоз адабиёти вакиллари Низомий Ганжавий ва Ашраф Марағий достонларидан илҳомланганини айтиб ўтади...
– Алишер Навоий Низомий Ганжавийнинг хамсачилик анъанасини давом эттириб, араб ва форс тилида эмас, балки илк бор туркий тилда “Хамса” яратди. Туркий тилда ҳам “Хамса” яратиш мумкинлигини исботлаб, бу тилнинг гўзал ва бой эканини бутун дунёга кўрсатди. Образлар, воқеалар ривожи бир хил бўлса-да, Навоий ўз даҳоси орқали унга янада жозиба, янгича руҳ ва тароват бахш этди. Қайд этганингиздек, шоирнинг ўзи “Хамса”сининг икки достони сюжетини яратишда Озарбайжоннинг буюк классикларидан Низомий Ганжавий ва Ашраф Марағий достонларидан илҳомланганини айтиб ўтади. Алишер Навоий “Хамса” достонида буюк шоир Низомий Ганжавий даҳосига ҳурматини бажо келтиради. Унинг истеъдодидан ҳайратланганини таъкидлайди. “Фарҳод ва Ширин” достонидаги мана бу сатрлар улуғ устозига бўлган чексиз ҳурмат ва эътироф намунасидир:
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ.
Керак шер олида ҳам шер жанги,
Агар шер ўлмаса бори паланги.
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида улуғ озарбайжон мутафаккири Имомиддин Насимий ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтади: “Ироқ ва Рум тарафидағи мулкдин эркандур. Румий ва туркмоний тил била назм айтибдур ва назмида ҳақойиқ ва маориф бағоят кўп мундариждур. Мазкур бўлғон мулк аҳлиға анинг шеъри муқобаласида ҳамоноки шеър йўқдур. Ҳамоно тақлид аҳли ани мазҳабида қусур туҳматиға муттаҳам қилиб, шаҳид қилдилар. Машҳур мундоқдурки, терисин сўяр ҳукм бўлубдур. Ул ҳолатда бу шеърни дебдурки:
- Қибладур юзунг нигоро қошларинг меҳроблар,
- Суратинг мусҳаф вале холу хатинг эъроблар.
- Ва бу шеърнинг тахаллуси ушбу муддаоға долдурким:
- Эй, Насимий, чун муяссар бўлди иқболи висол,
- Қўй, терингни сўйса сўйсун бу палид қассоблар”.
- Имомиддин Насимий вафотидан 24 йил ўтиб Алишер Навоий таваллуд топган. Демакки, Имомиддин Насимийнинг ҳаётлик вақтида ёзган мисралари Алишер Навоийнинг асарида келтирилганки, буни ишонарли манба дейиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, биз қисқа қайдларда Алишер Навоий ижодига озарбайжон адабиётининг таъсири масалаларини ёритишга уриндик. Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий ижодига Афзалиддин Ҳоқоний, Низомий Ганжавий, Қосим Анвар, Имомиддин Насимий, Ориф Ардабилий, Ашраф Марағий каби классиклар адабий меросининг таъсири масалаларини шоирнинг ўзи асарларидан қайд этиб ўтганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
– Ўрта аср, хусусан, Алишер Навоий даври адабиёти ўрганилар экан, умумтуркий адабий тил муаммоси ўртага чиқади. Аслини олганда, Ҳасанўғли, Имомиддин Насимий, Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулий тили ўртасида тушунилмайдиган бирор сўз ёки ибора йўқ ҳисоби. Шундай эмасми?
– Бу классикларнинг адабий тилларини ўрганиш учун уларнинг адабий меросини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. АМЕА қўлёзмалар институтининг нодир нусхалар фондида Алишер Навоий ва Муҳаммад Фузулийнинг бир китобда жамланган “Девон”и сақланади. Бунда битилган асарларни қиёслаганда, адабий тил ўртасидаги уйғунликни сезиш қийин эмас. Икки ижодкор девонининг бир китобда жамланиши бир анъана ўлароқ майдонга келган. Бу қўлёзма асосида адабиётшунослар томонидан қатор тадқиқотлар яратилган. Жумладан, М.Султоновнинг “Фузулий ва Навоий девонининг қўлёзмаси хусусида”, М.Одиловнинг “Навоий ва Фузулийнинг бир жилдда жамланган “Девон”лари ҳақида”, Ж.Нағиеванинг “Навоий ва Фузулийнинг бир жилддан ўрин олган “Девон”лари қўлёзмаси”, О.Улвийнинг “Навоий ва Фузулийнинг “Девон”лари бир жилдда” тадқиқотларини қайд этиб ўтиш лозим.
Жаннат Нағиева қўлёзма саҳифаларини варақлар экан, икки даҳо ижодкорнинг сўзлари орасидаги фарқни ажратиб бўлмаслигини қайд этади. Икки ижодкор асарлари тили бир-биридан узоқда эмас. Навоий тили шундай жозибали, аниқ ифодаланганки, уни бизнинг тилимизга аслиятда тушуниш мумкин. Яъни ҳеч қандай таржимага муҳтожлик йўқ.
Алишер Навоийнинг умумтуркий адабий тил шаклланишида, унинг мавқеи ошишидаги ҳиссаси беқиёсдир. Шоир “Хамса”си биланоқ буни исботлади. Шунингдек, “Муҳкамат ул-луғатайн” асарида туркий тил қимматини илмий асослаб берди. 2020 йилнинг илк ойларида Алишер “Навоийнинг ҳикматли сўзлар”и (Яшар Қосим ва Акиф Азалп ҳамкорлигида) номли бир китобча нашр этдик. Китобнинг титулида “таржимонлар” деган ёзувни қўйишга жазм этмадик. Чунки Алишер Навоий тили бутун туркий халқлар тилидир. “Алишер Навоий ижоди озарбайжон адабиёти ва адабиётшунослигида” мавзуси икки қардош халқ адабий алоқаларининг олтин саҳифасидир.
Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётшунослигида ўрганилиши масаласини икки аспектда баҳолаш мумкин. Биринчиси, адабий таъсир, иккинчиси, адабиётшуносликда ёзилган тадқиқотлар - мақолалар, монографиялар мисолида. 2008 йилда каминанинг “Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари” монографияси чоп этилган эдики, унда бу масалага кенг саҳифалар ажратилган ва атрофлича баён этилган. Шунингдек, 2009 йилда нашр этилган “Алишер Навоий озарбайжон адабиётшунослигида” номли мақолалар тўпламида ҳам ўрганаётган муаммомиз батафсил ёритилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу нашрдан сўнг, яъни кейинги 10 йил ичида ҳам Алишер Навоий ижодига оид қатор тадқиқотлар яратилди. Хусусан, менинг ҳам Алишер Навоий ижоди, умуман, ўзбек адабиётига доир 20 га яқин китоб ва 300 дан ортиқ мақолам эълон қилинди. Айни пайтда 550 саҳифали “Алишер Навоийнинг асри ва наср (илмий филологик ва диний асарлари)” монографияси нашр этилиш арафасида.
– Машҳур озарбайжон шоири Салим Бобулло ўғли Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Сирожиддин Саййиднинг шеърларини ўзбек тилидан озарбайжон тилига маҳорат билан таржима қилганидан хабаримиз бор. Бугунги кундаги ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари ривожида яна қайси ижодкор ва адабиётшуносларнинг изланишлари сизни қувонтиради?
– Озарбайжонлик машҳур шоирлар Аждар Ўл ва Салим Бобулло ўғли жорий йилда Ўзбекистонга келиб, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентни зиёрат қилиб кетишди. Ижодий учрашувлар уларда жуда катта таассурот қолдирганига суҳбатимиз давомида гувоҳ бўлдим. Айниқса, Салим Бобулло ўғли ўзбек адабиётининг бугунги тўлқинлари, янги овозлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаб берди. Шу ўринда Салим Бобулло ўғлининг ижодига тўхталиб ўтмоқчиман. У ҳозир озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бири, шоир, таржимон ва эссенавис. У ўзбек шеърияти вакилларидан Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Хуршид Даврон, Азиз Саид шеърларини озарбайжон тилига ўгирган. Бир қанча халқаро (Туркия, Сербия, Қирғизистон) ва миллий (“Анор бутоғи”, “Китоб–2003”, “Китоб–2004”) мукофотлар совриндори. Европа озодлик шоири (The European Poet of Freedom) халқаро адабий танлови номинанти (2018). У айни пайтда Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идора ҳайъати аъзоси, Бадиий таржима ва адабий алоқалар маркази раҳбаридир.
Ўзбекистондаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган учрашувда Аждар Ўл Ўзбекистоннинг ноёб тарихий обидаларидан қанчалар ҳайратга тушгани борасида айтиб ўтди. Машҳур озарбайжон шоири, носир, драматург ва таржимон шеър, ҳикоя, пьеса, бадиа жанрларида ижод қилади. Қирқдан зиёд китоб муаллифи. Асарлари 10 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Аждар Ўл бир қанча портрет-ҳикоялари учун Миллий китоб мукофотига (2010), “Яша” шеърий китоби учун Озарбайжон маданият ва туризм вазирлигининг “Олтин сўз” мукофотига, “Ҳарбий-дала қўмондонининг маймуни” ҳикояси Маҳмуд Кошғарий номидаги халқаро танловида Гран-прига сазовор бўлган.
Узоқ йиллардан бери камина ҳазрат Навоийнинг адабий мероси ва ҳаётини ўрганиш ва ўргатишни мақсад қилганлигим боис ўзбек шеъриятига оид янгиликлардан имкон қадар бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Яқинда шоира Наргиза Асаднинг Туркияда Эмина Бакар таржимасида чоп қилинган “Mujde” (“Хушхабар”) китобининг илк саҳифасида Алишер Навоий номини кўргач, вақт ажратиб ўқишни ўзим учун бурч деб билдим. “Алишер Навоийнинг ҳузурида” шеърида бундай сатрлар бор:
Мен ҳам келдим бу марду майдон,
Бир сўз топсам қани холига.
Ёзганларим бир тутам қоғоз,
Арзийдими ҳазрат пойига.
Наргизанинг шеърларида ажиб бир самимият бор. Муаллифни ҳайратга солган икки муқаддас жиҳат унинг бутун шеърларида кўринади: соддалик ва табиийлик. Табиатнинг муҳташам интизоми Яратганнинг истагига кўра ишлайди. Одамзод қанча уринса ҳам, бу илоҳий интизомни бузишга жаҳд қилсалар ҳам, табиат ўз ишини муқаддас низомга мувофиқ давом эттираверади.
Ўзбек ва озарбайжон халқлари ҳамиша дўст ва қардош бўлган. Туркий халқлар ичида бу икки халқнинг тили, урф-одатлари ва яхши анъаналари муштаракдир. Миллатимиз ғурури бўлган Афзалиддин Ҳоқоний, Низомий Ганжавий, Имомиддин Насимий, Алишер Навоийдан то Бобур, Фузулий, кейинроқ Мақсуд Шайхзода, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповгача бўлган даҳоларимиз адабиётимизнинг ҳам ўзаро қанчалик яқин эканини намоён этади. Шу билан бирга, бу икки халқ бир уммондан оққан икки дарё мисоли ҳар дам ҳар жабҳада ҳамҳолу ҳамнафас. Айниқса, сўзга муҳаббат бобида ҳам эътирофга муносиб халқлардир.
Тарихий анъанаси ғоят теран бўлган адабий алоқаларимиз бугунги кунга келиб, янада кучайиб, ижодкор инсонларнинг ўзаро алоқалари яхшиланиб бормоқда. Асарлари ҳар икки тилга таржима қилинмоқда. Бу, албатта, шоир ва ёзувчиларнинг ўзаро танилиши йўлидаги ижобий ҳодисалардир.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди