Меҳмон билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Тожикистон ёзувчилари ижодий ташкилотларининг ҳамкорлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўзбек ва тожик адабиёти ўртасидаги дўстлик ришталари азалдан давом этиб келаётганини таъкидлар экан, бугунги ҳамкорликда ўзаро таржималар айирбошлаш билан биргаликда адабий мулоқотлар ва дўстлик тадбирлари алоҳида ўрин тутаётганини билдирди.

Акбар Абдулло тожикистонлик ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ижоди ҳақида тўхталиб ўтаркан, шу йили бир неча ўзбек шоири Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзоликка қабул қилинганини қайд этди.

Айтиш керакки, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқида ўзбек адабиёти шубаси фаолият олиб бормоқда, унга Сулаймон Эрматов раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида эса тожик адабиёти шубаси ташкил этилган, уни шоир Паймон бошқаради.

«Адабиёт» нашриётида «Замонавий тожик шеърияти антологияси» нашрдан чиқиш арафасида, китобдаги шеърлар шоир Одил Икром томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

Акбар Абдулло Мирзо Турсунзода номли адабий мукофот совриндори ҳисобланади. У олтита шеърий китоблар муаллифи, адабий таржима соҳасида ҳам самарали фаолият олиб боради.

2021 йили рус шеъриятидан қилган қатор таржималари учун Лев Толстой номидаги медаль билан тақдирланган.