Ушбу тадбирда Мисрда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз, Ал-Азҳар ва Қоҳира университетларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Кечада сўзга чиққанлар адабиёт уммонининг ёрқин сиймоси бўлмиш Навоий бобомизнинг ижодини сидқидилдан ўрганиш аҳамияти тўғрисида сўзладилар.

Навоий ва Бобурнинг ижоди жаҳон адабиёти дурдонасига жавоҳир бўлиб қўшилгани, унинг бой ва бетакрор меросини ўрганишга бутун дунёда қизиқиш тобора ортаётгани айтиб ўтилди. Шу ўринда, мисрлик адабиётшунос олим Саад Муҳаммад Абдулғаффор Юсуф томонидан Навоийнинг “Арбаин” асари араб тилига таржима қилингани қайд этилди.

Алишер Навоийнинг уч китоби маъноларини изоҳлаб берувчи “Навоийдан чу топқайлар Навоий” рисоласи муаллифи Ҳусайнхон Яҳё Абдумажид улуғ шоир асарларида яширинган “камолотга эришиш сирлари” ҳақида сўзлаб берди.

Мисрдаги талабалар томонидан XV-XVII асрлар – мумтоз адабиётимиз асосчилари даври воқеалари саҳналаштирилиб, Навоий ва Бобурнинг ғазал, рубоий, туюқларидан намуналар келтирилди.

Адабий кеча Мисрдаги юртдошларимизнинг сўз мулкининг султони Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Бобурга бўлган юксак эҳтиромини яна бир бор акс эттирди.