Бундай ҳолатда қонунбузар шахсни тарбиялаш, унда муносиб хулқ-атворни қайта тиклаш ва нуқсонли хулқини тузатиш фаровонлик ва барақарорликни мақсад қилган жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 29 декабрида парламентимизга қилган Мурожаатномасида содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга енгиллик бериш, яъни яна бор имконият бериш орқали инсонпарварлик тамойилини тўла-тўкис рўёбга чиқаришни назарда тутадиган қарашлар баён этилди. Хусусан, Мурожаатномада жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини кенг қўллаш борасидаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилиши, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил колониялари босқичма-босқич қисқартирилиши, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса,
у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олиниши, мазкур енгиллик асосида ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имкони яратилиши таъкидланди.
Мазкур Мурожаатнома чинакам маънода инсонпарварликнинг ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлиб, содир этган жинояти учун жазога ҳукм қилинган шахсларни ҳам рози қилиш, уларни фаровон жамиятга мутаносиб қилиб тарбиялаш, энг муҳими хато қилган шахсларни жамиятдан ажратмасдан, уларнинг хулқини тузатишни жазони ижро этиш муассасасидан кўпроқ жамиятга, яъни жамоатчиликка ўтказишни назарда тутди.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш ёки жазодан шартли озод қилишни қўллаш амалиёти кенгаяди
Амалдаги қонунчиликка кўра, озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони енгилроғи билан алмаштириш муайян жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланилади.
Маҳкум жазо муддатининг қонунда белгиланган қисмини ўтаб бўлганидан сўнг бир ойлик муддат ичида жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини кўриб чиқиши ҳамда тақдим қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Тадқиқот ва таҳлилларга кўра, жазодан озод қилиш институтини қўллаш зарурияти жиноят содир этишда айбли деб топилган шахснинг қилмиши
ва қилмишга нисбатан шахснинг муносабати, келиб чиққан оқибатнинг хусусияти, шахс ва қилмишнинг жазога сазоворлиги, вазият ўзгариши, жабрланувчининг қилмиш ва шахсга муносабати, шахснинг ижтимоий-психологик ҳолатлар жазодан озод қилиш заруриятини вужудга келтиради.
Таъкидлаш жоизки, жиноят содир этганлиги учун жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан тайинланган жазо гарчи ишни судда кўриш давомида содир этилган қилмиш ва шахснинг ижтимоий хулқ-атворига катта эҳтимол билан жазога муносиб бўлсада, бироқ вақт ўтиши, вазият ўзгариши ва маҳкумнинг ижтимоий хулқ-атворидаги ҳолатлар унга дастлаб тайинланган жазони кейинчалик долзарблиги ва аҳамиятини йўқотишига олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолларда жиноят содир этганлиги учун жазога ҳукм қилинган шахсни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш зарурияти вужудга келади.
Аксарият ҳолларда, маҳкумни жазодан озод қилиш масаласи мавжуд тартиб-таомилларга кўра жазони ижро этиш муассасаси ташаббуси билан амалга ошади. Мазкур ҳолатда маҳкумни жазодан озод қилиш ёки тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш масаласида бир томонлама ёндошувни намоён қилади. Шундай вазиятда маҳкумнинг ҳуқуқ
ва эркинликларини тўла-тўкис рўёбга чиқариш, уни самарасиз ёки долзарблигини йўқотган жиноий-ҳуқуқий таъқиблардан холис жамоатчилик ёрдамида озод қилиш зарурияти вужудга келади.
Маҳкум манзил колонияси ўрнига ўз оиласи бағрида тарбияланади
Манзил колониялари муайян турдаги жиноятларни содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилинган, суд томонидан тайинланган жазо муддатининг қонунда назарда тутилган қисмини ўтаб бўлган шахслар ўтказиладиган, нисбатан енгил режимдаги жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланади.
Содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилиб, жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан жазони ўталмаган қисми енгилроқ, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога алмаштириш амалиёти янада такомиллаштирилиши белгиланди.
Айтайлик, шахс содир этган жинояти учун муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияларда қонунда белгиланган муддатини ўтагандан сўнг, амалдаги тартибга кўра қолган ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил колониясида ўтайдиган бўлса, эндиликда бундай тоифадаги шахсларга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси бошқа енгилроқ турдаги, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари, масалан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади ёки жазони ўташдан батамом озод этилади.
Мурожаатномада жазодан шартли озод қилинган ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахслар манзил колониясига ўтказилмасдан, ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилиши назарда тутилди. Албатта, ҳар қандай шахс содир этган жинояти учун жавобгарликка тортилиши муқаррардир. Бироқ, жазо шахсга жисмоний ёки руҳий азоб бериш мақсадини кўзламасдан, шахсни тузалиши ва жиноят содир этишини олдини олишга хизмат қилади. Шунинг билан биргаликда, жазо содир этилган қилмиш ва шахснинг ижтимоий ҳолатига мос бўлиши, ҳақиқатда шахсни бошқа чоралар орқали тузиш имконсиз бўлган ҳолда у жазони ўташда давом этиши мақсадга мувофиқ ҳам мумкин. Шахснинг хулқ-атвори ёки қилмишининг хусусияти жазога сазовор бўлмай қолган тақдирда ҳам жазони ўташда давом этиши мантиқсиздир.
Тасаввур қилайлик, шахс содир этган жинояти учун олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди. Жазонинг тўртдан бир қисмини ўтаганлиги унга тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш ёки жазони ўташ режимини енгилллаштириш, яъни манзил колониясига ўтказиш имконини беради. Шахснинг ижтимоий хавфлилиги камайганлиги сабабли у манзил колониясига ўтказилади. Шундай ҳолатда шахс манзил колониясига эмас, балки оиласи бағрига қайтса, унда берилган имкониятга муносиб хулқ-атвори билан жавоб бериш туйғуси шаклланади.
Шахс биринчи марта жиноят содир этиб, етказилган зарарни қоплаган, айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жазо турлари учун белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган бўлиб, у жазони тўлиқ ўтаб бўлмасдан шундай ижобий хулосага келинса, албатта маҳкум жазодан шартли озод қилиниши ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилиши лозим. Зеро, шахснинг қилмиши ёки хулқ-атворига мувофиқ бўлмаган жазони ўташда давом этиши, бу гарчи қонуний мезонларга мос келсада, адолат мезонларига мос келмайди.
Манзил колонияси ўрнига пробация назорати
Мамлакатимизда жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш пробациянинг моҳиятини ифодалайди. Мамлакатимизда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Натижада, назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилди.
Мурожаатномада белгиланишича, бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олинади. Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жорий этилган бундай амалиёт жиноят содир этган шахсни мақсадли тарбиялаш ва унинг хулқини тузатишда ижобий натижаларга эришишни таъминлайди.
Хусусан, ички ишлар органлари томонидан пробация назоратига олинган, яъни шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назорат амалга оширилади, уларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашилади, уларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади.
Манзил колониясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини муайян тартиб-қоидалар асосида чеклаш орқали ижро этилса, пробация назорати фақатгина жазо ижроси назорати билан чекланмасдан маҳкумнинг муаммолари ҳам ўрганалади ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш орқали маҳкумни ахлоқан тузатиш ва жамиятга қайта тайёрлаш тадбирлари амалга оширилади.
Инсонпарварлик комиссияси халқчил ёндошувни ифодалайди
Жиноят учун жазо тайинлашда жиноят қонуни қанчалик мукаммал ёндошувни белгилаб, шунингдек жазо тайинлашга оид муносабатни қанчалик батафсил ёритган бўлишига қарамасдан ҳар доим ҳам жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олишнинг қатъий кафолатини бермайди.
Шу сабабли ҳам қонун чиқарувчи аввало шахснинг ижтимоий хулқ-атвори хусусиятидаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда шахсга жазо тайинламаслик ёки маҳкумни тайинланган жазодан озод қилиш имкониятини назарда тутган. Албатта, шахсга нисбатан тайинланадиган жазо мақсадга мувофиқ бўлиши учун жиноят қонунидаги жазодан озод қилишга оид нормалар мукаммал ишлаши ва ҳар бир ҳолатда ушбу нормаларга қатъий эътибор қаратилишини тақозо қилади.
Инсонпарварлик, шунингдек инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, кадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият деб тан олиш каби умуминсоний ва конституциявий тамойилларнинг амалда таъминланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар
ва янгиланишларнинг асосий мезони ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўлланган Мурожаатномасида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг энг муҳим ва долзарб тамойили, яъни инсонпарварликни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган қарашлар баён этилди. Хусусан, Мурожаатномада жазони енгилроғи билан алмаштириш ва жазодан шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилиши таъкидланди.
Адашган, хато қилган шахсга имконият бериш орқали уни яна жамиятга қайтариш, унинг хулқ-атворидаги нуқсонларни бартараф этишга имконият бериб, холис ва одилона қараш орқали бартараф этишдек инсонпарварликнинг юксак ифодаси намоён этилди.
Шахсни жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш ташаббуси билан чиқиш жазони ижро этувчи орган нуқтаи назарига боғлиқлиги адолат тамойилига мос келмаслиги эътироф этилди. Дарҳақиқат, бундай ёндошув бир томонлама ёндошувни ифодалаб, жиноят қонунчилигида акс этган инсонпарварлик принципини ҳар доим ҳам тўла-тўкис рўёбга чиқариш имконини бермайди.
Инсонпарварлик комиссияси шахсни жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришда жазони ижро этувчи орган нуқтаи назари билан эмас, балки жамоатчилик нуқтаи назари билан қараш, жазони ижро этиш тартиб-таомиллари билан ёндошмасдан, умумэътироф этилган миллий қадриятлар ва анъаналар билан ёндошишга, пировард натижада маҳкумнинг ҳам розилигига эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Биз Инсонпарварлик комиссиясини холис тузилма сифатида жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришда жамият
ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ўташига хизмат қилишини тасаввур қиламиз. Инсонпарварлик комиссияси шахснинг озодлиги масаласида ташаббус билан чиқишда ҳар томонлама, батафсил ва холис ёндошуви билан жамиятда адолат ғоясини қарор топтиришда ўзига хос ўрин тутади. Шахснинг содир этган қилмишидан тўғри хулоса чиқарганлиги ва хулқида ижобий ўзгаришлар содир бўлганлиги, жамиятга қайтиш ва қайта тикланишга тайёрлиги уни жазоламасдан туриб тарбиялаш мумкин деган қатъий ва холисона ташаббуслар вужудга келтиради.
Мурожаатномада қайд этилишича, мазкур енгиллик асосида ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имкони яратилади. Бундан ташқари, ушбу тадбирларни амалга оширишилиши маҳкумлар ва уларнинг оила аъзоларини рози қилиш, хато қилган шахсларга имконият бериш орқали уларнинг хулқини мақсадли тузатиш, пировард натижада жазони ижро этиш тизимида адолат ва инсонпарварлик тамойилларини тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши таъминланади.
Самариддин ОЧИЛОВ,
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали
Жиноят-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири в.б.