Эътиборли жиҳати шундаки, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш янги 2021 йилда ҳам асосий вазифа сифатида белгилаб берилди. Бунинг учун ўқув курсларини тамомлаб бизнесини бошлаётган фуқароларга келгуси йилда зарур ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 6 триллион сўм имтиёз кредитлар ажратилади.

Бундан ташқари асосий эътибор қишлоқ аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилади. Мазкур тизимни амалга ошириш мақсадида қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади.

Бу эса ўз навбатида сўнгги йилларда аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг давоми эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан охирги йилларда «Ҳар бир оила – тадбиркор»«Ёшлар келажагимиз» ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида жами 13 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилиб, 600 мингдан ортиқ оилаларни қамраб олишга эришилди.

Шуни ҳам айтиш жоизки, келгуси йилда ҳам Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилади

Хусусан, банкларда валюта бозори онлайн платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш имконияти яратилади. Натижада тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади.

2021 йилда 24 та йирик давлат корхоналарига харидларнинг ошкора талаблари жорий этилиб, маҳаллий тадбиркорлар ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имконига эга бўлади.

Тадбиркорлик соҳасидаги 105 турдаги лицензияларнинг бекор қилиниб, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилиши адолатли бизнес ривожига рағбат бўлади.

Бундан ташқари тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи бузилганлиги учун давлат органлари ходимларини маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича бизнес омбудсманга ваколат берилади.

Ўз навбатида, бу каби ўзгаришлар республика ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда ишбилармон доиралар ва давлат ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг келгуси йил, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилиб, Тадбиркорлик Кодекси ишлаб чиқиш борасидаги таклифлари муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар тўлақонли равишда давлат ва бизнес ўртасида ишонч ва ҳамкорлик тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.

Бунинг яққол мисоли сифатида, пандемия вақтида инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш ва даромадларини кўпайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинганлигини кўрсатиш мумкин. Бу эса ўз навбатида 50 мингга яқин тадбиркорларга 300 миллиард сўм маблағни тежаш имконини яратди.

Шунинг билан бир қаторда кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Натижада 260 мингдан ортиқ корхона ва фермер хўжаликлари 650 миллиардга яқин пул маблағларини тежаб қолдилар.

Бундан ташқари карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди.

Бу каби тадбирларнинг 2021 йилда ҳам давом этиши алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, 20 мингта тадбиркорлик субъектининг жорий йил якунигача кечиктирилган 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддати яна бир йилга узайтирилади.

Бундан 4 йил олдин эълон қилинган тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эса яна бир йилга узайтирилади, зеро Президентимиз таъкидлаганидек, пандемия пайтида иқтисодиётни барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида тадбиркорларга иқтисодий ривожланишнинг асосий «драйвери»га айланиш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш 2021 йилдаги асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди. Бундай ёндашув эса, яқин истиқболда ўзининг ижобий натижасини беришига ишонамиз.

Бекзод Ражабов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими