Хондамир “Макорим ул ахлоқ” асарида Алишер Навоийни “илоҳий омад соҳиби”, “сирли истеъдод” деб таърифлайди. Бу ташбиҳ, назаримда, мутафаккир Абдулла Ориповга ҳам тааллуқлидай туюлади. Ўзбек адабиёти тарихида Алишер Навоийдан сўнг Абдулла Ориповчалик ҳам хослар, ҳам авомнинг юксак эҳтиромию меҳр-муҳаббатига бирдай сазовор бўлган ижодкор йўқ.

Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби улкан истеъдодлар ижоди билан бошланадиган юзйиллик қуёши қиёмга келганда, жанубдан бир ёғду таралди. Кун тикка бўлганда ҳам юлдуз санайдиган синчилар “Митти юлдуз”ни пайқашди. Эҳтимол, унинг сўнмас нури ўшандаёқ сезилган...

Ҳали ўн еттига тўлиб-тўлмаган йигит баҳор тунида, Некўз осмонига термулганча “Порлоқ юлдузлардай кулгим келади” дер экан, кун келиб, XV асрдан кейинги фавқулодда кўтарилиш, ҳайратомуз мерос ўз номи билан аталишини билганмикан?!

“Ҳар кимга ният қилгани бўлади”, деган буюк ҳикмат ёдимизга тушади.

Абдулла Ориповнинг республика матбуотидаги илк чиқиши “Ленин учқуни” газетасининг 1959 йил 20 март сонида чоп этилган “Қушча” шеъри билан бошланган.

Гоҳ бутоққа, гоҳ гулга қўнар

Тиним билмас сайроқи қушча.

Нечун баҳор сени ром этган,

Қайда эдинг баҳор келгунча?

Кел яшайлик, ҳамиша бирга,

Бизда баҳор гуллар барчаси.

Билсанг мен ҳам чаман ўлкамнинг

Шўх ва қувноқ шод ўғилчаси.

1965 йилда шоирнинг илк китоби – “Митти юлдуз” нашр этилади. Улуғ шоир Эркин Воҳидов “Митти юлдуз”нинг пайдо бўлиши шеъриятимиз осмонида янги қувноқ, чароғон юлдуз пайдо бўлганидан дарак беради”, деб ёзди. Замонавий ўзбек шеъриятининг кейинги олтмиш йиллик йўли “Митти юлдуз”га қараб белгиланади, десак муболаға бўлмайди.

Абдулла Орипов ўта сиёсийлашган муҳитда шеъриятга кириб келди. Ўз таъбири билан айтганда, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ялпи адабий савия жуда паст эди. Матбуоту давраларда қуйидагича шеърлар жарангларди:

План бажарилди: бу – зўр садоқат,

Бу – ватанпарварлик, ваъдага вафо.

Яша шонли халқим! Ҳеч аримасин –

Пахтазорларингдан тантана, сафо.

30-йилларнинг захи қуримаган, худосизлик таълимоти жамият, халқ ҳаётини қора булутдай босган бу даврда илм-фан, адабиёт, санъат атезим байроғини баланд кўтаришга маҳкум этилиб, Навоийу Хайём рубоийлари шўро ақидасига далил ўлароқ ташвиқ қилинди. Коммунистик уфқ сари ихтиёрий-мажбурий йўл олган адабий карвон эса янги турмушни кўкларга кўтариб мадҳ этар, шоирлар ҳатто куннинг қизариб ботиши – талош пайтини-да шўронинг зафарли юришига менгзашарди...

Илк китоби билан тилга тушган йигирма тўрт яшар йигит шеър ва шоир маҳорати ҳақида шундай ёзган эди: “Ёш шоирларимиз кўпинча бутун бир шеърни биттагина ўхшатиш ё сўз ўйини асосига қурадилар. Агар шеър 8 мисра бўлса, юқоридаги 7 мисрада ҳеч қандай образ ҳам, фикр ҳам бўлмайди. Ҳаммаси охирги мисрани бир амаллаб айтиб олиш учун келтирилади, холос. Ҳолбуки, руҳий таҳлил, драматизм, фикр ҳар бир мисра учун баравар бўлиши, шоир ҳамма мисрага ҳам бир кўз билан қараши, ҳамма мисрада ҳам ўз маҳоратини намойиш қилиши керак. Навоий ғазалларининг ҳар бир мисрасидаги образ бизнинг бутун бир шеъримиздаги хулосадан бир неча маротаба баланд туради”.

Каллакланган тут бачкиларининг бақувват шохга айланишига беш-олти йил керак бўлади. Қатағонда юраги ва “кўзининг ўтини” олдирган адабиётимиз ўмганини кўтариш учун йигирма йил ҳам камлик қилди. Эски мактаб, мадраса таълимини олган, тақдир тақозоси билан тирик қолган адиблар сиёсий чақириқ ва шиорларга ҳозиржавоблик орқали шўрога садоқат изҳор этишарди.

Начора, “ҳар қисматга ҳар кимнинг даврони сабаб бўлгай...”

Бу зотларнинг “таждиди имон” қилган-қилмаганига далилимиз йўқ. Аммо, зар қадрини заргар билар деганларидек, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом озғин, қорамағиз шоир тимсолида адабиёт истиқболини кўргани рост. “Иқболи саждагоҳ бўлганлар” хайриҳоҳликларини турли шаклда – бири Ёзувчилар уюшмасига кириш учун тасвиянома ёзиб бериш билан, яна бири асарларига эпиграф олиш йўли орқали, бошқаси эса “Кеча телевизорда шеър ўқиган сенмидинг?” дея қучоқлаб, пешонасидан ўпиб изҳор этишган.

“Шоир умри давомида ҳасадгўйлардан қутула олмади. Улар орасида шеър ёзувчи қаламкашлардан ташқари оддийгина шуҳратпарастлар, турли турқдаги маҳаллийчилар ёки совет тузумига “фидойи”, “ватанпарвар” мафкурачилар бор эди”, деб ёзади Абдураҳим Эркаев “Абдулла Орипов феномени” эссесида. Мустабид қутқуси – маҳдуд маҳаллийчилик қўйнидаги тош шоирга эмас, бир тан, бир жон бўлишга интилаётган халққа, унинг инжа-нозик қалби ва руҳиятига, ҳис-туйғуларига қаратилган аслида. Мумтоз шоиримизнинг “маънавий экология”ни сурбет ва суллоҳ назмбозлардан асраш ҳақидаги ташвишлари замирида мана шу сабаблар ҳам бор, албатта. Боз устига, Усмон Носир, Мадаминбек ҳақидаги битай деб қолган шеърий романлари ўғирланганини унутиб бўларканми?..

Абдулла Орипов – кашшоф. Руҳият тилсимларининг кашшофи. Истиқлол йилларида туғилганлар устозни мадҳия муаллифи деб билади, холос. Аслида, ўзига хос гимн бўлган, руҳ-фикр уйғунлигининг гўзал намунаси – “Биринчи муҳаббатим” ярим аср бурунги ёшларнинг севги номаларию хотира дафтарларини безар, ошиқларнинг дил рози сифатида мактубларга жойланарди:

“Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,

Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай.

Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,

Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,

Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим”.

Шеърнинг машҳур ҳофиз нолалари ила дилларга ўрнашганини инкор этмаймиз, аммо “Биринчи муҳаббатим” эълон қилинганидаёқ юз минглаб қалбда ўзига хос акс садо берганини айтмаслик – ноинсофлик. Сўз домига тушган шеърхонлар бу муҳаббат мадҳиясини қалбга малҳам, интизор кўнгилга йўлдош, маҳбуб ёрнинг сувратию саси деб билди.

“Ҳақиқий шоир ўз замонига, ўзи мансуб бўлган даврга мухолиф бўлади”, деган гаплар юради. Шоирнинг муросасизлиги, назаримда, замон ёки давр ўртасида эмас, балки унинг шахси ва ботинидаги “Мен” ўртасида кечади. Бу кураш ижодкорни ё саодат, ё фалокатга элтади. “Мен” – Аллоҳнинг амри, илоҳий сас. Мана шу акс-садони англаган ижодкоргина ўзлигини кашф этишга қодир.

Таассуфки, жаҳолат ҳам маърифат каби бутунлай йўқолиб кетмайди, гоҳ пастлаб, гоҳ баландлаб туради, холос. Шўро тузуми жоҳил эди, деймиз, аммо ҳаёт жаҳолатнинг тузумларга боғлиқ эмаслигини кўрсатди. Худпарастлик бутпарастликдан ёмон. Пайғамбаримиз (с.а.в) башарият ахлоқини мукаммал қилиш учун юборилмаганмиди? Комил инсон ғояси Яссавий, Ғаззолий, Румий, Навоий, Огаҳий, Фурқат замонининг муаммоси эмас, балки у абадий бир мавзу эканини Абдулла Орипов ижоди ҳам шоён кўрсатиб турибди.

Шоир мухлисларига яхши маълум, Абдулла Орипов Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини адиб-арбоб Шароф Рашидов таклифига кўра таржима қилади. Шундан сўнг кўр ҳасад яна бош кўтаради: “Ўша йиллари мен Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи эдим. Бутун кучимни мана шу асарга бериб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай ишлардим. Тайёр таржималарни эълон қилиб турган пайтларимда, Ёзувчилар уюшмасига Италиядан бир гуруҳ ёзувчилар келди. Ўшанда мен узоқдан “Дантенинг авлодлари – қариндошлари келди”, деб кўзларимдан дув ёш оқиб, уларга термилиб турганман. Чунки, Данте ҳаётимга айланган эди. Шунда Уюшманинг ўша пайтдаги раҳбарлари мени уларга таништирган эмас. Шундай ёнимдаги хонада мажлис ўтказишди. “Яшасин Данте, яшасин Италия!” шиорлари янгради. Лекин ёнгинасида Дантенинг ўзбек таржимони турганлигини айтишмади. Таништиришмади ва бу буюк асар ўзбек тилига таржима бўлгани ҳақида бир оғиз маълумот беришмади”.

“Ювош ит ҳурмай тишлар”, дегани шу-да!

Абдулла ака суҳбатлардан бирида мазкур асар ва унинг таржимасини таҳлил қилишга адабиётшунослигимиз тайёр эмас экан, деган фикрни айтади. 1980 йилда соғлиғини тиклаш учун Чехиянинг “Карлова Вари” санаториясига йўлланма олган шоир Шароф Рашидов тавсиясига биноан яна бир асар – Ибн Сино таваллудининг минг йиллигига бағишланган “Ҳаким ва ажал” достонини ёзишга киришади:

“Сино тўғрисида бошловдим достон,

Ажаб, қочиб қолди тобим ногаҳон.

Рангим заъфарондир, бошда оғриқдир,

Кўчага чиқишни ман этган дўхтир”.

(“Карлова Вари” хотираларидан”)

Ҳасадгўйликка, ҳасадга қарши энг кўп шеър ёзган шоир “Ҳаким ва Ажал” достонида ўлмас-йитмас образ яратди. Ўзини Ҳаким сиймосида кўрган муаллиф жаҳолат ва маърифат тўқнашуви тасвирланган ушбу достонда юрак дардларини умуммиллий фожиаларга уйғунлаштирди. Азал-азалдан ҳасадгўй, жоҳиллар учун илм-зиёнинг кепакча қадри йўқ. “Ҳаким ва ажал” инсон феъл-хўйи, минг бир қиёфасию тубан хаёллари ҳақидаги фожиа. Ҳамма замонларга тааллуқли бўлган мазкур достонни Шекспир трагедиялари билан ёнма-ён қўйиш мумкин. Шоир инсоният ҳаёти “улкан қурт”лар исканжасида – зулматда кечаётганидан баҳс қилади.

Тақдир Абдулла Ориповни халқлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, борди-келди ва дўстликни ниҳоятда юксак қадрлаган инсонларга рўбарў қилди. Ана шундай хайрихоҳлардан бири Мирзо Турсунзода эди. Ўзбек тилини жуда яхши билган Турсунзоданинг “Қўриқчи масъулияти” (“Ответственность дозорных”) сарлавҳали каттагина мақоласи “Литературная газета”нинг 1973 йил 15 август сонида чоп этилади. “Шарқда шоир бўлиш осон эмас”, дея сўз бошлаган тожикистонлик улуғ шоир уч улкан истеъдод – Абдулла Орипов, Лойиқ Шерали, Қурбонназар Эзизовни собиқ иттифоқ миқёсида танитишдай хайрли ишга бош қўшади. Бу пайтда Абдулла Орипов Ўзбекистонда довруқли шоир, Дантенинг моҳир таржимони, тожикистонлик Лойиқ Шерали эса гўзал лирик шеърларию Есенин ва Уитмендан қилган таржималари ила ўз юртида машҳур, туркманистонлик китобхонлар шеъриятга сонет жанрини олиб кирган истеъдодли шоир Қурбонназар Эзизовни Лермонтовни туркманча сўйлатган мутаржим сифатида ҳам танишарди.

Мирзо Турсунзода ҳақиқий шеъриятни қадим Шарқнинг чўл ва саҳролардаги карвонларга йўл кўрсатувчи, кези келганда, душман ҳамласидан огоҳ этувчи соқчилик минораларига, чинакам шоирларни эса қўриқчиларга ўхшатади. Абдулла Орипов, Лойиқ Шерали, Қурбонназар Эзизов шеъриятини Шарқ анъана ва қадриятлари уйғунлигида таҳлил этган зуллисонайн адиб, “Уларнинг нафақат тенгдошлиги, балки қизиқишларининг уйғунлиги, мумтоз адабиётни чуқур билиши, ўз халқини жаҳон шеърияти дурдоналари билан яқиндан таништириб боришга интилиши ёнма-ён қўйишимга сабаб бўлди”, дейди. Бу бағрикенг арбоб Абдулла Ориповнинг И. Шкляревский, Н. Гребнев таржимасидаги шеърларидан парчалар келтириб, шоир ижодидаги анъанавийлик ва замонавийликни нозик таҳлил этади.

Иброҳим Ғафуров, “Абдулланинг ижодкор сифатидаги тарихий миссияси – у шеърни ҳаётга яқинлаштирди”, дея таъкидлайди. Ҳақрост, шеър – характер, шоирнинг феъл-хўйи. Лекин шеърнинг ўта сирли, зиддиятли, ақлни лол қиладиган жиҳатларини қандай англаш мумкин? Шоир илоҳий қудрат, ҳол ва жазба кучи билан бир хилқат – дунёни яратар экан, ўз ҳолига қайтиб, биз каби жўн одамга айланганида, эҳтимол, ўша сирли оламни сўз билан ифодалаб беролмас. Шундай экан, биз шеърни олами кабир – микрооламнинг мўъжаз суврати, руҳнинг ажиб бир тўлқини, беқиёс товланиши деб қабул қилмоғимиз керак. Ахир, жунун ғолиб келганда шовуллаб тўкилган мисралар шеърхонни бамисоли сеҳрлайди-ку!

Абдулла Орипов саодатининг сири нимада, деган савол кўпчиликни ўйлатади. Тўғри-да, шоир кўп, шеър тахлам-тахлам, қуйма фикр ва оригинал ташбеҳлар бисёр. Бир ёнда модернчилару арузга ишқибозлар, бир ён сарбасту бармоқ, яна бир ёнда японларга тақлидан учлик қилаётганлар, танка қурувчилар... Ҳатто, найза, қалқон, камон ва пайкон шаклида шеър ясовчилар бор. Оҳанрабоси – аураси кучли бўлган улкан истеъдод ҳар қандай талабчан мухлисни ҳам ўз домига торта олади. Абдулла Орипов ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ халқ шоири деган юксак рутбага эришган эди. Абдулла ака ижодида ўзбекнинг ўзига хос табиати, яшаш тарзи, ўтмиши, орзу-армонлари алайно акс этиб туради. Халқимиз азалдан мажозий гапиришга, одам, нарса, ҳодиса ва ҳолатларни образли тасвирлашга, нимагадир менгзашга мойил. Абдулла Орипов шеърларидаги бемисл метафоралар илдизини мана шундан излаш керакдир. Ахир, ибтидода зуваласи ҳикмат суви ила қорилган ўзбекнинг генетик коди эртак ва маталлар, ривояту ҳикоятлар, “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби сир-синоатга тўла достонлар ила маҳкамланган-ку! Абдулла Орипов ана шу “код”ни ечди – халқнинг томирига тушиб, қулфи дилини очди! Бетизгин тахайюл, эҳтирос, дуою таважжуҳни юксак маҳорат билан шеърга айлантирди. Ғайб оламига ошифта кўнгиллар ва дунёни пок, бегидр кўрмоқ истаганлар учун бу асарлар бамисоли маёқ эди. Муҳаммад Раҳмон бежиз битмаган:

“Ялтирайди нурда оқариб,

Таралгандай чилтор қиллари.

Бу, шубҳасиз, Абдулла Ориф...

Ориповнинг шаън сатрлари!”

Абдулла акадан “Шеър нима? деб сўрашганида, ортиқча камтарликни бир четга суриб қўйиб, “Шеър – бу ўзимиз-да”, дея жавоб берган. Ўрни келганда шеършуносларга жиддий таъна ҳам қилган: “Шеърий вазн ҳақида гап кетганда, тадқиқотчилар кўпинча бир нарсани унутишади, яъни уни қуруқ шакл деб ҳисоблашади. Вазн аввало оҳанг дегани. Оҳанг эса, одамнинг, шоирнинг қалбидан чиқади, қолаверса, қони-жонидан туғилади”.

Абдулла Орипов ижодида аждодлар руҳи билан мулоқот яққол сезилиб туради. Мафкура мияга сингдирган ватан манзарасидан фарқли ўлароқ, шоир катта бир ҳақиқатни шеъриятга олиб кирди. Чинакам миллий шоир буни тарихий миссия, онгли фуқаролик позицияси сифатида англаганига шубҳа йўқ. Довруқли шоир тарих сохталаштирилгани, диний ва миллий қадриятлар топталганини, “Бир ёқдан туганмас бахт берди жаҳон, Бир ёқдан туганмас ўкинч ва кадар”, деган мисраларда ифодалади. “Мозийни ёд этмоқ савобдир...”, деган шоирнинг ҳар бир сатри ҳасратдир. Аммо, “Тубсиз зулумотда банд бўлган шуур” бу надоматни англармиди?!

1971 йилда ёзган “Некрасов ҳасрати” шеъридаги

“Фақат шоир бўлиш...

Бу ҳали етмас –

То кишан бор экан юрт оёғида”, деган сатрлар – силқиб турган юрак дардини англаш қийин эмас. Некрасов ва Абдулла Орипов шеъриятида уйғун жиҳатлар талайгина. Абдулла Ориповнинг бу тахлит дил изҳори – ўқдай отилиб чиққан кейинги сатрларга бир эътибор қилинг:

“Шоир қаламида ҳасратлар қат-қат,

Шоирни чулғайди ўйлар дафъатан.

Яшаб қолармикан шеърим оқибат?

Озод бўлармикан нотавон Ватан?”

Некрасов оч ва юпун рус халқининг адолатсизлик ва уқубатга тўла турмушини шеър қилганда, чор империяси жаллодлари Туркистон оёғига кишан урган, мусулмон юрт бошидаги бир зулм ўнта бўлган эди.

Абдулла Орипов Худо берган истеъдодни жасоратга пайванд қилмаганида “Юзма-юз”, “Муножот”ни тинглаб”, “Баҳор”, “Инсон қалби”, “Она сайёра”, “Ўзбекистон”, “Она тилимга”, “Сароб”, “Генетика” каби ўнлаб хайрли фол каби шеърлар кўнгилда кўмилиб кетарди. Устознинг қирқ беш йил бурун битилган “Авлодлар ҳикояси” шеъри бор:

“Ярим тун.

Овулдан йўлчи ўтмоқда,

Тулпор туёғидан чақнайди тошлоқ.

Ногоҳ от дупури кириб қулоққа

Чўчиб уйғонади кекса чол мудроқ.

–Кексалик қурсин-да...

Уф тортар узун,

Хотирада Бойсун,

Чақнаган ўқлар...

Чол то саҳаргача юммайди кўзин,

Набираси эса донг қотиб ухлар”.

Асар Миллий озодлик ҳаракатига бағишланган. Туёғидан учқун сачровчи тулпор – армон. Бедор чол – изтиробли тарих. Бойсун – “босмачилик”нинг сўнгги манзили. Набира – янги ҳаёт. Чолнинг қушуйқулиги фақат қаричиликдан эмас. Қулоғи отлар дупурини илғаса, бас, қўлдан кетган юрт, қасоскор ёшлик ёдга тушади. Боз устига, невара – ғафлат уйқусидаги авлод чолга уйқу бермайди. Ахир, қурсоқ қайғусини қадриятлардан, оломончилик кайфиятини ўзликни англаш истагидан беҳ билган авлод учун тарихий хотира азиз бўлармиди?! Энг ёмони, бир ҳаводан нафас олса-да, миллий ҳаётдан руҳан йироқ ўсган йигит-қиз бошига дўппи, эгнига адрасу тўн илганингиз билан ўзбек бўлиб қолмайди. Аждодлардан айри тушгани учун ҳам у икки бошли бургут панжасида!

Сўз – муқаддас. Аллоҳнинг биргина “Бўл!” деган сўзи билан бу дунё яралди. Абдулла Орипов “Сўз” деган шеърида шундай ёзади:

“Сўз асли Пайғамбар,

У боис балки

Одамзод таниган ўз Худойини.

Эриган темирнинг томчиси каби

Ўртаб юборар у теккан жойини”.

Шоир билан ўн саккиз ёшда танишиб, умрининг сўнггича дўст номини ардоқлаб ўтган Шукур Холмирзаев “Йўллар айро тушди, аммо...” эссесида шундай ёзади: “Абдуллада нималарнидир олдиндан сезиш иқтидори бор, домлаларнинг анчайин гапидан ҳам тегишли хулосани чиқариб олар, кейин-кейин бизнинг бунга ақлимиз етарди. Бундан ташқари, унинг хотираси... ҳали-ҳамон ундай хотираси мустаҳкам кишини учратганим йўқ, худо ҳаққи!

Унинг бутун бошли Лермонтову Пушкин... асарларини ёд билиши, Навоий бободан тортиб Ғафур Ғулому, Чўлпону, Усмон Носирлардан ёд билмаган асарлари камлиги, ҳатто насрий-классик асарларнинг ҳам энг сараларидан ёд олгандек мисоллар келтириши – ана шу – унинг хотира қуввати ҳақидаги гапимни тасдиқлайди”.

“Ленин учқуни” газетасининг 1989 йилги сонларидан бирида Абдулла Орипов билан суҳбат берилган. Ориф Тўхташ (Орифжон ўшанда мактаб ўқувчиси бўлган ) саволларига жавоб берган устоз бир шеър ўқийди. Шеър негадир китобларга кирмаган. Устоз руҳи шод бўлсин, дея тўлиқ келтирдик. Тафсирни эса закий ўқувчилар ихтиёрига қолдирдик:

“Ўзбекнинг гўзал хулқли фарзандлари қайдасиз,

Қайдасиз дасторига гул қадаган шоирлар?

Бахшилар сиз мозийдан гар эртаклар айтасиз,

Лекин қайда Зуҳролар, лекин қайда Тоҳирлар?

Мен ғишт қўйган иморат посбонсиз қолмасмикан,

Бир куни вайронага юз тутмасми қўрғоним?

Қўрқаман, эрта бир кун ёқамдан олмасмикан,

Ўз пушти камаримдан бунёд бўлган ўғлоним?”

Ҳассос шоиримизнинг ожиз банда ўлароқ афсус-надоматлари кўп эди:

“Шу мўъжаз уйимда ёнсин деб чароғ,

Не азиз зотларга ёндашдим гоҳи.

Бирин ака дедим, бирини ўртоқ,

Баъзида ном олдим даврон маддоҳи”, деган сатрлар бундан қирқ йил бурун битилган: “Ўйлаб қарасам, менинг умрим фақат адашувлардан иборат бўлибди. Халқимни мақтабман, халқим эса оломон даражасида қолган экан, ҳамма партияни мақтаганига, мен ҳам орқасидан эргашибман, партия йўқ нарса экан. Энди умр ўтиб кетиб қолди. Мустақилликни орзу қилдим, бир нималар ёздим баҳоли қудрат. Кейин, ошни дамлаб қўйиб, дам етгунича чекиб, бир хумордан чиқай, деб папирос тутатиб турган маҳалида, олғирлар ошни қозон-позони билан кўтариб кетганидан бехабар қолган ошпаз ҳолига тушиб қолдим. Шундайларнинг қўлига тушиб қолдим. Кучайиб кетди улар. Ҳамма нарса олди-бердига боғланиб қолди”.

Элнинг шундай таъна-маломати бор: “Хон қошида қоранг бўлса, қора кеманг қирда юради”. Шундай-ку-я, аммо, фақир-фуқаронинг ҳам тоши ўрга юмалайдиган замон бордир? Токай енг ичида мушт кўрсатади. Халқим деб кўкайи кесилган шоирни изтиробга солган иллатлар бир кун барҳам топар?..

Устознинг эллик йиллигига бағишланган тантаналардан бири Тошкент давлат университети (ЎзМУ)нинг Маданият саройида бўлиб ўтган эди. Мингдан зиёд талаба салкам тўрт соат ҳаяжон ила томоша қилган шеърият байрами ҳали-ҳамон кўз ўнгимда. Кейинчалик университет профессори бўлган Абдулла ака талабаларга маъруза ўқиётиб, “Аллоҳ таоло фаришталаридан бирини бизнинг заминга Ҳазрат Навоий қиёфасида туширган бўлса керак”, деган эди. Бу ўхшатишни устознинг ўзига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Усмон Азим айтмоқчи, “Банда десак, ҳақиқатга малол бўлгай”.

Олим ТОШБОЕВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист