Тақдири азалда битилган ватандан айро қисмати туфайли ҳали ўспиринлик чоғидаёқ она диёридан йироқларга кетишга мажбур бўлган шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг соғинч ва армонлари ўз она тилида ёзилган ашъорларига тўкилган. Улар бизга ҳануз буюк бобомизнинг ватанпарварлигидан сабоқ бермоқда. Ўша олис Ҳиндистоннинг тупроғида унинг авлодлари барпо этган иншоотлар, боғлар аждодларимиз қудратини оламга кўз-кўз этмоқда. Гўё улар ота-боболаримиз юрагидаги буюк Ватан тимсоли каби ҳануз қад ростлаб турибди.

Она тили орқали авлодлар давомийлиги, анъана ва қадриятлар муштараклиги уйғунлашади. Бу уйғунлик инсонга ўзлигини англашга имкон яратади. Ўзини танимаган Аллоҳни танимайди, дейишади. “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”, деб ёзганди она тилимизнинг асосчиси Алишер Навоий. У яратган илмий ва бадиий асарларда она тилимизнинг бутун жозибаси, гўзаллиги жилоланиб, хануз дунё аҳлини ўзига ром этмоқда.

Не-не босқинлар, истибдод тузумнинг тазйиқларига дучор бўлган она тилимиз ҳамма вақт ўзининг фидойи фарзандлари сабаб ўз софлиги ва мавқеини сақлаб қолди. Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Фитрат каби миллатнинг жонкуяр фарзандлари Ватан, халқ озодлиги, тилимиз софлиги йўлида курашиб, бошларини кундага қўйдилар. Истибдод тузумнинг хўрликларида ҳам, дарбадарликда, ватангадоликда ҳам миллатимизнинг жонкуярлари она тилимизни кўз қорачиғидек ардоқлаб, ўз асарлари орқали уни янада бойитдилар.

Саид Аҳмад, Эркин Вохидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф каби ижодкорларимиз эса мухлислар қалбида ўз она тилига нисбатан ғурур ва ифтихор туйғуларини улғайтирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Адиблар ҳиёбонида бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар билан учрашувда миллий адабиётимизга юксак баҳо бериб: “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”, деган эди.

Хориж мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига биноан 2021 йил 11 август куни “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди.

Унинг асосий мақсади ва вазифалари хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни рағбатлантириш ҳамда юртимиз келажаги бўлган, хорижда истиқомат қилаётган ва тахсил олаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва шу каби қатор хайрли тадбирларни амалга оширишга қаратилган.

Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар доирасида, мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида (АҚШ) очилган ва шу кунларда фаолият олиб бораётган “Ziyo Art” ўзбек мактабига адабиётимизнинг буюк намоёндалари – атоқли ёзувчи ва шоирларимизнинг қаламларига мансуб 400 дан зиёд китобларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

“Ziyo Art” ўзбек мактаби олис Америка диёрида 2020 йилнинг 19 сентябридан бошлаб фаолият олиб бормоқда. Ушбу мактаб ўзбек ватандошларимизнинг “Маҳалла USA” номли нодавлат ноҳукумат ташкилоти қошида ташкил этилган.

Мактабда ўзбек тили ва адабиёти, математика, одобнома, тасвирий санъат ва шахмат фанларидан дарслар олиб борилади. Сабоқлар шанба ва якшанба кунлари, ўзбек тилида, юртимиздан келтирилган махсус ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда, малакали ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Ўқитувчилар танлов асосида саралаб олинган.

26 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирда, мактаб биносида тўпланган Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг фарзандларига Ўзбекистон Республикасининг БМТ ҳузуридаги Доимий вакили, фавқулодда ва мухтор элчи Бахтиёр Ибрагимов томонидан мумтоз адабиёт намоёндалари, ёзувчи ва шоирларимиз қаламига мансуб асарлар совға қилинди.

Ушбу китобларнинг аксарият қисми Америка диёрида таҳсил олаётган ўзбек ўғил-қизларимизга туҳфа қилинди. Китобларнинг яна бир қисми мактаб биносида ташкил этилган кутубхонада қолдирилади ва қолган қисми Пенсильвания, Иллинойс, Нью-Жерси штатларида истиқомат қилаётган ўзбек оилаларининг фарзандларига етказиб берилади.

Шунингдек, тадбирда Нью-Йорк шаҳар кенгаши депутати Ари Каган ва Нью-Йорк штати сенатори Эндрю Гунардес ҳам иштирок этиб, ўзбек диаспораси ҳақида илиқ фикрларни билдиришди.

Жумладан, депутат Ари Каган: “Мен ўзбек жамиятини Нью-Йорк тожининг зумради деб доимо таъкидлайман. Чунки ўзбекларнинг барча тадбирлари гўзал тарзда ташкил этилади, бу миллат вакилларига инсонийлик ва меҳмондўстлик туйғулари хосдир”, дея қайд этди. У шунингдек, Ўзбекистон халқининг бой маданияти ва анъаналарини юқори баҳолади.

Сенатор Эндрю Гунардес тўртинчи авлод иммигранти сифатида АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг ўз фарзандларига она тили, адабиёти ва миллий анъаналарини ўргатиш йўлидаги саъйи-ҳаракатларини қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади. “Мазкур жараён халқлар ва жамиятлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшади”, деди Э.Гунардес.

Тадбир давомида АҚШда истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг фарзандлари ўзбек тилида шеърлар айтиб, миллий рақс санъатимиз намуналаридан ижро этишди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон раҳбариятига, хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган ғамҳўрлик учун миннатдорликларини билдирдилар. Ушбу зиё нурини америкалик ватандошларимиз фарзандларига етказишда жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига, БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонамизга алоҳида миннатдорлик билдирдилар.

Ҳилола АЛИМОВА, журналист

Нью-Йорк