Мазкур кунларда ҳаво ҳарорати республиканинг аксарият ҳудудларида 43–45°, жанубий ҳамда чўл ҳудудларида эса 46–49° гача кўтарилди.

Ҳаво ҳарорати Ўзбекистон ҳудудида метеорологик кузатувлар олиб борилган давр мобайнида қайд этилган энг юқори қийматларга жуда яқинлашди.

Республиканинг қатор ҳудудларида янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди.

Тошкент шаҳрида энг юқори ҳаво ҳарорати 44,3° 19-июль, якшанба куни қайд этилди. Бу кўрсаткич 1997 йил 18 июльда пойтахтда кузатилган мутлоқ максимумдан атиги 0,3° паст бўлди.

Фарғона водийси вилоят марказларида эса ушбу кунларда максимал ҳарорат бўйича рекордлар 2–3 марта янгиланди.

Ушбу кунлардаги экстремал иссиқ об-ҳаво термик депрессия таъсирида шаклланди. Бу жараёнда Эрон ҳудуди устида юқори тропосферада кучли баланд босим тизмаси ҳосил бўлади ва унинг таркибида ниҳоятда иссиқ ҳаво массаси айланиб туради.

Мазкур баланд босим тизмаси шимоли-шарқ томон силжиши билан иссиқ ҳаво худди гумбаз сингари Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудини босқичма-босқич қоплайди. Натижада булутлилик кескин камаяди, қуёш радиацияси кучаяди ва ер юзасининг қизиши ҳисобига ҳаво ҳарорати фавқулодда юқори қийматларга етади.