Олис-овлоқ гўшаларда, оддийгина умргузаронлик қила туриб ҳам инсон ўз эътиқоди, имони туфайли қадр-қиммат топа олади.
Таниқли ёзувчи, драматург Ғафур Шермуҳаммад қаламига мансуб, яқиндагина “Адабиёт” нашриёти томонидан чоп этилган “Марди майдон” китобидан жой олган асарлар лейтмотивини, менимча, худди шундай ғоялар ташкил этади. Чунки тўпламдаги қиссаларнинг, ҳикояларнинг қаҳрамонлари – дала-дашт фарзандлари, андак тўпори, андак қизиққон, андак беандиша, шу баробарида, юракларида ор-номус, тантилик, диёнат мавж уриб турган одамлар. Уларнинг аксарияти беш-олти овулдан нарига ўтиб кўрмаган, лекин кўнгиллари дунё қадар кенг. Албатта, муаллиф ўз қаҳрамонларини оппоқ ёхуд қоп-қора рангларда жўнгина тасвирлаб қўймайди, аксинча, уларнинг феъл-атвори-ю, ҳис-туйғуларини, ҳаётий тутумларини бутун мураккаблигича қоғозга тўкади, шу боис, асарлардаги барча персонажлар жонли, тирик одам сифатида кўз олдимизда гавдаланади. Гўё улар бизга кўпдан бери танишдай, қайлардадир учрашиб суҳбатлашгандай таассурот туғдиради. Бошқача таърифлаганда, каттаю кичик персонажларнинг ҳаммаси юрагимизга яқин, қадрдон.
Масалан, “Баракасини берсин” қиссасидаги Қулмурод ва Ҳайдар образлари. Аввал бошида улар одамгарчилик сиёғи йўқ, қув-айёр қаҳрамонлар сифатида таассурот уйғотади, мутолаа жараёнида эса уларнинг ҳам имони бут, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, диёнатли одамлар эканига гувоҳ бўламиз. “Қудуқ”даги Эрат чўпон ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Унинг Лаллайни чуқурга қамаб қўйиши, шафқатсизлиги ўқувчига аввалига малол келади, ичимизда нафрат пайдо қилади, кейинроқ у ҳам мардлик-тантилик хислатларидан бехабар эмаслигини билиб, кўнглимиздан илиқ кечинмалар ўтади. Ушбу образ ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритишга ундайди. Эрат – аҳду паймонни, лафзни ғоят қадрлайдиган одам. Лаллайнинг тайинлаган куни келолмай қолишига бирор узрли сабаб бордир, деб ўйлаб кўришни ҳам истамайди. Инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўз ваъдаси устидан чиқиши шарт, деб ҳисоблайди. Тағин эътиборли жиҳат шуки, бундай тутум-талабга ўзи ҳам қатъий амал қилади. Жаҳл устида Лаллайга қудуқдан сув чиқмагунича, сен ҳам чуқурдан чиқмайсан, деб юборди ва уни қамаб қўйди. Қарангки, Лаллайдаги мардлик, одамгарчилик фазилатларидан қаттиқ таъсирланган бўлса ҳам уни чуқурдан тортиб олмайди, чунки ҳали сувдан дарак йўқ, демак ҳали қасамни бузиб бўлмайди. Э, кимсасиз чўлда яшасам, қасамимга ҳеч ким гувоҳ эмас, хоҳласам, қатъий тураман, хоҳласам, бузаман, қабилидаги ўй хаёлининг кўчасига ҳам келмайди. Эратнинг айнан шу қайсарлиги, сўзида собитлиги ҳам ўқувчида завқ уйғотади, қасамларнинг қадр-қиммати сийқаланган, ваъда бериб бажармаслик оддий ҳолга айланган бугунги кунда мазкур образ ноёб бир гавҳардек ярқираб кўринади.
“Марди майдон”даги Тўлабой образи ҳам мураккаблиги билан ўқувчи эътиборини тортади. Асар бошида биз уни кўпкариларда ғирромликка, найрангбозликка қўл ураётган чавандоз сифатида кўрамиз. Албатта, кўнглимизда нафрат, норизолик учқунлай бошлайди. Аммо мутолаа давомида бу қаҳрамоннинг ҳам ўзига яраша дарди борлигига, беҳуда қинғир йўлга кирмаганига гувоҳ бўламиз. Тўлабой мол-матоҳдан ҳам кўра ор-номусни, қассос лаззатини устун қўйишини англаймиз. Фикримизнинг тасдиғи сифатида қуйидаги лавҳага эътибор қаратишни лозим кўрамиз:
“Икки суворий уларнинг олдига совринга олинган бир сурув қўй-эчкини ҳайдаб келди.
– Ана, молларингни битталаб санаб ол!– деди Тўлабой ёнида турган тўй эгасига.
– Ие...Нима деяпсиз? – деди у ҳайратланиб. – Совринлар сизники...
– Менга бу элнинг соврини ҳаром!”
Қиссада Тўлабойнинг кекса, устоз чавондоз Саттор полвонга муносабатида ҳам унинг жўмардлиги, кўпкари удумларига садоқати, тиниқ қалби якқол кўринади. Ўзбек полвонининг дангаллигидан, ғуруридан завқ-шавқ туямиз. Беихтиёр ўша дала-даштга бориб, Тўлабойни топиб, қўлларини сиқиб қўйгимиз келади. Бу образ ҳам фарзандларимизни мардона, танти қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, деб бемалол айтишимиз мумкин. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ғафур Шермуҳаммаднинг “Марди майдон” тўпламидан жой олган қиссаларнинг, ҳикояларнинг барчаси миллий калоритга бой, ҳар сатрида содда ва қайсар дашт одамлари нафаси уфуриб туради, юрагимизга соғинч, хайрихоҳлик, шафқат сингари соҳир туйғулар сизиб киради. “Баракасини берсин”, “Тенгиз”, “Таъзиядаги тўй”, “Марди майдон” – қай бирини мутолаа қилмайлик, муаллифнинг оддий одамлар ҳаётини яхши билишини, уларнинг дардини юракдан ҳис этишини, эл билан ҳамиша ҳамдард, ҳамнафас эканини англаймиз. Алҳол, асарларнинг бадиий етуклигига, тасвирларнинг тиниқ ва жонли чиқишига худди шу жиҳатлар таъсир кўрсатган бўлса, ажабмас.
Модомики, сўз миллийлик, оригиналлик, бадиий жозибадорлик ҳақида бораркан, бу борада тўпламдаги “Қудуқ” қиссаси якқол ажралиб туради. Асар қаҳрамони Лаллай, атоқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев таъкидлаганидек, тишидан тирноғигача ҳақиқий ўзбек. Ўзбекнинг турли ракурслардан олиб кўрсатилган ёрқин тимсоли. Қиссага олис мустабид тузум давридаги воқеалар асос қилиб олинган бўлса-да, лекин у бугун ҳам юрагимизга яқин. Чунки унда ўзбекнинг ҳаёт тарзи, феъл-атвори, хислату иллатлари, дарду ҳасрати, орзу-армонлари улкан самимият билан тасвирланган. Бу қисса бош-адоқ тимсоллар тизимига қурилган, дея бемалол таърифлашимиз мумкин. Аввало, бош қаҳрамон соддалиги, ишонувчанлги, садоқати, меҳнатсеварлги, ҳалоллиги, матонати, бардоши билан ўзбек халқининг чинакам тимсолидир.
Қудуқ нима? Бу ўзбекнинг сабр косаси. Балки Лаллай ковлаган қудуқ бирор кун сувга тўлиб-тошар, аммо ўзбекнинг сабр косаси жабру жафолардан, ситамлардан ҳеч қачон тўлиб-тошмайди, аксинча, аламлар, армонлар кўпайгани сайин у янада чуқурлаша боради. Муаллиф айнан шундай фалсафий тутумларга асосланган бўлса, ажабмас. Асар бош қаҳрамонининг исёни ҳам ўзига хос, ўзбекона, уриб бировнинг қонини тўкмайди, аксинча, бисотидаги яккаю ягона жонлиқни сўйиб қон чиқаради ва.... дилини оғритган ўша касларни йиғиб худойи ўтказади. Қисса мутолааси жараёнида тағин англаймизки, Лаллай қудуқ ковлаган сайин чуқурга, қоронғуликка кириб кетаётгани йўқ, балки бамисли чўққига тирмашган чапдаст спортчи сингари ўқувчи кўз ўнгида тобора баландга кўтарилиб, нурга, ёғдуга беланиб бораверади. Зеро, инсонни билак қувватидан кўра юрагидаги, руҳиятидаги қудрат юксалтиради. Муаллиф ўзбекка шараф келтирадиган худди шу хислатларни тиниқ ва таъсирчан ифодалай олган. Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: Дониёр бува ва Чорининг ширинқудуқ орзусидаги суҳбати акс этган лавҳа асарнинг илк бобида келса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки қисса айнан ўшандай ширин сувли қудуқ ковланиши билан якун топяпти. Яъни, асар аввалидаги тугун ечиляпти.
Ғафур Шермуҳаммаднинг мазкур тўпламидан жой олган “Таъзиядаги тўй” қиссаси ҳам ўзига хос. Муаллиф кичик бир асарга ҳаётимизда бот-бот учрайдиган, дилларни ғашлайдиган катта муаммоларни маҳорат билан жойлай олган. Жумладан, бугунги кунда нафақат катта шаҳарларда, балки олис овулларда ҳам номаъқул анъанага айланиб улгурган бидъат-хурофотларни аёвсиз фош этади. Асар теша тегмаган ибораларга, нозик қочиримларга бой. Қуйидаги мисол фикримизни яна бир карра тасдиқлайди, деб ўйлаймиз:
“– Мен тарқата қолай! – Норча беихтиёр пулга қўл чўзди.
– Сиз ҳисобдан адашиб кетасиз.”
Таъкидлаганмиздек, қисса гарчанд мутойиба, юмор, кулгу билан битилган бўлса-да, мутолаадан сўнг ўқувчи беихтиёр маъюс тортиб қолади, эзгин ўйлар исканжасига тушади. Шу ўринда яна бир истиҳола: тўпламдаги асарларга “Киноқисса”, “Сатирик қисса” қабилида изоҳлар берилган. Менимча, бунга ҳожат йўқ. Қолаверса, мутолаа давомида ўқувчининг ўзи асар қай бир жанрга мансублигини билиб олгани маъқул.
Аёлнинг матонатини, тадбиркорлигини, садоқатини, собит иродасини тараннум этувчи “Тенгиз” қиссаси тўпламга алоҳида кўрк бериб турибди, дейишимиз мумкин. Асарда давр нафаси сезилади. Бугунги кунда мамлакатда кечаётган туб ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар самимият билан ифода этилган. Қиссада бир қатор замондош, қадрдон қаҳрамонлар қиёфасини учратамиз. Уларга қўшилиб қувонамиз, улар билан эртанги кун учун ташвиш чекамиз. Юрагимизга, руҳиятимизга кўтаринкилик, шижоат сизиб киради. Шунингдек, “Тенгиз” қорақалпоқ ва ўзбек халқлари ўртасидаги қардошлик, дўстлик, аҳиллик янада мустаҳкам, янада бардавом бўлишига улкан ҳисса қўшишига ишонамиз. Аммо айрим ўринларда қиссанинг асл насли фильм учун сценарий бўлгани сезилиб қолган. Бу талабчан ўқувчиларни ранжитмай қолмайди, албатта. Бу борада муаллиф кейинги нашрларда янада жиддийроқ ёндашади, деган умиддамиз.
Ҳар қандай қаламкашнинг иқтидорини, салоҳиятини баҳолашда унинг сўз қўллашига, матн устида ишлашига, халқ тилини нечоғли билишига эътибор қаратамиз. “Марди майдон”ни шу нуқтаи назардан кузатсак, Ғафур Шермуҳаммаднинг истеъдодига, тажрибасига яна бир карра гувоҳ бўламиз. Ёзувчининг сатрлари пишиқ-пухта бўлишидан ташқари бадиий бўёқларга бой, тасвирлари тиниқ ва таъсирчан. У нозик чизма билан ўқувчи кўз олдида жонли манзара яратиш баробарида бадиий завқ улашади. Жумладан, “Ёмғирдан бебаҳра қолган лалми майса каби қошлар...”, “Юраги чўғи ўчган тандирдек совуб қолган...”, “Қибла қизариб, гўё оламга ўт ўрлаган-у, унинг ичи-таши ҳам ўша оловга туташиб кетгандек эди...” сингари қуйма, асар моҳиятини тўлароқ ифодаловчи сатрлар кўплаб учрайди. Шунингдек, тўплам тасаввуримизни бойитадиган, бадиий лаззат берадиган нақлларга, мақолларга бой.
“Саксон – яксон...”
“Тентакни қочган томонига қув...”
“Тўйнинг кўрки ўртакаш билан, таъзия кўрки ҳассакаш билан...”
Албатта, юқоридаги каби нимтабассум уйғотадиган, серишора, сермазмун ибораларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчаси муаллифнинг халқ жонли тилини яхши билишидан, доимо изланувчан ижодкорлигидан дарак беради.
“Марди майдон”дан ўрин олган қиссалар ўз вақтида даврий нашрларда ҳам эълон қилинган. Жумладан, “Баракасини берсин”, “Таъзиядаги тўй” ўн йилча аввал адабий жамоатчилик севиб кузатиб борадиган “Ёшлик” журнали саҳифаларида ёритилган эди. Аммо муаллиф уларни яна қайта ишлаб, турли таъсирчан лавҳалар қўшиб, ифодасини тарашлаб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этибди. Бу ҳам бўлса, адибнинг ўз-ўзига талабчанлигини, адабиётга, бадиий сўзга ихлоси, эҳтироми баланд ижодкор эканини англатади. Бу хислатлар қайсидир маънода андак ҳовлиқма ёш қаламкашларга ибрат, намуна дея таърифлашимиз мумкин.
Ғафур Шермуҳаммаднинг мазкур тўпламига киритилган асарларнинг деярли барчаси асосида фильмлар яратилган. Улар халқимизнинг, мутахассисларнинг ҳақли эътирофларига сазовор бўлди. Аслини олганда, кино усталари, режиссёрлар ҳар қандай бадиий асарга ҳам эътибор қаратавермайди. Улар жонли, ёрқин, халқчил образлар излашади. Бундай қаҳрамонларни яратиш, албатта, ижодкорнинг маҳоратига, тажрибасига, воқеаларни худди кинотасвирдай ифодалай билишига боғлиқ. Юқорида қайд этганимиздек, Ғафур Шермуҳаммад ана шундай иқтидор, сезги, тасаввур соҳиби экани унинг битикларидан якқол кўриниб турибди. Адиб нафақат ҳамиша талабчан, ҳамиша чанқоқ китобхонларни, балки кинофильмларга иштиёқманд қавмни ҳам мамнун эта билди. Барча санъат турларининг замирида бадиий сўз, бадиий адабиёт ётишини кенг жамоатчиликка яна бир карра эслатди.
Хулоса тарзда айтганда, “Марди майдон”даги улоқ яна Ғафур Шермуҳаммадда кетди. Ҳалоли бўлсин!
Луқмон БЎРИХОН,
ёзувчи