Туркий шеъриятда ҳазрат Амир Алишер Навоийдан сўнг адабиёт майдонига чиқмоқ ва бир сўз айта билмоқ учун ижодкордан қайсидир маънода жасорат ва журъат лозим эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий яратувчанлигини ана шундай жасорат ва журъатнинг ўзига хос кўриниши, дея баҳоласа муболаға эмас.
Бобурнинг лирик мероси ҳажман унчалик катта эмаслигига қарамай, жаҳон адабиётида ўзига хос ўрин эгаллайди. У саккизта мумтоз лирик жанрда ижод қилган (ғазал, маснуъ, маснавий, қитъа, туюқ, фард, муаммо, рубоий). Бобур ғазаллари ҳам ғоя, ҳам бадиият жиҳатидан юксак шеърият намуналаридир. Буни ҳис этган шоир бир ғазалида фахрия усулида таъкидлайди:
Ироқу Форс гар етса сенинг шеъринг, эй Бобур,
Ани ҳифз этгуси Ҳофиз, мусаллам тутқуси Салмон.
Яъни шоир айтмоқчики, агар шеъринг Ироқ ва Форс тарафларга етиб борса, уни машҳур шоирлар – Ҳофиз Шерозий ёд оларди, Салмон Соважий таслим бўларди. Бу, албатта, фахрия байт. Лекин унда бадиий ва реал ҳақиқат ҳам мужассамдир. Бобурнинг шеърлари кўп мамалакатларга тарқалди ва ўз ўқувчиларини топди, уларнинг қалбига кириб борди.
Бобур шеърларида ҳаёт, коинот, инсон ва жамият муаммолари ҳақидаги маъно-мазмун уфқи ниҳоятда кенг, бадиийлиги ҳайратомуз даражада юксак. Уларнинг мавзуси хилма-хил бўлса-да, муҳаббат ҳақидагилари кўпроқдир. Шу ўринда унинг бир ғазалини таҳлил этиш баҳонасида юқорироқда даъво қилинган фикрларнинг нечоғли асослигини кўриш мумкин бўлади.
Бобур девонидаги беш байтли ғазаллардан бири “Мушкилдур” радифли асардир. Ғазал санъаткорона, шарқ мумтоз адабий анъаналари қолипида, бадиий юксак ёзилган. Биз бу ўринда ғазалнинг фақат семантик, яъни маъно-мазмун қатламига диққат этсак, муаллифнинг маҳорати билан мақсад-муддаосига қулоқ тутсак.
Мазкур ғазал гарчанд қисқа бўлса-да, ўзида шоир, айни дамда лирик қаҳрамон бошидан кечираётган ҳодисани жонлантира олгани билан ёрқин образга ва жозибали тасвирга эга бадиият намунасидир.
Ғазал арузнинг ҳажази мусаммани солим баҳрида ёзилган (мафоийлун, мафоийлун, мафоийлун, мафоийлун). Асар бир ёрга муҳаббат изҳоридир. Лекин шу изҳор орқали арзи ҳол ҳам қилинади. Ошиқ ёр-маҳбубага кўнгил дардини айни воқеликдаги кечинмаларини баён этиш орқали айтади. Бу худдики ҳамма даврларда ҳам икки севгувчи кўнгилнинг бир-бирига талпинуви, висолга етишмоқнинг машаққати, етишганида ҳам муносиб сўз тополмай қийналаётган қалбнинг кечинмалари тарзида қабул қилинадиган муҳаббат номасидек ўқилади.
Аслида муҳаббат ҳамма даврларда ҳам чин инсоний юракларни чечак янглиғ очтирадиган, булбул каби сайратадиган ёки хазон сингари хор қиладиган ҳис-туйғу эканини Бобур шу биргина кичик шеъри орқали акс эттириб, ўқувчини ошиқ кўнгли изтиробларига ва кечинмаларига ошно эта олган.
Илк байтдаёқ биз ошиқнинг аллақачон ишқ гирдобига тушгани, маъшуқаси билан “чиқишиб кетмоғи” эса ундан-да мушкул бўлиб келаётганини биламиз:
Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкилдур,
Сенинг бирла чиқишмоқлиқ дағи бисёр мушкилдур.
Шоир мухотабига (мурожаат қилинувчи – маъшуқага) айтмоқдаки, “Эй ёр, агар сенсиз сабр қилмоқнинг ўзи мушкул, (лекин) сен билан чиқишиб кетиб (яшаш ҳам) ундан мушкул”.
Бу хитоб ортидаги воқелик бир-бирини севувчи, лекин нимадир нарсалар сабаб яна бир-биридан ранжиб қолувчи жуфтликларга жуда таниш. Яъни кунда ёки кунора ён атрофимизда бу каби ҳолатларга ва инсонларга дуч келишимиз мумкин.
Севиш ҳам бир телбаликдир. Мана шу телбалик ортида ҳам юрагингдан жой берасан, ҳам ундан нафрат қилиб қоласан. Бироқ яна уни севаверасан. Мана шу ҳолат – телбалик кўринишининг бир ҳолати кейинги байтда акс этган:
Мижозинг нозику, сен тунду, мен бир беадаб телба,
Санга ҳолимни қилмоқ, эй пари, изҳор мушкилдур.
Шоир мухотабига айтмоқдаки, “мен телба бир адабсизлик қилиб қўйсам, сен нозикмижозлигингдан тунд бўлиб оласан, эй пари, (шунинг учун) сенга ҳолимни изҳор қилишим ҳам жуда мушкул”.
Аслида шоирнинг ўзи жуда нозиктаъб ва нозикмижоз. Тасаввур этайликки, у кўнгил қўйган гўзал қанчалик нозикмижоз экан?! Ҳар икки юқори дид меъёри бир-бирига баробар бўлганда азбаройи тўқнашиб кетганидан уларнинг бири беихтиёр ранжиб қолади. Натижада у тундлашади. Яъни бу ўринда бироз ғазабланади ва юзининг туси ўзгаради. Оқибатда шундоқ ҳам қийинчилик билан етишилган васл они тахирлашади.
Мана шу мисраларда Бобурнинг мирзо ёки кейинчалик ўзи таъкид этганидек “подшоҳ” ўлароқ эмас, айнан оддий ва содда ошиқ сифатида гавдаланаётганига амин бўламиз. Бобур – чин ошиқ. Унинг маъшуқаси ҳам реал маҳваш. Фақат ўзгаларнинг ёридан у ўн чандон – юз чандон гўзал ва мижози ўта нозик! Мана шунинг учун унинг висолга эришуви ҳам, васлга қониқуви ҳам жуда мушкул...
Бироқ Бобур айни дақиқалик ёхуд сониялик висол онини ҳам бахт деб билади. Афсуски, бу бахт “хоболуд” (уйқу аралаш, уйқусирагандаги)дир:
Не осиғ нола-у фарёд хоболуд бахтимдин,
Бу унлар бирла чун қилмоқ они бедор мушкилдур.
Шоир энди мухотабига эмас, ўз-ўзига айтмоқдаки, “афсуски, уйқудаги бахтимдан нола ва фарёд қилсам не фойда?! Бундай (ожиз) овозлар билан уни бедор қилиш (уйғотиш) ҳам мушкул”.
Бахт ҳам уйқусираши мумкинми? Бобур нима демоқчи? Бу ўринда бахт икки маънода – биринчиси, тўла эришилмаган, гоҳ кулиб, гоҳ юз бураётган, гоҳ ранжишини билдираётган маҳбубага етишмоқлик аҳволи; иккинчиси, аслида эришган-у, лекин фақат унинг осудалигини истаб уйқудан уйғотишни истамаётган ошиқнинг ҳолати.
Ҳар иккиси ҳам реалликка эга. Шубҳасиз, шоирнинг қаҳрамони мушкулликда. Бу мушкуллик энди у қадар машаққатли кўринмаяпти. Шундай бўлса ҳам гўзалнинг ноз уйқусини бузиб юбормаслик учун у унсиз фарёд чекмакка мажбур.
Ғазалнинг зикр этилган учинчи байтидан бошлаб шарҳи ҳол бошланган. Тўртинчи байтда эса бу кучаяди.
Манга осондур бўлса агар юз минг туман душман,
Вале бўлмоқ жаҳонда, эй кўнгул, беёр мушкилдур.
Шоир ўз-ўзига айтмоқдаки, “юз минг туман душман билан қарши туриш манга осону ва лекин, эй кўнгил, бу дунёда ёрсиз бўлиб қолиш ундан-да мушкул”.
Сўнгги – бешинчи байтда энди шоир бироз мавъиза – панд-ҳикмат ўгитига мойиллик қилади:
Висолинким тиларсен, нозини хуш тортғил, Бобур
Ки, олам боғида топмоқ гули бехор мушкилдур.
Шоир ўз-ўзига хулоса қилиб айтмоқдаки, “Эй Бобур, (агар ёрингнинг) висолини тиласанг, унинг нозини ҳам хуш (яхши) қабул қил, (негаки) дунё боғида тикансиз чечак топишнинг ўзи мушкул”.
Байтдаги “гули бехор” ва “олам боғи” ажойиб истиора. Чаманда гул тикансиз бўлмайди. Бу ўринда эслатиш жоизки, ўрта асрлар Шарқ мумтоз адабиётида гул дейилганда асосан атиргул назарда тутилган. Атиргул эса тикансиз эмас. Шуни кўзда тутган ҳолда гулдай ёрининг “тундлашуви”ни ноз сифатида қабул қилиб, уни яхшилаб бағрига олишни – “хуш тортиш”ни Бобур ўз-ўзига таъкидламоқда.
Бу байтнинг бирламчи маъноси. Иккиламчи жиҳати эса мажоздир. Яъни “олам боғи” - бу ҳаёт, “гули бехор” - ҳаётнинг неъматлари. Улардан баҳраманд бўла олмоқлик учун эса ранжига чидам бериш даркор.
Бошқа тарафдан эса бу дунёнинг энг гўзал кўринган жиҳатлари ҳам тикансиз эмас. Инсонга озор етказиб қўйиши мумкин. Асл висолни тилаган одам дунёдан хуш ўтади, ранжларга эътибор қилмайди.
Мана Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг биргина “Мушкилдур” радифли ғазалидан чиқарилажак мазмунлар ва улгилар. Ёки бошқачароқ айтганда, Бобур “мушкил”ининг ечими!..
Отабек ЖЎРАБОЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент