Тадбирда Олий суд масъул мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирок этди. Матбуот анжуманида суд тизимининг ижтимоий аҳамияти, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилишдаги натижалар ҳамда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда “Инсон қадри” ғояси асосида олиб борилаётган сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар суд соҳасида ҳам сезиларли натижалар бермоқда. Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилди. Бу жараёнда аҳоли ва тадбиркорлар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди ва судга мурожаат қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали ариза юбориш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларни кўриш жараёни ҳақида маълумот олиш имкониятлари жорий қилинди. Шу билан бирга, судлар фаолиятининг очиқлиги оширилди, оммавий ахборот воситалари орқали брифинглар ва учрашувлар ташкил этилди. Бу аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилмоқда, деди масъул мутахассис.
2025 йилдан бошлаб жиноят ишларида инсонпарварлик тамойиллари асосида «Хабеас корпус» институти кенг татбиқ этилмоқда, тергов судьялари институти эса миллий амалиётга жорий қилинди. Ҳозирда 263 нафар тергов судьялари 205 та жиноят ишлари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилмоқда. Шунингдек, маъмурий суд ишларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган концепция тасдиқланди.
Суд соҳасини рақамлаштириш бўйича бир қатор фармонлар қабул қилинди. «Рақамли суд» ва «Ақлли суд» заллари ташкил этилди, сунъий интеллект технологиялари жорий қилинди. Судларнинг барча инстанцияларида ишларни автоматик тақсимлаш жараёни йўлга қўйилди, бу орқали ишларни кўриш самарадорлиги 90%гача оширилди. Суд амалиётида аниқланган камчиликлар таҳлил қилинади ва қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиш бўйича доимий ишлар олиб борилмоқда.
2025 йилда судлар томонидан қарийб 4 миллиондан ортиқ иш кўрилди: 2 миллион фуқаролик, 63 минг жиноят, 691 минг маъмурий ҳуқуқбузарлик ва 690 минг иқтисодий ишлар. Судьялар орасида ўртача ойлик иш ҳажми фуқаролик ишлари бўйича 556 та, иқтисодий ишлар бўйича 388 та ва тергов судьялари бўйича 380 тани ташкил этди. Шу билан бирга, юқори инстанция судларига шикоят берилган ишлар 3,3%ни ташкил этди, қолган 96,7% ишлар томонлар келишими билан ҳал қилинди, деди Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усмонов.
2025 йилда судлар томонидан қарийб 422 нафар шахс оқланган. Шунингдек, 15 992 нафар шахсга нисбатан асоссиз қўйилган қўшимча айбловлар олиб ташланди ёки ўзгартирилди, 8 085 нафар шахс суд залидан озод қилинди, 35 572 нафар шахс муддатдан илгари шартли озод қилинди. Оила ва меҳнат низоларини ҳал этишда ҳам судлар фаол иштирок этди: 134 мингдан ортиқ оилавий низолар кўрилди, 5 235 оила яраштирилди, 14 мингдан ортиқ меҳнат даъволари ҳал қилинди ва уларнинг 59% қаноатлантирилди.
Иқтисодий судлар томонидан 691 минг иш кўрилди, 73 мингдан ортиқ иш тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди ва 10,8 трлн сўм миқдорида маблағлар тикланди. Инвестициявий низолар бўйича 144 та иш кўрилди, уларнинг 61% қаноатлантирилди. Шунингдек, 3 755 иш медиатив келишув орқали ҳал қилинди, бу тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни сақлаб қолишга хизмат қилди.
Маъмурий судлар томонидан 17 714 та ишдан 39,5% иш фуқаролар ва юридик шахслар фойдасига ҳал қилинди. Судлар томонидан 72 мингдан ортиқ хусусий ажримлар чиқарилди, улар асосан коррупция, безорилик ва ёшлар жиноятчилиги билан боғлиқ ишлар бўйича қабул қилинди. Шунингдек, судлар орқали ҳуқуқий онгни ошириш мақсадида 69 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди, 100 дан ортиқ семинар ва машғулотлар ташкил этилди.
Суд бинолари қуриш ва реконструкция қилиш, замонавий жиҳозлаш ишлари бўйича 2025–2030 йиллар давомида манзилли дастур тасдиқланди. Замонавий биноларда фуқароларни қабул қилиш хоналари, видеоконференцалоқа тизими, адвокат ва прокурор хоналари, она ва бола хоналари, тиббиёт хонаси, судья ва ходимлар учун махсус хоналар ҳамда «Рақамли суд» заллари ташкил этилди. Ҳар бир бинода иситиш ва совутиш тизими, қўриқлаш ва ёнғинга қарши хавфсизлик тизимлари ўрнатилди.
Суд интерактив хизматлари орқали фуқаролар суд жараёнини онлайн кузатиши, электрон ариза юбориши ва иш натижалари ҳақида маълумот олиши мумкин. Судланувчилар қамоқхона ва жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали 205 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағи тежалди. Шунингдек, судлар 35 давлат ташкилоти ва 54 ахборот тизими билан интеграция қилинди, бу жараёнда электрон иш юритиш самарадорлиги янада оширилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон суд тизимида интизом ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2022–2025 йиллар давомида 50 дан ортиқ судья турли қонунбузарликлар сабаб лавозимидан озод этилган, айримлари эса коррупциявий ҳолатлар ёки адолатли қарор чиқармаганлик учун жавобгарликка тортилинган. Мутахассислар бу ҳолатни суд тизимида муросасиз муҳит шаклланиши сифатида баҳоламоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил мутахассислар томонидан жавоблар олишди. Мулоқотда энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бири — сохта жабрланувчилар ва гувоҳлар муаммоси бўлди. Айрим ҳудудларда бир шахснинг бир нечта жиноят ишида жабрланувчи сифатида иштирок этиши жиддий саволларни келтириб чиқармоқда. Масъуллар эса Жиноят-процессуал кодексида бундай ҳолатларни тартибга солувчи моддалар мавжудлигини ва сохта гувоҳлик аниқланганда шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлади. Шу билан бирга, жиноятчиликка қарши курашда фуқароларнинг фаол иштироки ҳам муҳимлиги қайд этилди.
Рақамли суд тизимининг хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Суд ахборот тизимлари ички маълумотларни сақлаш марказларида жойлаштирилган, захира нусхалар билан ҳимояланган ва махсус бўлимлар томонидан 24 соатлик мониторинг амалга оширилмоқда. Ҳозиргача жиддий киберҳужумлар оқибатида тизим фаолиятига путур етказилган ҳолатлар қайд этилмаган.
Шу билан бирга, судлар ва ОАВ ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, журналистлар учун махсус семинар ва тренинглар ўтказиш режалаштирилгани билдирилди.
Мулоқот якунида суд тизимида инфратузилма, рақамлаштириш, очиқлик ва жавобгарлик бўйича муҳим ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Суд мустақиллиги ва ҳолислигини таъминлашда ҳар қандай ташқи босим ва шошма-шошарлик билан берилган баҳолар хавфли эканлиги қайд этилди. Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги қонун устуворлигини таъминлашдаги энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Зулхумор Акбарова