Она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш — давр талаби. Зеро, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида (шу жумладан, юриспруденцияда ҳам) адабий тил имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим тамойилларидан биридир. Бинобарин, қонунлар табиатан адолатли ва одамлар учун тушунарли, яъни яратилган ҳуқуқий ҳужжатлар тили батафсил, равон бўлиши керак.

Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги обрўси ва мавқеини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Мазкур фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳам тасдиқланди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди, иш юритиш асос­ларини давлат тилида ўқитиш маркази очилди. “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ҳам босқичма-­босқич амалга оширилмоқда.

Юртимизда миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва уйғунлаштириш, барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мактаблар ва турли тиллардаги оммавий ахборот воситалари тармоғининг кўпайиши, шунингдек, миллий маданий марказлар ташкил этилиши ижобий натижаларнинг ёрқин тасдиғидир. Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида ўқитиш 7 тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман) олиб борилади, дарсликлар ушбу тилларнинг барчасида нашр этилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, улардан 862 таси рус тилида, 133 таси қорақалпоқ тилида, 218 таси қозоқ тилида, 38 таси қирғиз тилида, 165 таси тожик тилида ва 23 таси туркман тилида дарс беради. Ушбу рақамлар бошқа тилларни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Тил — билимларни етказиш ва шакллантириш, шу жумладан, ҳуқуқий билимлар, инсонни ривож­лантириш ва тарбиялаш воситаси бўлиб, унинг  функциялари нафақат филологлар, балки ҳуқуқшунос олимларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб қилади.

Ҳуқуқ — жамият ҳаётини тартибга солувчи, бевосита назорат қилувчи восита. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай юридик ҳужжат сифати уларнинг аниқлиги ва саводхонлигига ҳам бевосита боғлиқ. Айниқса, ҳужжат тили адабий тил меъёрлари асосида шакллантирилиши лозим, бу матнларнинг тушунарли бўлишини таъминлайди.

Жамият ҳаётининг ҳуқуқ аралашмаган бирон-бир соҳаси йўқ. Давлат ҳужжатлари ва қонунлари жамиятнинг барча аъзоларига тааллуқли экан, уларни яратишда, аввало, адабий тил меъёрларига, ёзма юридик тил талабларига, юридик тилнинг сўз бойлигига қатъий риоя қилиш зарур, акс ҳолда, ҳужжат ўз қийматини йўқотади. Ёзма юридик тил нутқнинг муҳим кўникмаларидан биридир. Бу ёзма ҳуқуқий нутқни грамматик жиҳатдан тўғри тузиш, термин, атама ва сўзларнинг вариантларини танлашни англатади.

Ҳар қандай ҳуқуқий фикр, энг аввало, тилда, лексикада ифодаланади, нутқ моделлари орқали шаклланади ва нутқда ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам тил ва ҳуқуқ ижтимоий, маънавий ва маърифий ҳодисалар демак.

Юртимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар қонун тили ва услуби, ҳуқуқий терминология ва замонавий юристнинг нутқ маданияти каби долзарб масалалардаги мавжуд муаммолар ечимига қаратилган. Ҳеч қандай ислоҳот қонунларни ўзгартирмасдан амалга оширилмайди, бу эса ўз-ўзидан янги лисоний бирликлар (сўзлар, термин ва атамалар) ва шаклларнинг ривожланишига йўл очади. Янги ҳуқуқий тушунчалар тилда сўз ёки термин шаклида ўз ифодасини топгани сабабли, улар давлат тилининг ўз қонунлари асосида ифодаланиши ва шаклланиши керак. Чунки юридик тил адабий тилнинг ажралмас қисмидир.

Қонун тилида нотўғри ишлатилган битта қўшимча сўз, ҳатто битта тиниш белгиси қўпол семантик ва услубий, ҳатто сиёсий хатоларни келтириб чиқариши мумкин. Юридик ҳужжатларни тайёрлашдаги муаммоларнинг асосий сабаби ҳам ўзбек адабий тили талаблари, қоидаларини билмаслик, ёзма шаклда мулоқот қобилиятининг талаб даражада эмаслигидан.

Шу боис, расмий услубда ёзилган ҳар қандай ҳужжат профессионал тарзда таҳлил қилиниши ва пухта шакллантирилиши керак. Бунда расмий нутқнинг аниқлиги, мантиқийлиги, изчиллиги каби мезонларга қатъий амал қилиш шарт.

Ҳуқуқшуносликда ҳозирги куннинг энг долзарб, ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларидан бири, бу соҳа тилининг пухта шаклланган луғати — тезаурусини тузишдан иборат. Тўғри, илм-фан соҳаси тили терминологиясига бағишланган кўплаб луғат ва қомуслар яратилган. Уларнинг ҳар бири ўзига хос аҳамиятга эга. Ушбу манбаларнинг мақсади битта — ўзбек тилининг терминологиясини тартибга солиш. Маълум даражада мазкур вазифа бажарилди ҳам, яъни соҳаларда ишлатилаётган тушунчаларни тўғри ифодаловчи кўплаб терминлар яратилди. Бироқ бу борада амалга оширлиши керак бўлган ишлар якунига етган эмас.

Ҳуқуқ ва тил бир-бирига боғлиқ, ажралмас тушунчалардир. Ҳуқуқшуносликнинг ҳар қандай ­ғояси, муносабати, тушунчаси унинг лексиконида ифодаланади, яъни объект, вазият, жараённи акс эттириш учун танланган сўз, термин ёки атама ифода услубига мос келмаса, ҳеч қандай ҳуқуқий муносабатлар, алоқа, мулоқот ва фикрлаш юзага келмайди.

Гулнора ҒУЛОМОВА,

ТДЮУ доценти,

филология фанлари номзоди