Унда AҚШ, Aнглия, Германия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Туркия каби мамлакатларнинг Scopus, Web of Science ва миллий маълумотлар базасида индексацияланган нуфузли, халқаро рейтинги юқори илмий журналларида чоп этилаётган энг замонавий, мамлакатимиз тараққиёти учун долзарб илмий мақолалари саралаб, сарлавҳа ва аннотациялари ўзбек тилига таржима қилинмоқда.
Илмий ахборот бюллетени бош муҳаррири ва лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Мухтор Умархожаевдан “Тезкор илмий хабарнома” илмий ахборот бюллетенининг афзалликлари ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдик.
Сарлавҳада мақола мазмуни акс этиши лозим
— “Тезкор илмий хабарнома” илмий ахборот бюллетенида 7 та хорижий тилда чоп этилган, энг долзарб ва юқори рейтингга эга илмий мақолалар сарлавҳаси ҳамда мақоланинг асосий мазмуни ҳақида қисқача аннотация бериб ўтилади.
Умуман, мақола учун сарлавҳа жуда катта аҳамият касб этади. У ўқувчини айнан жалб қиладиган ва мақола мазмунини акс эттирадиган тарзда қўйилиши керак. Бироқ ҳозир кичик сарлавҳалар қўйиш оммалашган. Аммо илмий мақолаларда сарлавҳалар, асосан, 3-4 қаторли жумладан иборат бўлади. Ўқувчи сарлавҳа орқали илмий тадқиқот натижалари ҳақида хабардор бўлиши мумкин. Шу сабабли биз айнан дунёнинг энг машҳур нашрларида чоп этилган мақолалар мазмунини баён этадиган сарлавҳалар ва аннотацияга эътиборимизни қаратдик, — дейди Мухтор Умархожаев.
Бюллетен нега керак?
— Республикамиз олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари учун илмий адабиётларни хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилиш ва бу жараённи автоматлаштириш учун сунъий интеллект платформалари асосида электрон луғат, мобил илова ва таржимон дастурларини яратиш жуда муҳим масалага айланди.
Шу аснода жаҳондаги нуфузли илмий журналларда долзарб мавзуларда ёритилган мақолаларни “Тезкор илмий хабарнома” илмий-ахборот бюллетенида нашр этиб бориш ҳаётий заруратдир.
Маълумки, шу пайтгача талабалар учун замонавий фан ва техниканинг энг сўнгги янгиликлари акс этган ҳамда соҳага ихтисослашган икки ва кўп тилли терминологик ўқув ва таржима луғатлари етарли даражада эмас эди. Бўлғуси олим илм соҳасида ривожланишни истаса, унга ўзининг фаолиятида олиб борилаётган илмий изланишлар, янгиликлар ва терминларнинг маъносини билиш ниҳоятда муҳим. Ушбу илмий ахборот бюллетенида ана шундай вазифаларни амалга ошириш ҳам кўзланган.
Бунинг учун хорижий тиллар мутахассисларининг турли фан соҳалари вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан мақсадли ҳамкорлиги орқали фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграцияси ва инновацион кооперациясини амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилдик.
Албатта, ушбу жараёнга иқтидорли талабалар ва ёш олимларни жалб қилиш ҳам асосий мақсадимиз. Шунингдек, ахборот-ресурс марказлари фондини мунтазам янгилаб бориш учун нашриёт ва босмахона ишини йўлга қўйишни ҳам инобатга олдик.
Бундан ташқари, жаҳондаги етакчи таржимашунослик марказлари саналган Халқаро таржимонлар уюшмаси (FIT), Ёзма ва оғзаки таржимонлар институтлари доимий халқаро конференцияси (CIUTI), Ёзма ва оғзаки таржимонлар халқаро ассоциацияси (IAPTI) ва Германиянинг Friedrich-Alexander-Universität Erlangen-Nürnberg, Universität Hildesheim, Франциянинг Universite de Lorraine луғатшунослик марказлари ҳамда луғатшуносликка ихтисослашган DUDEN, F.А.Вгосkhaus, Oxford University Press, Cambridge University Press каби етакчи нашриёт уйлари билан мақсадли илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Бундай ном берилишига сабаб нима?
— Дунё миқёсида кўплаб илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб борилади. Биргина пандемия даврини олайлик. Коронавирусни аниқлайдиган бир қанча технологик усуллар яратилди. Айниқса, япониялик олимлар томонидан яратилган, коронавирусга чалинган инсоннинг рангига қараб ташхис қўядиган камера кўпчиликнинг диққатини тортди. Бу инновацияларга қизиқувчи, илмий изланиш олиб бораётган мутахассислар учун қизиқ ва фаолияти учун керакли маълумот ҳисобланиши турган гап. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Биз жаҳон миқёсида содир бўлаётган ҳар бир илмий изланиш билан боғлиқ мақолаларни тезкорлик билан таржима қилиб, ўқувчиларимизга етказиб бериш ва замон билан ҳамнафас бўлишни мақсад қилдик. Илмий мақолаларни саралашда уларнинг бир неча наукометрик кўрсаткичлари: Q-index, Hirsh-index, Impact fator, миллий рейтинг кабилар инобатга олинишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз.
“Электрон луғат” мобиль иловаси
— Лойиҳа доирасида Андижон луғатшунослик ва таржимашунослик амалий илмий инновациялар маркази ходимлари томонидан 5–11-синфлар учун 11 тилли математика, информатика, биология ва сунъий интеллектга оид терминларнинг “Электрон луғати” мобил иловаси тақдим этилди. Бу ўз ўрнида ўқувчилар учун катта қулайликлар яратиб беради.
Севара АБДУЛЛАЕВА