Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни камайтириш масаласи иқтисодий, ижтимоий ва таълим ислоҳотларининг марказига олиб чиқилди. Мана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ўтган йили камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача пасайганини маълум қилди. Яъни 2025 йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизгача тушган. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиққан. Илк бор 1435 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айланган. Камбағал оилаларга мансуб 168 минг бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинган.
Мазкур масалада ривожланаётган мамлакатлар тажрибасига қарасак, камбағалликни камайтириш нафақат моддий ёрдам, балки инсон капиталини ривожлантириш орқали амалга оширилаётгани аён бўлади. Таълим, касбий малака ва замонавий кўникмаларни шакллантириш бу борада муҳим омил ҳисобланади. Глобаллашув шароитида инсон капиталининг сифат кўрсаткичлари мамлакат рақобатбардошлигини белгилайди. Айниқса, чет тилларини билиш меҳнат бозорида устунлик беради. Мазкур мақола асносида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш жараёнида чет тилларини ўргатишнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини таҳлил этиб, хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда амалий таклифлар тавсия қилишни мақсад қилдик.
Президентимизнинг яқинда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида дунёдаги TOП-100 таликка кирувчи етакчи хорижий олий таълим муассасаларини Ўзбекистон олийгоҳларига ҳамкор сифатида жалб этиш ҳамда фуқароларимизни хориж давлатларига юқори даромадли ишга юбориш масаласи ҳам кўтарилди. Албатта, бунда юртдошларимиз хорижий тилларни ҳеч бўлмаганда бошланғич мулоқот даражасида ўрганиб борса, натижа янада ошади.
Камбағаллик иқтисодий адабиётларда даромад етишмаслиги, имкониятлар чеклангани сифатида талқин қилинади. Илмий асосланган инсон капитали назариясига кўра, таълимга, малака оширишга сарфланган сармоя жисмоний капиталга киритилганидек иқтисодий самара беради. Шу маънода, мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида билимли, ташаббускор ва чет тилларини биладиган авлодни тарбиялашга эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир. Ушбу ёндашув, яъни инсон капиталини ривожлантириш масаласини камбағалликни қисқартириш сиёсатининг марказига қўяди. Бинобарин, чет тилларини билиш шахснинг иқтисодий фаоллигини ошириб, уни глобал меҳнат бозорига интеграция қилади.
Иқтисодчи олим Амартя Сеннинг фикрига кўра, инсоннинг камбағал ёки фаровон экани унинг қанча пул ишлаши билан эмас, балки қандай имкониятларга эгалиги билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан, таълим ва касбий кўникмалар, жумладан, чет тилларини билиш камбағалликдан чиқишнинг муҳим шартларидан бири, десак хато эмас.
Глобаллашув шароитида чет тилларини билмаган шахс меҳнат бозори рақобатига дош бера олмайди. Аксинча, инглиз, француз, немис ёки корейс тилларини билган инсон халқаро компанияларда ишлаши, масофавий меҳнат бозорига чиқиши, юқори маошли хизмат билан банд бўлиши мумкин.
Шу боис, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш “фақат моддий ёрдам эмас, балки даромад манбаларини яратиш” тамойили асосида амалга оширилмоқда. Бу эса аҳолининг билим ва кўникмаларини, жумладан, чет тилларини ўрганиш орқали меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишни талаб этади. Айниқса, ёшлар ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг хорижий тилларни билмаслиги уларнинг юқори маошли ишларга жойлашиши, хорижий инвестиция лойиҳаларида иштирок этиши, масофавий иш имкониятларидан фойдаланишини чеклаб қўймоқда. Демак, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда чет тилларини ўргатишни ижтимоий-иқтисодий зарурат сифатида баҳолаш мумкин бўлади.
Глобал иқтисодиётга кириш воситаси
Инсон капитали бу — ёшларнинг билим, кўникма, малака ва тажрибалар мажмуаси бўлиб, унинг меҳнат бозори ҳамда жамиятдаги иқтисодий қийматини белгилайди. Замонавий иқтисодий тадқиқотларда чет тилларини билиш инсон капиталининг муҳим таркибий қисми сифатида эътироф этилади. Чет тилларини эгаллаган шахс кўп функцияли мутахассисга айланади, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлади, замонавий технологиялар ва билимларга тезроқ мослашади. Британиялик лингвист Девид Кристалнинг фикрича, тил — глобал иқтисодиётга кириш воситасидир.
Бугунги кунда инглиз тили глобал иқтисодиёт, АТ, фан ва таълимнинг асосий тили ҳисобланади. Инглиз тилини билиш халқаро компанияларда ишлаш, масофавий бандлик, хорижий грант ва стипендияларни қўлга киритиш имкониятини оширади.
Немис тили Европанинг етакчи саноат давлатлари — Германия, Австрия ва Швейцария билан иқтисодий ҳамкорликда муҳим роль ўйнайди. Немис тилини билган мутахассислар техника ва муҳандислик, дуал таълим, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида юқори даромадли ишга эга бўлади.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим инвестицион ҳамкори ҳисобланади. Корейс тилини билиш ушбу мамлакат компанияларида ишлаш, меҳнат миграцияси орқали барқарор даромад топиш, технологик тажрибани ўзлаштиришда қўл келади.
Хитой тилини билиш “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида савдо, логистика ва саноат лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради. Хитой тилига эга мутахассислар тадбиркорлик фаолиятида ҳам устунликка эга бўлади.
Француз тили 30 дан ортиқ давлатларда расмий ёки ишчи тил бўлиб, Европа, Африка ва халқаро ташкилотларда кенг қўлланилади. Француз тилини билиш Европа Иттифоқи ва БМТ тизимидаги ташкилотларда ишлаш, халқаро дипломатия, туризм ва таълим соҳаларида бандликни ошириш учун муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, француз тилини билиш Ўзбекистон ёшларига Франция ва Канада (Квебек)даги грант ва стипендия дастурларида иштирок этишга йўл очади, бу эса ижтимоий ҳаракатчанликни кучайтиради.
Ўзбекистонда 2012 йилдан буён тизимли тил сиёсати изчил равишда шакллантириб келинмоқда.
Биринчидан, инглиз тили аввалгидек бешинчи синфдан эмас, балки биринчи синфдан, ҳатто боғчадан бошланади.
Иккинчидан, кўп тиллилик стратегияси — 10 та эмас, балки 16 та хорижий тилни қамраб олади. Сертификатлаш тизими жорий этилди. Чет тили ўқитувчилари мактабда В2, олий таълимда C1 даражадаги халқаро ёки миллий сертификатга эга бўлиши керак. Бу 40-50 фоиз иш ҳақи бонуси билан бирга келади. Бу кучли рағбатлантирувчи омил, аммо тизим учун улкан қийинчилик ҳамдир.
Учинчидан, умумий ўрта таълим мактабларида иккинчи чет тиллари ҳам ўқитила бошланди. 106 та мактабда немис, 61 та мактаб француз, 24 та мактабда корейс, 8 та мактабда япон, 4 та мактабда хитой тили шу асосда ўргатилмоқда.
Тўртинчидан, Кембриж ўқув дастури ва SТЕМ таълими бутунлай инглиз тилида ўқитиладиган 14 та Президент мактаби ташкил этилди. Натижалар эса жуда юқори: битирувчиларнинг 68 фоизи энг юқори баҳоларга эришди.
Шунингдек, айни пайтда республикамиздаги 10 минг 17 та мактабда инглиз тили, 833 мактабда немис тили, 560 мактабда француз тили, 46 мактабда эса бошқа тиллар ўқитилади. Қолаверса, олий таълим муассасалари тасарруфидаги 71 та академик лицейдаги 25 минг нафардан ортиқ ўқувчига икки йил давомида 600 нафардан зиёд чет тили ўқитувчилари сабоқ беради.
Республикамизда мавжуд 300 дан ортиқ касб-ҳунар мактабларида 180 соат ҳажмда чет тили (инглиз, француз, немис) ўқитилади. Уларда 200 минг нафарга яқин ўқувчиларга 1200 нафар чет тили фани ўқитувчилари дарс беради. Шунингдек, 300 дан ортиқ коллеж ва техникумларда ўртача 80 соат ҳажмда чет тиллари ўқитилади.
25 та давлат олийгоҳида эса филология ва тилларни ўқитиш (тиллар бўйича), таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича) бакалавриат таълим йўналишларида инглиз, француз, немис, араб, испан, корейс, хитой, япон, итальян, турк, рус, форс, шарқ тиллари бўйича 50 минг нафардан ортиқ ҳамда 9 та олийгоҳда қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик (инглиз тили, итальян тили), синхрон таржима (инглиз тили, шарқ тиллари, француз тили) магистратура мутахассисликларида 300 нафардан ортиқ кадр тайёрланмоқда. Олий таълим муассасаларидаги 40 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчилар шу машғулот билан банд.
2024-2025 йиллар давомида Ўзбекистон аҳолиси орасида чет тилларини билиш даражасини баҳолаш учун давлат хизматларига жами 166 минг 408 та ариза топширилган бўлиб, шундан 126 минг 383 нафар шахс сертификат олган. Бу ҳам чет тилларига бўлган талаб юқорилигини англатади. Энг кўп сертификат инглиз тили бўйича олинган.
Статистик таҳлиллар шуни кўрсатадики, чет тилларини билган аҳоли қатламида бандлик даражаси юқорироқ. Айниқса, В2 ва ундан юқори даражадаги тил билимига эга шахсларнинг даромади ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори. Меҳнат миграцияси жараёнида ҳам тил билиш муҳим роль ўйнайди. Бу ҳолат камбағалликдан чиқиш жараёнида тил билишнинг бевосита таъсирини кўрсатади.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда меҳнат миграцияси муҳим даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Миграция жараёнида чет тилларини билиш мигрантларнинг иш шароити, иш ҳақи миқдори, ҳуқуқий ҳимояси даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Тил билмаган мигрантлар, асосан, паст малакали ва кам ҳақ тўланадиган ишларга жалб қилинса, тил биладиган шахслар хизмат кўрсатиш, техник ва малакали соҳаларда банд бўлиш имкониятига эга. Масалан, Жанубий Кореяда корейс тилини билган мигрантлар Е-9 визаси орқали юқори маошли ишларда ишлайди. Туркияда эса турк тили қурилиш, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида бандликни енгиллаштиради. Европа давлатлари (Германия, Франция)да ушбу мамлакат тилини билиш дуал таълим ва қонуний меҳнат миграцияси дастурларида иштирок этишга йўл очади.
Хорижий тажриба
Бу борада дунё мамлакатлари ўзига хос тажрибага эга. Мисол учун, Жанубий Кореяда инглиз ва корейс тилини профессионал даражада ўргатиш орқали ёшларнинг бандлиги оширилган, экспортга йўналтирилган кадрлар тайёрланган, меҳнат бозорида юқори даромадли иш ўринлари яратилган.
Ҳиндистонда инглиз тили АТ ва хизматлар экспортининг асосий омилига айланган. Инглиз тилини билган ёшлар глобал компанияларда масофавий ишлайди, ўртача даромад даражаси кескин ошади.
Вьетнамда инглиз ва корейс тиллари орқали хорижий инвестициялар жалб қилинган. Францияда француз тили таълим ва дипломатия орқали ижтимоий тенгликни таъминлаш воситаси сифатида қўлланилади.
Юқоридаги таҳлиллар ва муаммолар асосида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда “чет тиллари — инсон капитали — бандлик — даромад — камбағалликни қисқартириш” занжирини иқтисодий сиёсатнинг муҳим қисми сифатида ривожлантириш айни муддаодир.
Бунда қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
— касбга йўналтирилган чет тили таълимини жорий этиш (масалан, АТ учун инглиз тили, туризм учун француз тили, ишлаб чиқариш учун немис тили каби);
— қишлоқ жойларда бепул ёки имтиёзли тил курсларини кўпайтириш;
— тил сертификатларини бандлик дастурлари билан боғлаш, сертификатга эга ходимларни ишга жойлаштиришда барқарорликка эришиш;
— Швеция, Дания, Норвегия, Финляндия каби давлатларга ишга кетаётганлар учун чет тилларини ўқитишни йўлга қўйиш, бу мақсадда хориждан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;
— олий таълим муассасаларида чет тилларида ўқитиладиган фанлар улушини ошириш;
— француз, немис ва корейс тилларини дипломатия, туризм ва меҳнат миграция стратегиялари билан уйғунлаштириш.
Умуман олганда, Ўзбекистонда чет тилларини ўргатиш камбағалликни қисқартиришнинг узоқ муддатли ва барқарор механизми ҳисобланади. Таълим орқали инсон капитали ривожланиб, аҳоли даромади ҳам, ижтимоий фаровонлиги ҳам ошади. Билимли мутахассис — рақобатбардош кадр. Бу нафақат алоҳида шахс, балки бутун жамият учун фойдалидир. Шу маънода, чет тилларини ўқитишни янада такомиллаштириш Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида стратегик аҳамият касб этади.
Абдураҳим НОСИРОВ,
филология фанлари доктори, профессор