Лойиҳани мамлакатнинг «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўл магистралидан кейинги «иккинчи йирик стратегик лойиҳаси» сифатида таърифлади.

Унинг сўзларига кўра, техник-иқтисодий асосланиш (ТИА)ни ишлаб чиқиш бўйича ҳадли келишувнинг имзоланиши томонлар анча вақт давомида тайёргарлик кўриб келган «биринчи ва жуда муҳим қадам» бўлди. Томонлар ўз сармояси билан кириб, деталлашган асосни ишлаб чиқишга келишишди.

«Ҳадли келишувни имзолаш барча томонларга амалий қадамларга ўтиш имконини беради. Бу — ТИАни батафсил ишлаб чиқиш, ер ва геологияни ўрганиш, трассировка, иқтисодий ва молиявий таҳлил. Бу, шунингдек, [лойиҳани] нафақат ўзимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун ҳам кўрсатиш ва асослаш имконини беради», — деди Жасурбек Чориев.

Унинг таъкидлашича, Эрон ва Қора денгиз портларига чиқиш имконияти мавжуд бўлишига қарамай, Ўзбекистон учун денгизга энг қисқа йўл Трансафғон коридори ҳисобланади, у Покистондаги Карачи портларига олиб боради.

«Ҳозир Жанубий Осиёдан келаётган йўлаклар Транссибирь магистрали, „Шимолий оқим“ ёки Сувайш канали орқали Қора денгизга, у ердан эса ўрта йўлак орқали бизга қайтмоқда. Яқиндаги зиддият натижасида Бандар-Аббос (Эрондаги) порти ёпилгани логистика занжири қандай заиф эканини яна бир бор кўрсатди. Президентимиз бу йўналишда қандай тўғри йўл тутаётганимизни аниқ-равшан кўрсатиб берди», — деди транспорт вазири ўринбосари.

Транспорт вазирлиги прогнозларига кўра, темирйўл қурилишининг биринчи босқичида йилига 3 млн тоннача юк ташиш мумкин бўлади. 2035−2040 йилларга келиб бу кўрсаткич 15−20 млн тоннага етиши мумкин. Вазир ўринбосари бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари кенгайиши туфайли ошиши мумкинлигини инкор этмади.

«Келишув имзолангандан сўнг биз аллақачон фикрлар, изоҳлар ва телефон қўнғироқларини олмоқдамиз. Лойиҳанинг ўзигагина эмас, балки уни биргаликда ривожлантиришга ҳам қизиқиш ортгани кўриниб турибди», — деди у.

«Биз арзон ва тезкорроқ йўл ҳақида гапиряпмиз. Трансафғон темирйўли орқали Ўзбекистон учун улкан бозор очилади. Шунингдек, бу транзит юкларни ташишда қўшимча афзалликлар беради. Агар Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам бу лойиҳадан фойдаланса, улар ҳам катта имкониятларга эга бўлади. Бу денгиз портларига энг қисқа йўл. Йўлакнинг салоҳияти улкан ва биз учун стратегик аҳамиятга эга», — дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.

Бугунги кунда Ўзбекистондан Карачи портларигача мультимодал йўлак орқали автомобиль транспортида юк етказиб бериш 35−40 кун вақт олади.

«Бу Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистондан ташувчилар қатнашаётган табиий жараён. Таҳлилларга кўра, йил давомида тахминан 300 минг тонна юк ташилган, ҳозирда эса бу кўрсаткич 1 миллиондан ошиб кетган. Яъни ўсиш жуда кескин. Агар темирйўл билан боғлайдиган бўлсак, арзон юклар олиш имконияти пайдо бўлади», — деди вазир ўринбосари.

Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темирйўлини Термиз — Найбабод — Майданшаҳр — Логар — Харлачи йўналиши бўйича ўтказиш режалаштирилган.

«Найбабод станцияси Ҳайратон ва Мазори-Шариф ўртасида жойлашган. Найбабоддан йўналиш шарққа бурилади, Логар ва Харлачидан ўтиб, Покистон темирйўл тармоғига туташтирилади. Покистон томонида Харлачини Кўҳот билан боғловчи 143 кмлик участка бор. Ҳозир Покистон ушбу участкада қурилишни бошлаган. У якунлангандан сўнг Пешовар, Лахор, Исломободга яқин бўламиз. Кейин йўл Мултон шаҳрига — йирик ўрта марказга, у ердан эса Карачига олиб боради. Покистон ҳозир ушбу йўналишларда ўз темир йўл инфратузилмасини модернизация қилмоқда», — деди Чориев.

Ўзбекистон темирйўл қурилишини олти ой ичида бошлаши мумкин, лойиҳани амалга ошириш муддати эса беш йилни ташкил этиши мумкин.

«Темирйўл қурилишини бошлашдан аввал биз томонлар ўртасида маълум муддатларни белгиладик. Менимча, бу муддатлар жуда қисқа, аммо улкан режаларни ўз ичига олади — биз олти ойни белгиладик. Одатдада бундай лойиҳаларни ишлаб чиқишга бир-икки йил керак бўлади. Аммо томонларнинг тезроқ амалга оширишга бўлган ишончини ҳисобга олган ҳолда жараённи тезлаштирмоқчимиз. Шу жараёндан сўнг ТИАни бошқа давлатларга тақдим этиб, аниқ прогноз ва салоҳиятни кўрсатиб, қизиқишни жалб қилиб, лойиҳани биргаликда амалга ошириш мумкин бўлади», — деди у.