Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов, профессор Нурбой Жабборов, Фузулий номидаги илмий тадқиқот маркази раҳбари Гулбаҳор Ашурова сўзга чиқиб, юртимизда Алишер Навоий ижодини ўрганишга, адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, унинг асарларини бошқа тилларга таржима қилиниши ва чет давлатларда нашр этилишининг аҳамияти хусусида гапириб ўтди.
Рамиз Асқар томонидан Алишер Навоийнинг "Маҳбуб ул-қулуб" асари озар тилига таржима қилиниб, 2021 йил март ойида Озарбайжонда чоп этилган. Ушбу янги таржима "Турксой" кутубхонаси сериясида нашр этилиб, шу йили Бокуда тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китоб Озарбайжон Миллий фанлар академияси фолъклор институти кенгаши томонидан нашрга тавсия этилиб, унга Иса Ҳабибейли муҳаррирлик қилган. Тақризчи Дилнавоз Юсупова. Фейзият нашриётида 500 нусхада чоп этилган.
Рамиз Асқарнинг навбатдаги озар тилидаги таржима асари 5 та достонни ўзида жамлаган "Хамса" бўлди, дейди Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик жамияти раиси эркин Нуриддинов. Ушбу китоб Турксой кутубхонаси сериясида шу йилнинг декабръ ойида Бокуда нашр этилди. Китобнинг илмий муҳаррир профессор Рафаел Хусейнов, муҳаррир Дилнавоз Юсупова. Наиле Аскер, Сайхун Алиев ноширлик қилган. Асар Экопринт нашриётида 1000 нусхада босилган. Албатта, бу каби адабий жараёнлар ёшлар маънавиятини юксалишида аҳамиятлидир, деб ўйлайман. Тақдимотда филология фанлари доктори, профессор Рамиз Асқарнинг видео маърузаси қўйиб берилди. У маърузада Алишер Навоийнинг маънавий меросини кўп йиллардан буён ўрганиши, унинг ғазалларини, достонларини севиб мутолаа қилиши, мутаффакир шеъриятига бағишланган конференцияларда қатнашгани, асарларининг таржимаси ва нашр жараёнлари ҳақида айтиб ўтди. Тақдимотда йиғилганлар Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги адабий алоқалар янада мустаҳкамланиб, бардавом бўлишини таъкидлашди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист