Президентимизнинг Олий Мажлис ва Халқимизга йўллаган Мурожаатномасида «Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз!» – деган сўзлари замиридаги теран маъноларни ҳозирги ёш авлод юрагида ватанпарварлик туйғусини уйғотадиган бадиий асарлар орқали юксак маҳорат билан очиб бериш ёзувчиларимиз зиммасидаги масъулиятли ва долзарб вазифалардан биридир.

Қорақалпоқ халқининг сардорлари Эдегий, Ойдўстбий, Маманбий, Эрназарбий ҳақидаги асарларни ўзбек ўқувчилари яхши билишади. Бироқ шу пайтгача Оролбўйида яшаётган матонатли халқнинг яна бир жасур йўлбошчиси Оғабий ҳақида шу пайтгача бирон асар битилмаган эди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримовнинг «Оғабий» номли роман-дилогиясининг биринчи китоби нашр этилди.

Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланади. Бош қаҳрамон – Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб, ўз халқининг эркин ва озод ҳаёти учун гоҳо қўшнилар билан дипломатик муносабатлар олиб борган, гоҳо жангу жадалларда от сурган. Унинг номи қорақалпоқ халқи юрагида баҳодир ва донишманд йўлбошчи сифатида абадий қолган.

Мутолаа давомида ўқувчилар қорақалпоқ халқининг тарихи, миллий урф-одатлари, бепоён чўлларнинг сўлим ва бешафқат табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги қизиқарли ҳамда янги маълумотларни билиб олади.

Романни қорақалпоқ тилидан Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон таржима қилган. Муҳаррир Санжар Турсунов. Китоб 2000 нусхада нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати