Сарвар онаси билан кўп йиллар ижарама-ижара сарсон яшади. Болалиги муқим бошпанага муҳтожликда ўтди. У туман ҳокими фуқаролар билан сайёр қабул ўтказаётгани ҳақида эшитиб, онаси билан келди ва ҳокимдан уй олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Янгибозор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилишича, орадан кўп ўтмай она-болага янги қурилган кўп қаватли уйлардан икки хонали хонадон совға қилинди. Бугун Сарвар ва унинг онаси Зулхумор Дўсчанова янги уйга кўчиб ўтди.
– Аёл киши ўз уйи, ўз ошхонаси бўлишни орзу қилади. Бугун мен ана шу орзуимга эришдим. Бу уйда ўғлим билан янги орзулар, янги режалар қиляпмиз, – дейди Зулхумор опа.
Малика Матмуратова Янгибозор туманидаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилади. Уч фарзанди бор. Турмуш ўртоғидан ажралгандан кейин маҳаллада ижарама-ижара ҳаёт кечирди.
Шу куни муштипар онага ҳам туман ҳоким Ўктам Қурбонов 3 хонали уйнинг калитини топширди.
– Биз учун жуда қувончли воқеа бўлди. Чунки ижарада яшашнинг қийинчилиги, дарди, бунинг устига уйимиз йўқлиги, уй олишга эса даромадимиз етмаслиги юрагимни эзарди. Бугун бошпанали бўлдик. Бунинг учун Президентимиздан, туманимиз раҳбаридан миннатдорман, – дейди Малика опа.
Азамат онасининг азиз сиймосини эслолмайди. Онаси вафот этганида у бир ёшлик чақалоқ эди. Отасидан ҳам эрта айрилди. Бувисининг қарамоғида улғайди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан Азамат Эгамовга янги хонадон олиб берилди.
Бу каби савобли, хайрли ишлар ота-онаси йўқ ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим босқич, шунингдек, инсон қадрини улуғлашдек халқчил сиёсатимизга ҳамоҳангдир.