Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида фуқароликка қабул қилинган шахсларга паспортлар тантанали равишда топширилди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Паспортларни топшириш маросида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барчани табриклади.
Расман мамлакат фуқаросига айланган шахслар орасида шу заминда 20—30 йиллаб, баъзилар ундан кўпроқ яшаса-да, фуқаролиги бўлмаган, бунинг оқибатида кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум одамлар фуқаролик олишдан, ҳатто, умидларини узган.
Ниҳоят, уларнинг йиллар давомида юрагини кемирган армонлари ушалди. Улар эндиликда, кўплаб ҳуқуқларидан эркин фойдалана оладилар. Ҳатто, жорий йилнинг 30 апрель юртимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича референдумда ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, овоз беришлари мумкин.
Маълумот учун, Тошкент вилоятида 2016 йилдан буён ҳозиргача 4 минг 153 нафар шахс мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича жами 10 минг 855 нафар шахсларнинг фуқаролиги тан олинди ва паспорт (идентификация ID-карта) билан ҳужжатлаштирилди.