Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси тарихига назар

    Бу – Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистоннинг тарихдаги биринчи чемпионлик зафаридир!

    Ўзбекистон 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилади. Жорий йил 8 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида Халқаро шахмат федерациясининг 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг мезбонини аниқлаш масаласи кўриб чиқилган йиғилишида ўтказилган овоз бериш жараёнида Ўзбекистон ғолиб деб топилди.

    Шу тариқа, 4 йилдан кейинги шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтадиган бўлди. Маълумки, мамлакатимиздан ташқари, Польша ва Замбия ҳам ушбу нуфузли мусобақа мезбонлиги учун ариза киритган эди. Ўз навбатида, 2024 йилги шахмат Олимпиадасига Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри мезбонлик қилади.

    Ушбу сатрларни битаётганимизда Интернетда Ченнай шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Нидерландия жамоаси устидан ғалаба қозониб (2,5:1,5), чемпионликни қўлга киритгани ҳақидаги хушхабар тарқалди. Бу – Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистоннинг тарихдаги биринчи чемпионлик зафаридир!

    Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси тарихига назар солинса, илк шахмат олимпиадаси – жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати 1927 йилда Лондонда ўтказилган. Ўшанда 16 жамоа қатнашган мусобақада венгрияликлар ғолиб чиққан.

    Иккинчи жаҳон уруши даврида бир муддат тўхтаб қолган ва 1950 йилда қайта тикланган шахмат олимпиадаси бугун мазкур спорт турининг нуфузли мусобақаси ҳисобланади. Ҳар икки йилда ўтадиган олимпиадада иштирок этиш учун ҳар қайси давлатнинг тўрт нафардан асосий, икки нафардан захирадаги шахматчиси ташриф буюради. Рақиблар ўртасида яккама-якка курашларнинг якуний натижаларига кўра ғолиб жамоа аниқланади. Якунда умумий рейтингга кўра олимпиада ғолиблари маълум бўлади ва уларнинг ҳар бирига олтин медаллар тақдим этилади.

    Бутунжаҳон шахмат федерациясига (FIDE) конгресси делегатлари 2026 йилда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилишини бир овоздан маъқуллаганлари бежиз эмас. Бу эътироф замирида сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори спорт, жумладан, шахматни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилаётганига бўлган юксак ишонч мужассамдир.

    Юртимизда шахмат соҳасида изма-из қўлга киритилаётган ютуқларнинг Конституцияга, янада аниқ қилиб айтганда, конституциявий ислоҳотларга боғлиқлиги ҳам айни шу омил билан изоҳланади. Бинобарин, жорий йил 1 августигача умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунимиз қуйидаги янги нормани ўзида мужассам этган 42-1-модда билан тўлдирилмоқда.

    Яъни: «Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратади».

    Бундай норма, биринчидан, амалдаги Конституцияда мавжуд эмас. Иккинчидан, мазкур янги модда Бош Қомусимизга “осмондан олиб”, янада тушунарли қилиб айтганда, йўқ жойдан таклиф этилмаяпти. Бу мамлакатимизда шахматни, умуман, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўлида кейинги йилларда амалга оширилган қамровдор янгиланишларнинг конституциявий асосини мустаҳкамлаш истаги ҳосиласидир.

    Яқиндагина – 5 август куни Ўзбекистон Президенти қабул қилган “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айни соҳадаги шароит ва имкониятлар кўламининг янада кенгайишида муҳим омил бўлиши тайин. Зеро, мазкур қарор Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида тафаккур ўйини – шахмат мамлакатига том маънода айланишига қаратилган.

    Бунгача ҳам бу борада изчил одимлар қўйилганди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январда қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамиятини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор шахматни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этишга алоҳида урғу берилган.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш соҳасидаги юксак марралар бугунги кунда қонун ижодкорлари томонидан Конституциянинг янги нормаси сифатида ҳуқуқий жиҳатдан муҳрланаётган бўлса, моҳир шахматчиларимиз томонидан амалда забт этилмоқда.

    Ойдин ИБРОҲИМОВА,

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
    Миллий маркази
    матбуот хизмати ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates