Ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосининг ўсиши давом этмоқда

    Фикр 10 апрел 2023 737

    Тожикистонга етиб оламизми?

    Ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистонда кейинги йилларда сигаретларнинг ноқонуний айланмаси кескин ўсиш тенденцияси ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганди. Мустақил тадқиқотлар натижалари кўрсатишича, ноқонуний тамаки маҳсулотларининг улуши 2015-2018 йиллардаги 2% дан 2022 йилга келиб 14-16% га етди.

    Ярим йил ўтди ва биз:

    • 2022 йил декабрь–2023 йил январь ойиларида ўтказилган янги дала тадқиқотлари туфайли, мамлакатда ноқонуний сигаретлар бозорининг келгуси динамикасини кузатиш;

    • “Эксперт” журнали (Россия)даги мақола туфайли, Ўзбекистондаги ноқонуний сигарет савдоси борасидаги вазиятни айрим қўшни мамлакатлардаги вазият билан қиёслаш имконига эга бўлдик.

    Нохуш тенденция

    Бозор мониторингининг натижалари кўнгилсиз: ноқонуний савдо улуши мунтазам ўсмоқда. Ўтган йил июль ойидан бу йил февраль ойига қадар у 14,9 дан 21,7 фоизгача ўсди – 1- расмга қаранг.

    1- расм. Ўзбекистонда қонуний ва ноқонуний сигаретлар савдосининг нисбати, савдолар соф ҳажмидаги улуши. Фоизларда, 2013-2023 йиллар.

    Манбалар: “Nielsenва Kantar” халқаро консалтинг компаниялари, шунингдек Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўтказган Ўзбекистон тамаки маҳсулотлари бозори бўйича тадқиқот тўғрисидаги ҳисоботлар.

    Тадқиқотлар кўрсатишича, ноқонуний сотувларнинг энг катта улуши Фарғона водийсига тўғри келади (2- расмга қар.). Мамлакат ҳудудлари водийдан қанча узоқда жойлашган бўлса, контрабанда улуши, умуман олганда, камайиб боради. Ишларнинг бундай ҳолати амалда барча ноқонуний сотилаётган маҳсулот – бу Қирғизистон билан чегара орқали ва камроқ миқдорда Тожикистондан олиб кирилаётган контрабанда эканлиги билан изоҳланади. Тегишлича, водийда контрабанда сигаретлари ҳаммабопроқ ва арзонроқ (уларнинг бошқа ҳудудларга ташилиши қўшимча хатарларга эга ва транспорт харажатларини кўпайтиради).

    2- расм. Ўзбекистоннинг ҳудудий гуруҳлари бўйича ноқонуний сигаретлар савдосининг сотувлар соф ҳажмидаги улуши, 2023 йил, февраль.

    Манба: Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2023 йил февраль-март ойларидаги Ўзбекистонда ноқонуний савдо мониторинги тўғрисидаги ҳисобот.

    Нега ноқонуний сигаретлар савдосининг ўсиши – бу ёмон?

    1,Контрабанда маҳсулоти бозордан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини сиқиб чиқаради.

    Натижада Ўзбекистондаги расмий тамаки ишлаб чиқарувчилар сотув ҳажми қисқаради (зеро, бутун ноқонуний маҳсулот мамлакатда ишлаб чиқарилмайди, балки чет элдан келтирилади), бу қуйидагиларга салбий таъсир кўрсатади:

    - тамаки саноати ва тамаки ишлаб чиқаришдаги бандлик даражаси ва соҳа ишчиларига тўланадиган иш ҳақлари ҳажмига;

    - тамаки ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш қувватларининг бўшаб қолишига, бу эса маҳсулот бирлиги таннархининг ўсишига олиб келади (ишлаб чиқаришнинг катта ҳажмлари ҳисобига бир бирлик маҳсулотга тушадиган харажатларни камайтириш имконини берувчи “масштаб самараси” камаяди) ва тегишлича, келгусида унинг рақобатбардошлиги тушади;

    - соҳанинг инвестицион жозибадорлигига, бу инвестициялар оқимининг қисқаришига ёки, ҳатто, инвестициялар чиқиб кетишига, бинобарин, келгусида расмий ишлаб чиқариш қисқаришига олиб келиши мумкин.

    2, Давлат бюджети бозордан сиқиб чиқарилган қонуний маҳсулот сотилишидан тушиши мумкин бўлган салмоқли суммани ололмай қолади.

    Менинг ҳисоб-китобларимга кўра (2022 йилда сигаретлар бозорида яширин айланманинг 15% ли улушини ҳисобга олган ҳолда), фақат акциз ва ҚҚСнинг ўзида бюджетнинг тўғридан-тўғри йўқотишлари йилига 517 млрд сўмни ёки 2022 йил учун режалатирилган давлат бюджетига барча тушумларнинг 0,26% ини ташкил қилди. Ҳолбуки, тамаки компаниялардан яна бошқа солиқлар ҳам бор: иш ҳақи фондидан, даромад солиғи ва бошқалар – сотувлар ҳажми камайиши туфайли улар бўйича тушумлар ҳам қисқариб кетади. Чунончи, “UzBat” АЖ мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар рўйхатида 6- ўринни эгаллайди. Бошқа сўзлар билан айтганда, бюджетнинг реал йўқотишлари янада юқори. 2023 йилда эса, яширин айланма ўсиши ҳисобига, улар ҳам ўсиб боради.

    3, Контрабанда ва яширин айланма – жиноий иқтисодиёт ва коррупция ўсишининг энг муҳим сабаблари ҳамда омилларидир. Чунки кўпинча улар уюшган жиноий гуруҳлар томонидан, давлат амалдорларининг ҳомийлиги ёки индамай рози бўлиши остида амалга оширилади.

    4, Сифатсиз ноқонуний тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш туфайли истеъмочлилар саломатлигига хатарлар ортади.

    Шубҳасиз, ҳар қандай сигарет саломатликка зарар келтиради ва муаллиф чекишни асло бошламасликка, чекувчиларни эса – бу одатни ташлашга чақиради. Шу билан бирга, назарда тутиш керакки, тамаки маҳсулотининг ўзига хослиги сабабли, давлат ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хом ашё ва материаллар, белгиланган жиҳозлар, технологик жараёнлар, чиқарилаётган маҳсулотлар сифати устидан қатъий назоратни амалга оширади. Жумладан, маҳсулот ҳақида қадоқдаги ахборот (никотин ва қатрон миқдори)нинг ҳақиқий ҳолатга мувофиқ бўлиши назорат қилинади. Ноқонуний сигаретлар истеъмолчиси эса, номаълум хом ашё ва материаллардан номаълум ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқариган маҳсулотни сотиб олади. Ва, қоидага кўра, бундай сигаретларда қатрон ва никотин миқдори қадоқда кўрсатилганидан каррасига юқори бўлади. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўтказган ноқонуний сигаретлар сифатининг синови кўрсатишича, тамаки тутунида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган моддалар меъёрдагидан бир неча баробар кўп бўлган.

    Қўшниларда ҳам шундай муаммолар

    Лекин, маълум бўлишича, сигаретлар ноқонуний айланмасининг ортиши тенденцияси фақат Ўзбекистонгагина тааллуқли эмас. Қўшниларимизда ҳам ноқонуний тамаки маҳсулоти айланмасининг кескин ўсиши кузатилди: Россияда – кейинги олти йилда олти мартага ўсган (бозордаги улуш – 12,9%), Тожикистонда ноқонуний айланма аллақачон сигаретлар бозорининг 74,2% ини ташкил қилмоқда, умуман олганда, 2021 йилда бутун ЕОИИ мамлакатлари бўйича сотилаётган сигаретларнинг 10,7%и ноқонуний секторга тўғри келди. Бу ҳақда биз “Эксперт” журналидаги “Тамаки тутуни Шарққа йўналди” мақоласидан билиб оламиз.

    Лаффер эффекти

    “Эксперт” Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ноқонуний сигаретлар айланмаси ҳажми ўсишининг асосий сабабларидан бирига ишора қилади: сигаретларга акциз солиқлари ставкаларининг мунтазам ўсиб бориши. Бозорлар ишлашининг назарияси ва амалиётидан яхши маълум: бирор товарга солиқ қанча катта бўлса, расмий сотиладиган товар шунчалик қимматлашади ва солиқ солишни айланиб ўтиб, бу товарни ноқонуний сотишга рағбат шунчалик кучаяди. Бу асло сигаретларга солиқ керак эмаслигини англатмайди. Жуда ҳам керак. Аммо улар оқилона бўлиши лозим. Акс ҳолда бюджет ўз даромадларини ололмайди. Қўшимчасига биз ноқонуний айланма билан боғлиқ бошқа оқибатларга ҳам эга бўламиз, улар ҳақда юқорида ёздим.

    Агар солиқлар мунтазам ўсиб борса, боз устига аҳоли ҳаёт даражаси тушганда (пандемия туфайли), ноқонуний айланма ўсишидан ҳайратланмаса ҳам бўлади. Чунончи, Россияда кейинги беш йилда сигаретларга минимал акциз ставкаси қарийб 38% га ўсди, 2022 йилда бюджет йўқотишлари са, прогнозларга кўра, 113 млрд рублни ташкил қилиши мумкин.

    3- расм. Россияда сигаретларга акцизларнинг ўсиши, фоизларда.

    Манба: https://expert.ru/2023/03/6/tabachniy-dym-potyanulsya-na-vostok/.

    Ўзбекистонда ҳам тамаки маҳсулотларига акциз солиғи мунтазам ўсиб бормоқда. Агар 2021 йил январда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун акциз 1000 донага 163 500 сўм + завод нархига 9% бўлган бўлса, 2023 йил февралдан 1000 донага 223 500 сўм + завод нархига 10% га чиқди. Акциз худи Россиядаги каби 38%га ўсганлигини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас, фақат бу беш йилда эмас, икки йилда рўй берди. Бундай ўсиш, инфляция суръатларини аниқ юқори ва пандемия туфайли аҳолининг харид қобилияти сусайиши шароитида амалга оширилди. Молиявий органларимиз акциз ставкасини ошириб нимани мўлжал қилганларини билмайман, лекин бюджет учун салбий натижага эга бўлишларини юқорида ёздим.

    Тўлиқ олинмайдиган даромадлар сабаби аниқ – яширин айланманинг расмий айланмани сиқиб чиқариши. Иқтисодчилар буни “Лаффер эффекти” деб атайдилар: у солиқ ставкасининг ўсиши бюджетга тушумлар қисқаришига олиб келишини назарда тутади.

    4- расм. Лаффер эгри чизиғи.

    Бугунги кунда акциз ва ҚҚС сигаретлар чакана нархининг 50-60% ини ташкил қилади. Ноқонуний маҳсулот бу солиқлар тўлашдан “озод этилгани” сабабли, қонуний аналогларига қараганда ҳамёнбопроқ нархларда сотилмоқда. Ноқонуний маҳсулотнинг паст улгуржи нархи уни чакана савдо учун ҳам жозибадорроқ қилади, чунки у юқорироқ маржа ва каттароқ айланмага эга бўлади. Тегишлича, барча солиқларни тўлайдиган қонуний ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари контрабанда ва яширин сигаретлар айланмаси билан рақобатлашиши қийинлашади.

    Юзага келган вазиятдан чиқишнинг эҳтимолий йўли – сигаретларга акцизнинг адвалор қисмидан воз кечиш, 2017 йилгача бўлган солиқ тўлаш формуласига қайтиш. Яъни, специфик (қатъий) солиқ – 1000 дона сигарет учун белгиланган суммани қолдириш таклиф этилади.

    Бу чора бозордан ноқонуний маҳсулотни сиқиб чиқаришга хизмат қилган бўларди, чунки солиқнинг адвалор қисми қонуний ишлаб чиқарувчиларга солиқ юкламасини сезиларли ошириб, уларнинг рақобатбардошлигини пасайтиради. Бундан ташқари, акцизнинг адвалор қисми:

    - солиқ маъмурчилигини мураккаблаштиради, бу ҳам солиқ тўловчиларнинг, ҳам солиқ органларининг харажатларини оширади;

    - акцизнинг ижтимоий функциясига мувофиқ келмайди, чунки қиммат ва сифатлироқ (ва саломатликка камроқ зарарли) ҳамда арзон (зарари кўпроқ) сигаретлар ўртасида нарх тафовутини оширади.

    Ноқонуний сигаретлар айланмаси ўсишининг бошқа сабаблари

    Кўриб чиқилаётган муаммонинг бошқа сабаби – контрабанда ва яширин айланмага қарши курашнинг етарлича самарали эмаслиги. Бу ҳам контрабанданинг, мамлакат ичида ноқонуний юк ташилишининг, ноқонуний маҳсуло сотилишининг олдини олиш билан боғлиқ маъмурий чораларга, ҳам махрифат ва тарғиботни, контрафакт маҳсулотларни омма олдида йўқ қилиш ва бошқаларни кўзда тутувчи оммавий-маърифий характердаги чораларга тегишлидир.

    Ноқонуний савдога қарши курашишнинг асосий жиҳати республикага ноқонуний сигаретлар етказилишининг логистик занжирини узиш саналади. Бунинг учун чегараларда, улгуржи савдо объектлари ва омборларда, уюшган ва уюшмаган чакана савдо жойларида режали назорат тадбирларини ўтказиш зарур. Назорат тадбирларининг мунтазамлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳаракатларининг ўзаро келишилганлиги, ҳуқуқбузарларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланишининг муқаррарлиги ноқонуний фаолиятга қизиқишни сўндиради.

    Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, яна бир муҳим сабаб бор – Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтиладиган транзит сигаретлар учун депозит (акциз суммаси) киритиш қоидаларининг бекор қилиниши. Бу қоида 2018 йилда бекор қилинган. Ушбу талабнинг мавжуд эмаслиги, амалиёт кўрсатишича, контрабандачиларга мамлакатга ноқонуний сигаретларни гўёки транзит учун олиб кириш ва бу транзитни турли баҳоналар билан давом эттирмаслик имконини беради. Эксперт баҳолашларига кўра, бунда “узилган транзит” мамлакатга сигарета контрабандасининг тахминан 40% ини таъминлайди.

    Шундай экан, “намақбул тенденция” яққол кузатилади ва у Ўзбекистондан бошқа жойларда ҳам борлиги бизни хотиржам қилмаслиги керак. Қолаверса, Тожикистон мисоли биз “ўсишимиз” учун имконият борлигини кўрсатади. Халқаро тажриба кўрсатишича, агар давлат ўз мамлакати ҳудудига акцизи бўлмаган сигаретларни олиб кириш ва сотишнинг олдини олиш бўйича фаол маъмурий ва иқтисодий чоралар кўрмас экан, бу салбий ҳолат вирусли, жўшқин тарқалишга мойилликка эга бўлади. Кўлами қанча кенг бўлса, илдизини қуритиш шунчалик мураккаб бўлади.

    Ва албатта, биз хавфли ижтимоий ҳодиса сифатида чекишга қарши қатъий кураш олиб боришимиз керак. Лекин бу тўғридан-тўғри чекишни тақиқлаш ёки тамаки маҳсулотларига ниҳоятда юқори акцизлар (бу талабнинг қонуний бозордан ноқонуний бозорга кўчишига сабаб бўлади) орқали эмас, балки соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, чекишни ташлаш истагида бўлганларга ёрдам бериш, кашандалар учун турли чегараловчи чекловлар (муайян жойларда чекишни тақиқлаш) ёрдамида бўлиши керак. Ноқонуний сигаретлар айланмасига қарши кураш ҳам ушбу ҳаракатга киритилиши мумкин: сигаретлар ҳаммабоплиги камаяди, уларнинг бозорда нархи кўтарилади (ноқонуний сигаретлар қонунийларникидан арзонроқ).

    Юлий Юсупов,

    мустақил эксперт

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates