3 май — Бутунжаҳон сўз эркинлиги куни

    Бугунги Ўзбекистон сиёсати ОАВ ва журналистларнинг сўз эркинлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бунга биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

    Германиянинг энг йирик медиа ташкилотларидан бири бўлган «Deutsche Welle Academy»нинг маълумотларига кўра, дунёда 100 дан ортиқ ташкилотлар оммавий ахборот воситалари эркинлигини баҳолаш ва ўз натижаларини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Уларнинг катта қисми нодавлат-нотижорат ташкилотлар бўлиб, ўз-ўзини молиялаштириш ва тарғиботчилик миссияси асосида фаолият юритади. Бундай ташкилотларнинг веб-сайтларини ўрганиш натижаларига кўра, улар биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувватлаш, мустақил ОАВ, уларнинг эркинлиги бузилиш ҳолатларини кузатиш, индекслар орқали медиа тизимларни баҳолаш, журналистларни ҳимоя қилиш ва турли можаро зоналарида ишлаётган журналистларга ёрдам бериш кабиларни кўзда тутади.

    Мамлакатда бугун Ўзбекистонда 2140 дан зиёд ОАВ мавжуд, улар орасида нодавлат медиалар кўпайиб бормоқда ва уларнинг улуши 65 фоизидан ошди. Онлайн нашрлар, телеканаллар, радиолар эфирида бугун танқидий материаллар, ижтимоий мавзуларни кўтариб чиқаётган кўрсатув ва ток-шоулар тобора ортаётганини кўриш мумкин.

    Тезкорлик ошмоқда, таҳририятлар сафига эса ёш журналистлар қўшилиб бормоқда. Университетда мамлакатимизда сўз эркинлигини илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича бир илмий лойиҳа амалга оширилмоқда, ёш докторант ва тадқиқотчиларимиз мамлакатимизда сўз эркинлиги даражасини ошириш учун нималар тўсиқ бўлаётганини ўрганишмоқда, унинг ҳуқуқий томонларини тадқиқ этишмоқда, бу фаолият 2024 йилда бошланди, яқин ўртада натижаси ҳам тақдим этилади.

    Сўз эркинлигини таъминлашда уни илмий тадқиқ этиш, унинг мезонларини объектив ўрганиш, сўз эркинлигидан ҳар ким ўз манфаати йўлида ишлатмаслигини таъминлаш аҳамиятли. Мазкур ҳолатда журналистларнинг ахборот манбалари билан ишлаш аҳамияти ортади, дезинформация, ёлғон маълумотлар кенг тарқалаётган ахборот майдонида яшаётганимиз боис, бугун бизда онлайн муҳитда, виртуал маконда сўз эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ янги чақириқлар юзага келмоқда. Буни ҳам инобатга олмаслик, буни назарда тутмаслик мумкин эмас. Фикр билдириш жараёнида холисликни таъминлаш борасида профессионал нормаларнинг ишлаб чиқилиши ва ундан сўнг уларга риоя этилишига эришиш хар бир жамият учун муҳим. Янгиланаётган ахборот муҳитида нотўғри талқинга эга маълумотлар оқими таъсирига тушиб қолмаслик, очиқ маълумотлар шароитида уни тўғри, холис, таҳлилий ва танқидий таҳлил қила олиш олдимиздаги вазифа.

    Қолаверса, сўз эркинлигини таъминлаш хар бир жамият аъзосига тааллуқли жараён экан, бу борада медиасаводхонлик даражасини кўтариш борасида яна бир вазифа кўндаланг туради, зеро ОАВ ҳаётимизнинг салмоқли қисмини забт этган, ташкил этган замонда яшаётган эканмиз, ундан тўғри фойдалана билишимиз учун медиа соҳасидаги билимларни ошириш ўта аҳамиятли, назаримда.

    Яна бир нарсага алоҳида урғу бериш зарурки, сўз эркинлигини нима эканини, унинг маъносини журналистларимизнинг ўзлари тушуниб олишлари муҳим. Нафақат журналистлар балки хар бир инсон сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар борлигини ҳам билмоғи керак.

    Нозима Муратова,

    Филология фанлари доктори, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети

    Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates