Суҳбат аввалида Мўғулистон Президенти давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимиз раҳбари олий мартабали меҳмон ва расмий делегациянинг барча аъзоларини дилдан қутлаб, Мўғулистон Президентининг илк давлат ташрифи Ўзбекистон-Мўғулистон кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги саҳифа очишини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар давомида мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Бугунги саммитга тайёргарлик доирасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар самарали бўлди. Шу кунларда Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг расмий очилиши бўлиб ўтади.
Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, хавфсизлик соҳасида алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Мўғулистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бири бўлгани ва тегишли баённомани имзолагани қайд этилди.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Бундан ташқари, икки давлат пойтахтларида ўзаро саноат кўргазмалари ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Давлатимиз раҳбари ўрта муддатли Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ҳамкорликнинг бир қатор йўналишлари аниқлаб олинди.
Бу, аввало, геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, бу соҳада кадрлар тайёрлашни ташкил этиш.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда комплекс ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу борада Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар бор.
Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрланди.
"Ҳалол" стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.
Бу йўналишларда, шу жумладан, чорвачилик соҳасида илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Томонлар хусусий сектор лойиҳаларини амалга оширишга ва бизнес ташаббусларини илгари суришга кўмаклашишга келишиб олдилар.
Бугун Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари билан учрашув ўтказадилар. Улар томонидан янги лойиҳа таклифлари тайёрланган.
Тошкентда илғор технологик ечимлар асосида замонавий диагностика марказини очиш, енгил саноат, рақамлаштириш, фармацевтика соҳасидаги лойиҳалар шулар жумласидан.
Янгидан тузилаётган Ишбилармонлар кенгашининг фаолияти ва қўшма бизнес форумлари мунтазам ўтказилиши бу борадаги режаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш принциплари тўғрисидаги асосий битимлар қабул қилинади.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида ташриф давомида ҳаво ва автомобиль транспортида ташишлар тўғрисида муҳим битимлар қабул қилинади. Икки пойтахт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласи ўрганилади.
Шунингдек, энг самарали ва қисқа, шу жумладан Қирғизистон ва Хитой орқали ўтадиган транспорт йўлакларини биргаликда таҳлил қилиш таклиф қилинди.
Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни самарали илгари суриш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Маданий-гуманитар алоқалар ва алмашинувларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Турли йилларда Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олган мўғулистонликлар дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий кўприги бўлаётгани таъкидланди.
Энг нуфузли университетлар ўртасида академик алмашинувларни йўлга қўйиш, шунингдек, грантлар асосида иқтидорли мўғулистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитишни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди.
Эртага Тошкентда машҳур «Морин Хуур» мўғул оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтади.
Икки мамлакат халқларини яқинлаштириш мақсадида Гуманитар ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ва келгуси йилда Тошкент ва Улан-Баторда маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди.
Икки мамлакат ўртасида мавжуд визасиз тартибни инобатга олган ҳолда, қўшма дастурлар ва маҳсулотлар асосида туризм алмашинувларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали мулоқотни давом эттириш учун Мўғулистонга жавоб ташрифи билан келиш таклифини қабул қилди.