Лекин Кичик ҳалқа йўли, Катта ҳалқа йўли, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шаҳрисабз, Махтумқули, Оҳангарон кўчаларидаги тирбандликдан аҳоли норози экани кўрсатиб ўтилди.
Тошкент шаҳри аҳолиси йилдан йилга ошиб бораётгани ҳисобига 100 мингдан зиёд мактаб ва боғча ўринларига эҳтиёж бор.
«Энди пойтахтда бошқарув ўзгаради. 2026 йил Тошкент шаҳри учун «Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши» йили бўлади. Бу ғояни рўёбга чиқариш бўйича катта дастур амалга оширилади», – деди давлатимиз раҳбари.
Келгуси йилда жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни 3 минг, 2027 йилда эса 3,5 минг долларга етказиш учун пойтахт туманлари 3 та йўналишда ривожлантирилиб, 2026 йилда 9 миллиард доллар, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади.
Сергели, Янгиҳаёт, Бектемирда юқори технологик саноат ва логистика соҳалари «ўсиш нуқтаси» бўлади.
Жумладан, келаси йили Сергелида майдони 120 минг квадрат метр бўлган 70 миллион долларлик замонавий агрологистика ва омборхона ишга туширилади.
Янгиҳаётдаги «Янги авлод» саноат зонасида электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик ва озиқ-овқат соҳасида 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг «DP World» компанияси замонавий логистика тизимини йўлга қўяди.
Ушбу саноат зонаси Янгиҳаёт ва Бектемирдаги 640 гектар ҳисобидан кенгайтирилади. Бунинг ҳисобига умумий қиймати 3 миллиард долларлик экология талабларига мос ва юқори технологик янги лойиҳаларни бошлаш топширилди.
«Янги авлод» саноат зонаси бошқарувига илғор хорижий компанияни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Учтепа, Чилонзор, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Олмазорда хизматлар, креатив иқтисодиёт, дизайн ва туризм асосий инвестиция йўналишларига айланади.
Хусусан, 37 гектарда 1 миллиард долларлик «Учтепа сити» лойиҳаси бошланади. Унинг доирасида замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар, савдо-кўнгилочар мажмуа ва апартаментлар барпо этилади.
Чилонзор, Яккасарой, Олмазорда ҳам 2,5 миллиард долларлик шундай лойиҳалар амалга оширилади.
Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнободда эса сунъий интеллект, стартап, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳасида 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.








