Эзгу ташаббуслар доирасида узумнинг саноатбоп навларини кўпайтириш, қайта ишлаш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш каби муҳим жиҳатларга катта эътибор қаратиляпти. Айни пайтда корхонамиз тасарруфидаги узум плантацияларида дунёнинг турли қитъаларидан келтирилган энг ноёб узум навлари парваришланаётгани, жаҳон андозлари даражасида қайта ишланаётгани ва экспорт қилинаётгани, экотуризм жадал ривожланаётганини ҳаётбахш ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида эътироф этиш мумкин.
Яқинда Президентимиз раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш бўйича ўтказилган йиғилишда энг муҳим устувор вазифалар белгиланди. Бу мамлакатимиз аҳолисини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, иқтисодиёт “драйвери” бўлган экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Боиси боғдорчилик ва узумчилик миллий қадриятларимизга хос оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда жуда ҳам кўл келади.
Дарҳақиқат, тармоқда селекция ишларини жадаллаштириш, интенсив усулда кўчат етиштириш ва парваришлаш, жаҳон бозорида харидоргир данаксиз узум навларини кўпайтириш ҳамда қайта ишлаш саноатига янги технологияларни жорий этиш олдимизда турган энг муҳим вазифалар сирасига киради.
Эндиликда узум плантациялари учун субсидиялар ажратилаётгани айни муддао бўлди. Бу янги токзорларни барпо этиш, эски боғ ва узумзорларни янгилаш тизимида ўзига хос имконият, имтиёзлар беради. Сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 млн. сўмдан субсидия ажратилиши бизни беҳад мамнун этди. Янги токзорлар учун бир дона артезиан қудуқ ёки насос станцияси қуришга ҳар 10 гектарга 120 млн. сўмгача субсидия берилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган, ҳосилдорлиги паст бўлган ташландиқ ерларда токзорлар барпо этаётган биз каби ташаббускор тадбиркорлар учун бундай имтиёзлар жуда ҳам зарур.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида шу йилнинг 10-13 июль кунлари Фарғона вилоятида узум етиштириш ва қайта ишлаш тажрибасига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган тадбиркорлар, фермерлар, боғбонлар корхонамизда бўлиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишишди. Интенсив усулда етиштирилаётган узум плантацияларимиз, бевосита корхонамизнинг ўзида улар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Янги-янги ҳамкорлик келишувларига эришилди.
Жорий йилнинг шу кунига қадар Россия, Қозоғистон, Болтиқбўйи мамлакатларига 200 минг евролик тайёр маҳсулот турларини етказиб бердик. Бу борада ишга солинмаган имкониятлармиз бор. Асосий мақсад, Фарғона боғларида етиштирилган сара маҳсулотлар экспор ҳажмини янада кўпайтириш.
Бугун жаҳон бозорида майиз ва табиий вино маҳсулотлари харидоргир. Айни жиҳатларни инобатга олиб, корхонамиз фаолиятини илғор тенденциялар асосида ривожлантириш, янги токзорлар барпо этиш, маҳсулот турларини кенгайтириш, экотуризм салоҳиятини юксалтириш учун истиқболли бизнес-режалар ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.
Азизбек КОМИЛЖОНОВ,
“Ferghana France” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари









