Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматини аниқлаш тартиби белгиланди

    Ҳукумат қарори (744-сон, 26.11.2025 й.) билан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

    Низомга кўра, норматив қиймат норматив кўрсаткичлар, ер кадастри, экилган қишлоқ хўжалиги экинлари ва тупроқ бонитет балли маълумотларини ҳисобга олган ҳолда фойда, рентабеллик асосидаги даромадли ёндашувдан фойдаланиб аниқланади.

    Норматив қийматни аниқлаш натижалари давлат ер кадастрига киритилади.

    Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари норматив қийматни аниқлаш объекти ҳисобланади.

    Норматив қиймат Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан аниқланади.

    Ҳар бир қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси бўйича қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва бошқа баҳоланган ерларнинг норматив қиймати тўғрисида маълумотнома тузилади.

    Маълумотнома қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчисига топшириш учун "Электрон ҳукумат" тизими орқали Солиқ қўмитасига тақдим этилади.

    Норматив қийматнинг ҳисоб-китоби натижалари минг сўмгача бўлган аниқликда тақдим этилади.