Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ICAC) директори Эрик Трахтенберг билан учрашди.
Мулоқот давомида томонлар қўмита билан амалга оширилаётган ҳамкорликнинг натижалари ва келгуси режаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида «Карбон бозори» тизимини жорий этишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бу ташаббус халқаро миқёсда барқарор ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экологик технологияларни жорий қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2026 йилда Ўзбекистонда «International Cotton Day» халқаро тадбирини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур форум мамлакатда пахта етиштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион ёндашувлар ва экологик барқарор ишлаб чиқариш амалиётини намоён этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятли.









