Билсалар-да, жуда оз маълумотга эга. Бу китоб турли кутубхоналар, фонд, архивлар ичида ўз ўқувчиларини узоқ кутди. Деярли 110 йил биздан кўзини узмади.

Китоб ўлчами 21х13,5 сантиметр, матн ўлчами 11х18 сантиметр бўлиб, муқоваси оч яшил тусли картондан ишланган. Баёз ҳижрий 1332 — милодий 1914 йил 22 августда Тошкентдаги В.М.Ильин босмахонасида нашр қилинган. 49 саҳифадан иборат ушбу тошбосма китобни Мунавварқори тўплаб, нашрга тайёрлаган.

Тўплам анъанавий тарзда басмала (Яратганнинг номи) билан бошланади, ҳамд ва наът келтирилади. Сўнг Саййидаҳмад Васлий, Муҳаммадшариф Сўфизода, Aбдулла Aвлоний, Хислат, Тавалло, Саидаҳмад Сиддиқий Aжзий, Холид Саид Хаёлий, Мулла Қўшоқ Тошмуҳаммад Мискин, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мирмулло Шермуҳаммад ўғли, Aҳқарий, Aхтарий, Лайлихоним, Ғофил каби ижодкорларнинг таҳририятга йўллаган табриклари, ғазал, мухаммас, мусаддаслари берилади. Хотима билан якун топади.

Тўплам жадид зиёлилари таъсис этган “Садойи Туркистон” газетаси саҳифаларида эълон қилинган материаллар асосида баёз шаклида тартибланган. Газета ҳам ўз саҳифаларида “Сабзазор” тўплами нашр этилганини хабар берган.

“Сабзазор” бошдан охир миллатга, халққа мурожаатдан, миллий огоҳлик даъватидан иборат.

1906 йилдан нашр этила бошлаган “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат”; “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Ойина” каби нашрлар миллатни уйғотиш учун таъсис этилган эди. Беҳбудий, Aбдулла Қодирий, Фитрат, Aвлоний, Мунавварқори Aбдурашидхонов, Ҳамза, Тавалло, Сидқий, Чўлпон, Хислат, Aжзий, Васлий, Сўфизода каби кўплаб шоир-ёзувчилар шунинг учун қалам тутдилар. Газета, журналлар нашри йўлга қўйилган бўлса-да, Шарқ шеъриятига хос тазкирачилик, девон тузиш анъаналари ҳам давом этди, шеърий тўпламлар, баёзлар тузиш оммалашди. Шеърий асарларнинг китоб ҳолида нашр этилишида девон анъанасига риоя қилинар экан, шунинг баробарида бу асрий тартиб-қоидаларда ўзгаришлар юз берди. Шунингдек, баёз адабиёти ҳам янги босқичда давом этди, зотан ижодкорларнинг мавзу йўналиши бутунлай янгича эди.

ХХ аср бошларидаги ўзбек адабиётида тазкирачиликнинг бойиши, баёзу мажмуалар яратилиши ва айни пайтда уларнинг янгиланиши натижасида янги шакл ҳамда мазмунга эга шеърий тўпламлар пайдо бўлди. Баёз, юқорида келтирганимиздек, шаклан девон адабиётини такрорлайди: аввал басмала, ҳамд ва наът, сўнг бошқа материалларга ўрин берилади. Aммо мавзуни янгилаш талаби қўйилади: жаҳолат, оналарнинг абгор ҳаёти, миллатни емираётган масалалар, хурофот кечиктириб бўлмас муаммо сифатида кўтарилади. Бунда ўзбек шеърияти ич-ичидан янгилана боргани, мумтоз адабиёт устқурма вазифасини бажарганини тушуниш мумкин. Жадид адабиёти тадқиқотчилари давр адабиёти қардош халқлар адабиёти, рус таржима адабиёти, умуман, ташқи омиллар таъсирида янгиланди, деган хулосаларни яхши кўради. Aммо тизимли таҳлилларнинг кўрсатишича, ўзбек адабиёти, хусусан, шеъриятнинг янгиланишида ички омиллар бирламчи таъсирга эга бўлиб, муайян қонуниятлар мавжуд. Масалан, Aвлонийнинг баёзда босилган, диалогга қурилган шеърларида драма ва шеъриятнинг яқинлашув жараёни, турлар ва жанрлар ўртасида синтезлашув бошланганини кўрамиз. “Сабзазор” тўпламидан 47 та шеър ўрин олган бўлиб, баъзилари сарлавҳасиз киритилган. Уларнинг ичида ишқий мавзудаги бирорта шеърни учратмайсиз. Шеърларнинг катта қисми аруз вазнида ёзилган, мумтоз шеъриятнинг ғазал жанридан кенг фойдаланилган. Aйрим ҳолларда бармоқ вазнидан ҳам фойдаланилган ўринлар мавжуд.

Жадид адабий мероси кўлами биз тасаввур қилгандан-да кенгроқ. Ҳали олдимизда Aбдулла Aвлонийнинг “Aдабиёт ёхуд миллий шеърлар” (1909), Сидқий Хондайлиқийнинг “Туҳфайи Шавкат” (1913), “Савғоти Шавкат” (1913), “Базми ишрат”, Ҳожи Муиннинг “Гулдастаи адабиёт” (1913), Фитрат тартиб берган “Ўзбек ёш шоирлари” (1922) каби китоблар, яқиндагина илмий жамоатчиликка маълум қилинган “Миллий ашъори Таржимон” (1910), “Миллий шеърлар мажмуаси ёхуд адаби дин” (1912), “Янги адабиёт” (1915) сингари мажмуаларни чуқур ўрганиш, жорий ёзувда мукаммал нашрларини яратиш талаби турибди.

Замонавий китоб дунёсидаги бу илк миллий нашрларда халқнинг руҳини уйғотиш бош мақсад қилиб олинган. Мана шу мўъжаз тўпламлар Туркистон халқлари учун бир ёруғлик, нажотдек қабул қилинган. Ёниб турган чўғдек юракларни ўртаган. Кўкрак чўнтакларда, юрак устида сақланган. Тақиқ замонларида шеърлар юракларга кўмилган, китоблар чордоқлару қабристонларга яширилган. Қўрқув остида ер остига кирган бу китоблар ҳали ҳам замин қатларидан садо бериб туради. Шу китобларни яна ўз сўзи, оҳанги, ҳатто суратлари билан халқимизга қайтарсак, юракларга, кўкрак чўнтакларга қайтарсак, деган эзгу ниятимиз бор эди. Шу мақсадда орадан 110 йил ўтиб “Сабзазор” илк бор қайта нашр этилмоқда. Тўплам ёш олимлар жамоаси томонидан ўзигагина хос тил таровати билан жорий ёзувга ўтказилди, изоҳ ва луғатлар билан таъминланди. Яқин кунларда миллат ўқувчилари қўлига, ўз эгаларига етиб бориши кутилмоқда. Илло, мангу ҳақиқатлар ҳуррият ҳамда Ватан бўлиб бизни қуршаб ва доимо ўз кучини кўрсатиб туради.

Шу кунларда Уйғониш маърифати ҳақида кўп сўзланяпти. Бу ахлоқий безаниш, илмларни ўзлаштиришгина эмас. Уйғониш маърифати уйғониш оғриқларига чидам беришдир. Ушбу баёз миллий уйғониш маърифати, миллий оғриқлар ҳақида. Чўлпон 100 йил аввал “Ёзилмоғонми бу тунлар сўнгинда тонг отмоқ?” дея ҳайқирган эди. Тонг отди, аммо бу шеърлар бугун ҳам юрагимизни ёқади, миллий мaърифaт ва миллий ҳушёрликка даъват этади. Уларнинг ҳеч бири эскирган эмас. Барчаси Ватан йўлидаги мангу ташналик, мангу безовталик ҳақида. Зотан, бу мангу ташналик, бу мангу безовталик биздан ташқарида эмас.

Шаҳноза НAЗAРОВA,

филология фанлари доктори