Мазкур тадбир юртдошларимиз сони, ёши, миллий таркиби, турмуш шароити, бандлиги каби аниқ статистик маълумотларни шакллантиришга қаратилган муҳим жараёндир. Ўтган бир неча йилда бунга катта тайёргарлик кўрилгани, амалиёт баъзи ҳудудларда синов тариқасида ҳам ўтказилгани айтилмоқда.

Энди ана шу рўйхатга олиш тадбири умум­миллий тарзда уюштирилади. Тўғри, ҳозир ҳам мамлакатимиз аҳолиси ва ер майдони ҳақидаги маълумотлар, статистика кўрсаткичлари мав­жуд. Аммо улар анча илгари, қолаверса, эски усулларда шакллантирилган. Аниқроғи, юр­тимизда охирги марта 1989 йили аҳоли умум­миллий рўйхатга олинган. Ўтган 35 йилдан ортиқ вақт давомида демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда яхшигина ўзгаришлар бўлган. Айниқса, охирги ўн йилликда Ўз­бекистон тараққиёти ҳам, ривожланиши ва аҳоли фаровонлиги ҳам аввалгидан тубдан фарқ қилади. Ўсиш ва ўзгариш ниҳоятда катта. Аҳо­ли сони ҳам шунга мос тарзда ошиб боряпти. Эсимда, авваллари аҳоли сони билан боғлиқ рақамлардаги ўзгаришлар бир неча йилда бир ўзгарарди. Ҳозир рақамлар йилига сезиларли ўсяпти, аллақачон 38 миллион кишидан ошдик.

Буларнинг барчаси ижобий кўрсаткич, албат­та. Ана шу ўзгаришларнинг ҳаммаси юртимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги ерини рўйхатга олиш­нинг янги босқичини ўтказиш заруратини юзага келтирди. Аниқроғи, бу зарурат пайдо бўлганига бир неча йил бўлди. Шунчаки жараён энг замона­вий ва халқаро стандартлар асосида ўтказилиши учун жиддий тайёргарлик кўрилди. Ниҳоят келгу­си йили аввалида мамлакатимиз бўйлаб умуммил­лий рўйхатга олиш тадбири ташкил этилади.

Хўш, бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, аҳоли ва турмуш шароити тўғрисидаги ишончли маълумотлар айнан рўйхатга олиш жа­раёнида шакллантирилади. Масалан, Фарғонада неча киши ишсиз? Андижонда нечта оила уй-жойга муҳтож? Сир­дарёда яна нечта таълим муассасаси қурилиши ло­зим? Қашқадарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Тошкент шаҳрида аслида, қанча киши ис­тиқомат қилади ва ҳоказо. Аҳоли­ни рўйхатга олиш амалиёти шу каби кўплаб саволларга жавоб, муаммо­ларга ечим топиш имконини беради.

— Жаҳон тажрибасига кўра, мамла­кат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълу­мот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишдир, — дейди Миллий статистика қўмитаси матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Камола Исмоилова. — Ривожланган давлатлар амалиётида ҳар ўн йил­да бир марта аҳолини, ҳар беш йилда бир қишлоқ хўжалиги ерларини рўйхатга олиш анъанаси йўлга қўйилган. Бунда мавжуд статистик рақамларни янада аниқлаштириш, энг охирги маълумотларни шакллан­тириш мақсад қилинади. Шу жиҳатдан мазкур жараён Ўзбекистон учун ҳам муҳим. 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, унда аҳолини камида ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда рўйхатга олиш зарурли­ги белгиланган.

Дастлаб 2021 йилда аҳоли ва 2022 йилда қишлоқ хўжалиги майдони синов тариқасида рўйхатга олинди. Ушбу амалиёт мустақиллик йилларида юртимизда илк бор ўтказилаётгани­ни инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўрилди. Тўлиқ рўйхатга олиш учун зарур техник тайёргар­лик ишлари бажарилиб, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилгач, умуммиллий тадбир 2026 йилда ўтказилиши белгилан­ди. Жараёнда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги уйғун ҳолда рўйхатга олинади. Бу ҳам вақтни, ҳам харажатни те­жаб, сўровларни мақбуллаштириш имконини бера­ди. Мазкур ёндашув мамлакатнинг молиявий ва ташкилий ресурсларини самарали бошқаришга хизмат қилиши билан бирга маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатини оширади.

Ҳар бир фуқаро тенг шароитда яшаш, барча хизматдан бирдек фойдалана олиш, энг чекка ҳудудлар аҳолиси ҳам сув, газ, электр таъми­нотига эга бўлишни истайди. Бугун давла­тимиз ўз олдига қўйган асосий вазифа ҳам шу. Барча бирдек фаровон ҳаёт кечириши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Айни мақсадда амалиётда қўлланаётган ўзи­мизга хос тажриба, хусусан, маҳал­лабай ишлаш тизими самарасини бошқа мамлакатлар ҳам эътироф этяпти. Қилинаётган ишлар на­тижадорлиги янада ортиши, ҳар бир юртдошимиз яхшироқ яшаши учун ҳам рўйхатга олиш амалиёти муҳим.

— Жараён уч босқичда ташкил этилади, — дейди Камола Исмоилова. — Дастлабки 17 кунда аҳо­лига интернет орқали маълумотларни киритиш имконияти яратилади. Бунда фуқаролар census. stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдами­да рўйхатдан ўтади. Шундан сўнг ўзи ва оила аъзолари тўғрисидаги саволномани мустақил тўлдириши мумкин. Сўровномада 71 та савол бўлиб, 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжали­гига оид. Жумладан, асосий демографик кўрсат­кичлар, аҳолининг даромад манбаи, бандлиги ва таълим даражаси, турар жой хусусиятлари, айрим тоифалар, чет эл фуқаролари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича саволлар ўрин олган.

Кейинги бир ойда эса “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юриб, маълу­мотлар йиғилади. Бунинг учун аввал “маҳалла еттилиги” аъзолари махсус дастурлар асосида тайёрланади ва уларнинг фаолияти рағбатлан­тирилади. Еттиликнинг аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиши ва фуқаролар эҳтиёжи ҳамда шароитларини яхши билиши рўйхатга олиш жа­раёнининг сифати, ҳаққонийлиги ва аниқлиги­ни кафолатлайди.

Рўйхатга олиш ишларида маҳалла институти тизимидан фаол фойдаланилади. Боиси, маҳалла фаоллари фуқароларни яхши танийди, одамлар ҳам уларга ишонади. Эшикни тақиллатиб борга­нида маълумотларни иккиланмай тақдим этади. Дейлик, бу масалада фуқаролар хонадонига бе­гона одам борса, иш кўпроқ вақт олиши мумкин. Рўйхатга олиш учун келган киши махсус ходим эканига одамлар ишониши учун ҳам бир оз муд­дат кетади. Давлат томонидан ишлаб чиқилган шахсий маълумотлар дахлсизлигига оид пухта чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, айнан ҳар бир шахснинг ўзи таниган-билган “маҳалла еттилиги” аъзоларигагина ишониб маълумотларни тақдим қилиши тўғри бўлади.

Белгиланган муддатда рўйхатга олиш жара­ёни якунлангач, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади. Мута­хассисларнинг тушунтиришича, рўйхатга олиш натижалари Европа статистиклар конферен­циясининг 2020 йилги тавсияларига мувофиқ умумлаштирилади. Шу тарзда мамлакатимиз аҳолисининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари тўғрисида ягона маълу­мотлар базаси шаклланади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига оид кўр­саткичлар аниқланади.

Умуммиллий рўйхатга олиш тадбири аҳоли ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун нисбатан кам ҳаракатланадиган қиш фаслига тўғри келиши билан ҳам қулайлик яратади. Бу вақтда қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар камайган бўлиб, фермер ва деҳқонлар учун маълумотларни тақдим этиш вақти қулай бўлиши айтилмоқда. Мавсумий омилларни ҳисобга олиш, шунингдек, ташкилий имкониятлардан самарали фойдаланиш рўйхат­га олиш жараёнининг аниқлиги ва тўлиқлигини таъминлайди. Масалан, қиш фаслида чорва мол­ларининг сони ва ер ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини аниқлаш осонроқ бўлиб, бу маълумот­ларнинг ишончлилигини оширади.

— Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини умуммил­лий рўйхатга олиш мустақил Ўзбекистон ама­лиётида янгилик ва катта воқеа бўлиб, ушбу тарихий ҳодиса халқаро ташкилотлар томони­дан ҳам юқори баҳоланмоқда, — дейди Камола Исмоилова. — Хусусан, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжа­лиги ташкилоти экспертлари Ўзбекистоннинг аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича тайёргарлик ишлари ва ушбу жараён­нинг биргаликда ташкил этилишига ижобий хулосалар билдирган. Ушбу халқаро ташки­лотларнинг қўллаб-қувватлови юртимиздаги рўйхатга олиш жараёнининг глобал стандарт­ларга мувофиқлиги ҳамда унинг натижалари халқаро миқёсда эътироф этилишини кўрсата­ди.

Қисқаси, рўйхатга олиш жараёни шунча­ки тадбир эмас, балки халқаро аҳамиятга эга воқеадир. Бу нафақат давлат органлари учун статистик маълумотлар йиғиш воситаси, айни вақтда бутун жамиятнинг фаровонлиги ва ке­лажакда ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим тадбир. Йиғилган маълумотлар республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисо­дий ривожлантириш, янги иш ўринлари очиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда муҳим ахборот базаси бўлиб хизмат қилади. Шу боис, рўйхатга олишда ҳар биримизнинг фаол ва масъулиятли иштироки­миз ушбу тарихий жараённинг муваффақияти­ни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири