Она тилимизнинг нуфузини ошириш, унинг миллат кўзгуси, миллий ғуруримиз сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани бор гап. Зеро, мамлакатимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар, амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, илм-фан тараққиёти, бошқа давлатлар билан олиб борилаётган яқин ижтимоий-иқтисодий алоқалар тилимизда ўз лисоний ифодасини топмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти турли соҳаларга доир қўлланма, изоҳли луғатларни нашр этиш орқали барча мутасадди ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга она тилимизнинг бойлиги, кенг имкониятларини намоён қилиб келаётир.
Департамент буюртмасига кўра, яна бир изоҳли луғат дунё юзини кўрди. Мазкур китоб тақдимоти айнан Тошкент молия институтида бўлиб ўтгани бежиз эмас. Зеро, «Банк-молия терминларининг ўзбек тилидаги изоҳли луғати» деб номланган қўлланма банк-молия тизимига муносиб кадрлар тайёрлаб бераётган институт ўқитувчилари фаолиятида муҳим ўрин тутиши аниқ. Энг муҳими, иш берувчилар ҳам ўзбек тилини мукаммал биладиган мутахассисларга кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.
Тадбир аввалида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев мазкур луғат банк-молия соҳаси учун дебоча экани, келгусида юксак салоҳиятли мутахассислар кўмагида бундай китоблар давомли чоп этилишини айтиб, бу борада институт ходимларини ҳамкорликка чақирди. Китоб муаллифлари – Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор ўқитувчиларига ғоят муҳим, катта ишни амалга оширганлари эътироф этилди. Тақдимотда сўз олган институт ректори Тўлқин Тешабоев, проректор Алишер Тўйчиев ва бошқалар ҳам муаллифларга машаққатли вазифани адо этганлари учун алоҳида миннатдорлик билдириб, кейинги китобни нашрга тайёрлашда институт жамоаси асосий ўрин тутишини айтиб ўтишди.
— 2013 йилда давлатимиз раҳбарининг университетимизни ташкил қилиш тўғрисидаги қарори ва унда зиммамизга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, жамоамиз олимлари олдига ҳарбий иш, дипломатия, саноат, ахборот коммуникациялари каби муайян соҳаларда ўзбек тилини қўллашни кенгайтиришга доир қатор вазифалар қўйилган эди, — деди қўлланма муаллифларидан бири Саодат Муҳамедова. — Шуларнинг орасидан дастлаб банк-молия тизимини танлаб олиб, луғат муаллифларидан бири Екатерина Шириновага «Ўзбек тили банк-молия тизими терминологияси тадқиқи» мавзусида илмий иш бердик. Ўтган йили у диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Аммо изланиш жараёнида соҳага доир ўзбекча луғатлар йўқлиги боис жуда қийналгани, фақат рус тилидаги манбалар билан ишлашга тўғри келганини айтиб, банк-молия терминларини кичик бўлсада, бир китобга жамлаш, изоҳини келтириш ғоясини айтди. Ректор ҳам бу таклифимизни қўллаб-қувватлади. Натижада қийинчиликлар билан бўлсада, луғат яратишга эришдик. Бу биринчи қадам. Терминлар рўйхати мингтага ҳам етмаган. Ҳар қандай назария амалиётда муносиб баҳоланади. Шу маънода банк-молия соҳаси вакиллари луғатдан фойдаланиб кўришсин. Агар уларнинг фаолиятида қўлланма муҳим ўрин тутадиган бўлса, соҳада ўзбек тилининг қўлланиши кенгайса, албатта етук, тажрибали мутахассислар билан китобни кейинги нашрларини ҳам бажонидил тайёрлаймиз.
Банк-молия соҳасига оид саккиз юздан ортиқ терминлари, тушунча ва иборалар изоҳини ўзида жамлаган ушбу луғатда берилган терминларнинг амалда қўлланиши соҳага оид меъёрий ҳужжатлар, ўқув адабиётлари, матбуотдан олинган мисоллар билан очиб берилган.
Китоб Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмаси асосида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Innovatsiya-Ziyo” нашриёти томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилди. Ҳар галгидек департамент томонидан мазкур луғат ҳам соҳа доирасидаги барча корхона ва ташкилотларга, тегишли мутасаддиларга бепул етказиб берилади. Шунингдек луғатдан банк-молия муассасалари ходимлари, олий ўқув юртлари талабалари, тадқиқотчилар, соҳа бўйича малака ошириш курслари тингловчилари ҳамда барча қизиқувчилар фойдаланиши мумкин.
Муножат МЎМИНОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири