Президентимизнинг 2020 йил 15 майдаги “2020—2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони асосида кейинги беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишлари белгиланди. Банк тизимининг самарадорлиги, молиявий барқарорлиги, банк хизматлари оммабоплигини ошириш ҳамда банк тизимида давлат улушини қисқартиришни ўз ичига олган стратегияда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши банк секторидаги бундай ҳолатни буткул ўзгартиради.

Банклар қандай манфаат кўради?

Фармонга мувофиқ, “Ипотека-банк” АТИБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Асака банк” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ва “Туронбанк” АТБ фаолияти биринчи босқичда халқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилинади, иккинчи босқичда эса, мазкур банклардаги давлат акциялари пакети стратегик инвесторларга сотилади. Шунингдек, Стратегия доирасида Халқ банки ва “Азия альянс банк”даги давлат акциялари пакетини ҳам хорижий стратегик инвесторларга сотиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, банк тизими активларининг умумий ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари улушини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш ҳамда банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида банкларнинг хусусий сектор олдидаги мажбуриятлари улушини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.

Давлат иштирокидаги банкларнингхалқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилиниши ва хорижий стратегик инвесторларга сотилиши натижасида банкларда корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимлари такомиллашади, янги халқаро тажрибага эга бўлган иштирокчилар билан бир қаторда тизимга янги технологик ечимлар ҳамда банк ишининг илғор хориж тажрибаси кириб келади, банкларнинг бизнес-моделлари ўзгариб,уларнинг мижозларга йўналтирилганлик даражаси ошади.

Шу билан бирга, хусусий банклар сонининг кўпайиши банк тизимида рақобат муҳитини кучайишига хизмат қилади. Ўз навбатида, кучли рақобат мавжуд бўлган бозорда хизматларнинг сифати яхшиланади, нархлар арзонлашади, маҳсулот ва хизматларнинг янги турлари пайдо бўлади, масофавий банк хизматлари кўлами кенгайиб боради. Бундан тадбиркорлар ва аҳоли ҳам манфаат кўради.

Жамғарма молиявий қўллаб-қувватлайди

Банк секторининг тижоратлашувини ошириш, унга хусусий капитални жалб қилиш ва мазкур секторни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича вазифаларни амалга ошириш асносида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолияти ҳам такомиллашади.

Ҳозирги вақтда Жамғарманинг фаолияти фоиз ставкаларини қоплаш ва кредитлар бўйича кафилликлар бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Банк секторини ислоҳ қилиш Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш заруриятини кучайтиради. Хусусан, қарз олувчининг гаровга қўйилган мол-мулки билан бир қаторда кафолатлар бўйича ундиришни кўзда тутувчи маҳсулотларни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, Жамғарма фаолиятининг барқарорлигини ошириш, шунингдек, кафилликлар бўйича табақалаштирилган комиссияларга босқичма-босқич ўтиш учун молиявий модель ишлаб чиқилади.

Жамғарманинг корпоратив бошқаруви унинг кузатув кенгашида мустақил аъзолар, шу жумладан, хусусий сектор ёки илмий доира мутахассисларининг иштироки асосида кучайтирилади. Молиявий ҳисоботлари эса аудиторлик текширувидан ўтиб, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш мақсадида бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар эълон қилинади.

Давлат улуши қолаётган банклар фаолияти

Ислоҳотлар даврида давлат иштирокидаги корхоналарнинг кредитлашга бўлган талабини чеклаб қўймаслик ҳамда молиявий оммабопликни таъминлаш учун айрим банкларда давлат улушини сақлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Шунга кўра, ўрта муддатда давлат иштироки 3 та банкда– “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ, “Агробанк” АТБ ва “Микрокредитбанк” АТБда сақлаб қолинади.

Қолган банкларда давлат улушини сақлаб қолишнинг жиддий асоси бўлмаганлиги учун мазкур банклар босқичма-босқич хусусийлаштирилади. “Ўзагроэкспортбанк” ва “Пойтахт банк”нинг фаолияти эса қайта кўриб чиқилади.

Стратегия доирасида давлат улушига эга бўлган барча банклар, шу жумладан, давлат эгалигида қоладиган банклар фаолияти трансформация қилинади. Бунда халқаро молия институтлари ва соҳага ихтисослашган консултантларни жалб этган ҳолда, банкларнинг бизнес моделларини ўзгартириш орқали фаолиятларини тижоратлаштириш ва мижозга йўналтирилганлигини ошириш, уларнинг корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ва кўламини ошириш чоралари кўрилади.

Банкларга тўхталадиган бўлсак, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк”нинг ҳудудлардаги тармоғи афзаллигини, яъни барча ҳудудларда филиаллар тармоғи мавжудлигини инобатга олган ҳолда, уларнинг фаолияти кичик ва ўрта бизнесни, қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан кредит орқали қўллаб-қувватлашга, ҳудудларда, шу жумладан, молиявий хизматлар кўрсатиш қийин бўлган олис туманларда жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш ва кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Миллий банк фаолияти эса устувор равишда стратегик корхоналарва инвестиция лойиҳаларига бозор шартларида банк хизматларини кўрсатиш, шунингдек, кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этишга қаратилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур стратегияда кўзланган мақсадлар орқали молия бозорида тенг рақобат шароитлари яратилади, банкларнинг давлат ресурсларига қарамлиги пасайиб, банк хизматлари модернизация қилинади ҳамда банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларбосқичма-босқич бекор бўлади.

Давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банкларидаги комплекс трансформация жараёнлари эса, етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган ва заиф қатламларда давлат иштирокини кўпайтиради ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиш асосида камхарж хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғини ривожлантиради.

Акмал НАЗАРОВ,

Марказий банкнинг Жамоатчилик билан

алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори