Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида чет элда истиқомат қилаётган ўзбек тили мутахассислари, таржимонларни жалб қилган ҳолда ҳазратнинг асарларини бошқа тилларга таржима қилиш, нашр этиш ва хорижий мамлакатларда тақдимотларини ўтказиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш борасидаги муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ҳозирги кунда шоир асарларидаги умуминсоний ва барҳаёт ғояларни тадқиқ этиш жараёни хорижда ҳам қизғин кечмоқда. Венгриялик навоийшунос Бенедик ПЕРИ билан суҳбатимизда ана шу жараёндаги ютуқлар ва муаммоларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Таниқли навоийшунос билан онлайн суҳбат уюштиришимизда бизга филология фанлари доктори, профессор Афтондил Эркинов ёрдам берди.

– Афтондил ака, суҳбатимиз аввалида Бенедик Перининг изланишларидаги ўзига хосликлар ҳақида айтиб ўтсангиз...

– Профессор Бенедик Пери можор туркийшунослиги вакили, Будапешт шаҳрида истиқомат қилади. Шарқшунослик институти директори, Этош Лоранд университети туркийшунослик кафедраси мудири сифатида фаолият юритади. Бенедик мазкур университетда инглиз, форс ва туркий тилларни ўрганган. Университетни 1992 йили битириб, туркий матнлар бўйича мутахассис бўлиб етишган. Мазкур туркийшунослик кафедраси Ўрта Осиё туркий матнларини ўрганиш бўйича узоқ анъанага эга.

2017 йили Бенедик Пери Тошкентда, Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишлаб ташкил этилган конференцияда иштирок этди ва ўзбек тилида қисқа маъруза қилганди. Унинг фикрлари жуда қизиқ: Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” номли асарида бундай деб ёзган эди, “Туркий шоирлар ўз шеърларини кўпинча форс тилида ёзганлар, чунки улар учун асрлар давомида бу тилда шеър ёзиш анъанасига суяниб ижод қилиш осонроқ бўлган. Лекин Алишер Навоий туркий шоирларга йўл кўрсатмоқ учун ўзи ўша даврда кенг тарқалган адабий жанрларнинг барчасида эски ўзбек тилида асар ёзди. Айни вақтда, Алишер Навоийнинг эски ўзбек тилидаги шеърлари барча туркий халқлар учун бадиий намуна бўлди. 2017 йилдан бери Б.Пери Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказиладиган анъанавий “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуидаги конференцияларда ўз чиқиш ва мақолалар билан иштирок этиб келмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, унинг “Бобурийлар муҳитига Алишер Навоий ва Лутфий ғазалчилигининг таъсири, Байрамхон мисолида” ҳамда “Алишер Навоий ва Ҳофиз Шерозийнинг биринчи ғазали” каби мақолалари Ўзбекистонда нашр этилади.

Бенедик Перининг “Алишер Навоий шеърларининг инглиз тилига таржимасига оид мулоҳазалар: муаммо ва таклифлар” мақоласи Навоий шеърияти таҳлили ва шоир шеърларини Ғарб ўқувчисига таржимада тушунтириш масаласига бағишланган. Унда олим Навоий шеърларини Ғарб тилларига таржима қилишдаги муаммоларни кўрсатиб ўтган ҳамда уларни ҳал этиш йўлларига оид илмий қарашларини илгари сурган. Айни пайтда Бенедик Пери Алишер Навоий лирикасига оид тадқиқотларини давом эттирмоқда.

***

Энди бевосита Бенедик Перига саволлар билан мурожаат қилсак...

 – Ҳурматли Бенедик Пери, сизнинг мумтоз адабиётимизга, хусусан, Алишер Навоий ижодига бўлган қизиқишингизни ниҳоятда қадрлаймиз. Уч йил олдин ўзбекистонлик олима билан суҳбатингизда: “Мен эски ўзбек адабий тилига оид матнларни ўқишни талабалик йилларимданоқ бошлаган эдим. Эсимда, дастлабки ўқиш жараёнларида кўплаб қийинчиликларга дуч келганмиз, чунки бизда бу давр адабий тилига оид бирорта ҳам луғат йўқ эди. Афсуски, бу муаммо ҳозир ҳам ўз ечимини топгани йўқ, яъни талабаларимиз Навоий даврида яратилган адабий асарларни аслиятда ўқиб тушунишларига мўлжалланган эски ўзбек адабий тилининг инглизча луғати ҳанузгача яратилмади”, деган эдингиз. Айни пайтгача бу муаммога ечим бўла оладиган саъй-ҳаракатлар бўлдими?

– Буюк шоир таваллудининг 580 йиллиги арафасида Ўзбекистон Президенти томонидан эълон қилинган қарор бевосита мен сўз юритган масалада ҳам катта ўзгаришлар ясашига умид қиляпман. Афсуски, шу кунгача илмий луғатлар билан боғлиқ вазият ўзгармади. Бизда ҳанузгача Мир Алишер Навоий ва унинг замондошлари асарларини ўқишни осонлаштирадиган классик ўзбек(чиғатой)-инглизча луғат мавжуд эмас. Ҳозирги кунда биз доктор Суат Юнлу томонидан тайёрланган классик ўзбек(чиғатой)-замонавий туркча луғатдан фойдаланмоқдамиз. Бу йилги саъй-ҳаракатларимиз ва ҳамкорлигимиз туфайли бу каби муаммолар ўз ечимини топишига, илмий ҳамкорлигимизда янги уфқлар пайдо бўлишига ишоняпман.

Эски ўзбек адабий тили Венгрия туркологик тадқиқотлар марказининг асосий ва анъанавий йўналишларидан бири ҳисобланади. Вамбери айнан мана шу йўналишда кўплаб тадқиқотлар яратган. Унинг “Марказий Осиё туркий матнларининг чиғатой тили тадқиқотлари хрестоматияси”га Алишер Навоийнинг бир қанча ғазаллари киритилган. Шу ўринда Вамберининг шогирдлари олиб борган изланишлар ва улар ўртага ташлаган қизиқарли мавзуларга тўхталиб ўтсангиз...

 

Афтондил Эркинов:

– Бу мавзуда мен ҳам ўз фикрларимни билдириб ўтсам. Дарҳақиқат, ўзбек мумтоз адабиётини ўрганиш бўйича венгриялик олимлар Европада етакчи ўринлардан бирини эгаллайдилар. XIX асрдан ўзбек мумтоз адабиётига Европада алоҳида эътибор қаратила бошланган. Бенедик Перининг Навоий ижодини ўрганишга киришиши ҳам бежиз эмас. Ўтган асрда венгриялик олим Янош Экман ҳам Навоийга оид тадқиқотлар қилган. Яъни можор олимларининг ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, Навоий ижодини ўрганиши Бенедик Пери ва унинг шогирдлари илмий фаолияти орқали давоб этмоқда. Марҳамат, Бенедик Пери, ушбу саволга сизнинг жавобингиз биз учун жуда қизиқ...

Бенедик Пери:

– Вамбери чиғатой тили ва адабиётига қизиқишини Будапешт университети туркшунослик кафедраси мудири сифатида устозига эргашган шогирди Жозеф Турига мерос қилиб қолдирган. У шу мавзуда 3 та кичик китоб нашр этди. Бири Марказий Осиёда туркий адабиёт тарихи, умуман, чиғатой-форсий луғатлари бўлса, биттаси Навоийнинг китобларини ўқиётган одамларга ёрдам бериш учун Эронда тайёрланган “Баҳжат ал-луғат” деб номланган луғатдир. Янос Экман 1870 йилда Вамбери томонидан асос солинган туркшунослик бўлимида ҳам ўқиган ва у узоқ вақт Туркияда бўлганида Ўзбекистон ҳудудида бир вақтлар гуллаб-яшнаган адабий анъаналарнинг тадқиқотчисига айланган. У хоразмликлар ва Чиғатой ҳақида кўплаб мақолалар нашр этди. Ушбу мавзу бўйича таниқли мутахассисга айланди. Будапештдаги туркшунослик мактабида ҳам таълим олган Андрас Бодроглигети Экман изидан юриб, Чиғатой ва ўзбек адабиёти тарихининг турли жабҳаларига бағишланган кўплаб мақолалар эълон қилди. Унинг энг муҳим асарлари қаторига “Чиғатой тили грамматикаси“ ва “Ҳозирги адабий ўзбек тили” кабилар киради. Ёш авлод вакилларидан Ферентс Чиркес таниқли чиғатой матни тўғрисида мақола эълон қилди. Гулу Наврўз ва Андраш Центнар Ўрта Осиё туркий-форс тилидаги китоби бўйича докторлик диссертациясини ёздилар. Менга келсак, Ҳиндистонда туркий тил ва адабиёт тарихига бағишланган китоб ва бир неча мақолаларим чоп этилган. Шунингдек, мен XVI аср ўрталарида Ҳиндистонда яшаган Бобур ва Байрамхон шеърлари ҳақида ёзганман.

 – Кейинги йилларда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига қизиқиш нафақат Шарқ, балки Ғарб оламида ҳам ортиб бораётгани қувонарлидир. Масалан, Америкада Девин де Вис, Николас Вомсли, Францияда Александр Папас, Марк Тоутант, Японияда Казауки Кубо ва яна бир қанча олимлар мутафаккир бобомиз ижоди борасида тадқиқотлар олиб борган. Бундай муносабат Ғарб университетлари талабалари ўртасида ҳам мавжуд. Бугун хорижда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид қилинаётган тадқиқотларга муносабатингиз қандай?

– Мен Навоий ижоди устида ишлаётган тадқиқотчиларнинг аксарияти билан яқин ҳамкорлик қиламан. Масалан, мени Парижда 2020 йилда Марк Тоутант томонидан Навоий ижодига бағишланган конференцияга таклиф қилишди. Афсуски, пандемия туфайли ушбу конференция бекор қилинди. Буюк шоир ижоди билан боғлиқ янги изланишларим ва мулоҳазаларимни тақдим этолмадим. Халқаро илмий анжуманлар биз тадқиқотчиларга жуда катта имкониятларни ҳадя этиши билан бирга келгусидаги изланишларимизга илҳом ва шижоат бағишлайди.

 – Алишер Навоий лирикасининг аксариятини инглиз тилига шеърий шаклда ўгириб бўлмайди, дея таъкидлашади тадқиқотчилар. Сиз, албатта, ғазаллардаги сўзлар муқобилини топиб, ўша ғазал моҳияти акс этган янги шеър шаклини яратишингиз мумкин. Аммо Навоий даври ижодий анъаналари муҳитида яратилган ғазал у яратилган давр ёхуд тарихий муҳитдан ажратиб олинса, ўзининг хусусиятини буткул йўқотади. Шундай эмасми?

 – Классик ўзбек шеъриятини Европа тилларига таржима қилмоқчи бўлcангиз, бир қатор қийинчиликларга дуч келасиз. Биринчи қадам техник қийинчиликларни енгишдир. Классик ўзбек шеъриятида миқдорий ўлчагичлар, яъни вазн қоидалари қўлланилади. Венгер тилига таржима қилишда сиз асл ҳисоблагични сақлашга ҳаракат қилишингиз мумкин. Мен Бобурнинг бир неча ғазалларини венгер тилига таржима қилдим ва уларнинг асл нусхасини, мазмунини сақлаб қолдим, деб ўйлайман. Инглиз тилида эса вазият анча мураккаб. Вазн миқдори одатда асл ҳажмини сақламасдан таржима қилинади. Иккинчи муаммо шундаки, Навоий сингари кўзга кўринган шоирлар сўзларни бир неча маъноларда қўллайдилар. Мен ҳамиша Шарқ шеъриятининг ана шундай тилсимли ва мураккаб жиҳатларидан ҳайратланаман. Яна бир жиддий муаммо шундаки, мумтоз ўзбек ва Европа адабиёти турли анъаналарга эга. Мен нимани назарда тутаётганимни тушунтириш учун биргина мисол келтирсам. Сиз мумтоз ўзбек шеъриятининг анъаналари билан танишганингизда ва Мажнун номини эшитганингизда бевосита кўп нарсалар билан боғланасиз. Лайли номи дарҳол сизнинг хаёлингизга келади. Кейин “ақлдан озган” ошиқ кезаётган саҳро... Европалик ўқувчиларда булар ҳақида асосий билимлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларга батафсил изоҳларсиз классик ғазалнинг асл гўзаллигини кўрсатиш қийин. Мен шогирдларимга кўпинча: “Шеърлар ҳаммаси ҳам асл ҳолича таржима қилинавермайди. Таржима қилинган шеърларнинг эса барчаси ҳам сиз ўйлаганингиздек аслидаги маънони англатмаслиги мумкин”, дейман.

Афтондил Эркинов:

 – Таржима ғоят мураккаб соҳа. Бизда Ғарб тилларига Навоийни, асосан, инглиз тили (филологияси) мутахассислари таржима қилишмоқда. Бу унчалик тўғри эмас. Сабаби, таржима қилиш учун ўзбек тилини шу миллат вакили бўлгани ҳолда билиш етарли бўлмайди. Ўзбекларнинг ўзи ҳам ўзбек тили ва адабиётини мутахассис даржасида билиш учун олий ўқув юртини битиришади. Навоий шеърияти (асарлари)нинг тилигина эмас, фикрлар олами ҳам мураккаб. Таржимон Навоий даври муҳити, ўзбек мумтоз адабиёти хусусиятлари, эстетик тамойилларини билиши керак. Бундан ташқари, таржимон қайси тилга таржима қилса, ўша тил муҳити ва китобхоннинг эстетик оламини билиши керак. Ҳар иккисини бирдек биладиган таржимонлар жуда-жуда оз. Таржимадаги мана шу муаммолар Навоийни ва унинг асарларини оламга танитишдаги асосий камчилик бўлиб келяпти. Бенедик Пери ўзбек мумтоз адабиёти ва Навоий шеъриятини Ғарб китобхонига таржима қилиб етказишдаги мураккабликларни таъкидлаган вақтида ҳақ гапни айтди.

Навоий ижодининг замонавий талқинлари янги назарий қарашлар, жаҳон адабиётшунослигидаги илғор таҳлил усулларига асосланиши лозим. Шу нуқтаи назардан, сиз бугун шоир ижодини ўрганишда қандай замонавий таҳлил методларини таклиф қилган бўлардингиз?

Бенедик Пери:

– Биз шогирдларим билан кўпинча битта ғазални таҳлил қилиш ва англаш учун бутун синф биргаликда муҳокама қиламиз. Яхши шеърларни тўлиқ баҳолаш қийин. Чунки улар ўзлари туғилган интеллектуал анъана ҳақидаги ишоралар билан тўлиқ бўлади. Дастлаб биз ўлчамни аниқлаймиз, чунки у шеърнинг тўғри ўқилишини белгилайди. Кейин биз сатрма-сатр босқичида ўқиймиз. Улар ичида яширинган риторик фигуралар ва матнлараро ташбеҳларни кашф этамиз. Ислом ва тасаввуф ақидаларига келсак, талабаларимизда ислом дини асослари бўйича дарслар бор. Дарсларни мутахассислар ўтади. Шу ўринда Шарқ шеъриятининг қанчалар гўзал мушоҳадага, руҳиятни хотиржам қилувчи илоҳий қудратга эга эканини таъкидлаб ўтмоқчиман. Алишер Навоийдек маънавий қуёши бор юртда яшайсизлар. Мен шу юртнинг кўҳна тарихига ва чексиз маънавий тилсимга эга шеъриятига ошиқман.

“Мир Алишер Навоий шеъриятини англашга илк қадам” номли китоб яратиш ниятида эканингизни айтгандингиз. Китоб инглиз тилида бўлиб, унда Навоий ғазалларидан намуналар ҳар икки шаклда, қўлёзма шаклида ва унинг лотин ёзувидаги изоҳлари билан берилади, дея таъкидлагансиз. Бу ажойиб режангизни қай даражада амалга ошира олдингиз?

Ҳозирги кунда дўстим профессор Абдулла Аъзамов билан ишлаётган лойиҳамиз Навоийнинг рубоийлари билан боғлиқ. Ғазаллар ўрнига биз рубоийни танладик. Чунки уларни мумтоз ўзбек шеъриятини эндигина ўргана бошлаган ўқувчилар осонроқ тушунишади. Китобга 40 та рубоийни киритишни режалаштирганмиз. Ҳар бир рубоий эски ўзбек графикасида ҳам, лотинча илмий траснкрипциясида ҳам мавжуд бўлади. Кейин биз ўқувчига просодия ва поэтикага оид ёзувларни тақдим этамиз. Шунингдек, биз муҳим сўзларнинг луғатини, сўнгра инглиз тилига таржимасини берамиз. Агар шеър қўшимча тушунтиришни талаб қилса, у ҳам берилган. Менинг таржималарим қандай кўринишда тақдим этилгани ҳақида сизга маълумот бериш учун мисол келтириб ўтсам:

Šärbät mäŋä ḫunob-u ġaẕā ġam bolmïš

Bistär tofraġ-u āh hämdäm bolmïš

Ḥālimġa ḫalāyiq işi mātäm bolmïš

Sensiz ölärim saʿb edi ul häm bolmïš

Bloody tears are my water and sorrow is my bread,

Sighs are my best friends and the dark ground is my bed.

People saw my sad state and hot tears they did shed,

Fate has never spared me; without you I am dead.

Биз жорий йилда ушбу лойиҳани бошладик ва ишимизнинг деярли ярмини бажардик. Ушбу жилдни бу йил Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишлаб нашр этиш мумкинлигидан ғоятда бахтиёрман. Шунингдек, тўпламимиз мутахассислар орасида ҳам, оддий ўқувчилар орасида ҳам ижобий жавоб олишига умид қиламиз.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Мухтасар Тожимаматова суҳбатлашди