Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 5 миллион аҳоли бўлиб (доимий яшовчи 2,9 млн, кунлик шаҳарга келиб кетувчи 1,5 млн, вақтинчали истиқомат қилувчи аҳоли 0,5 млн), аҳолининг сони йилига ўртача 100 мингтага ошмоқда. Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 760 минг автотранспорт мавжуд бўлиб (йилига 76 мингтага ортиб бормоқда), транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий йўл кўча тармоқлари узунлиги 470 км бўлиб 380-400 минг автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган. Шу билан бирга кунлик шаҳарга кириб чиқувчи автотранспорт сони 160-220 минг бўлиб, кун давомида шаҳар йўлларида 1 миллионга яқин автотранспорт навбатма-навбат ҳаракатланмоқда. Бу эса йўл тармоғининг бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш сиғимидан 2 баробар кўп бўлган автотранпортлар ҳаракатланмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг бир нечта асосий кўчаларида олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари (асосан коммуникация тармоқларини таъмирлашлар) сабабли ҳаракат чекланиши транспорт воситалари оқимининг қайта тақсимланишига олиб келиб, бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юклама ҳосил бўлди. Натижада шаҳардаги умумий ҳаракат тезлиги, йиғилиб қолган қўшимча оқим ҳисобига кескин тушиб кетди. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, барча кўчаларда транспорт воситалари ҳаракат тезлигининг пасайишига ва доимий бўлмаган тирбандликнинг хосил бўлишига олиб келди.

Ахолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжи 9 миллионни ташкил этиб, ундан 3 миллиони пиёда ҳаракатланиш, 6 миллиони транспортда ҳаракатланишга тўғри келади. Транспортда ҳаракатланишнинг 25%, яъни 1,5 миллиони автобус, метро микроавтобусларда, қолган 4,5 миллиони, шаҳарда кун давомида ҳаракатланадиган бир миллион автотранспортда амалга оширилади. Шахсий енгил транспортлар сони бўйича бир кунда икки марта (бориш келиш) ҳаракатланишига 2,25 та йўловчи тўғри келади.

Юқоридаги сабаблар, хамда транспорт оқимини самарали бошқарув тизими йўқлиги, доимий тирбандликларда ҳаракат тезлиги 7 кмсоатгача тушиб кетиши, аҳолининг йўлга сарфлайдиган вақти бундан 3 - 4 йил олдингига нисбатан қарииб икки баробарга ортгани, бунинг ортидан секин ҳаракатланаётган транспортларнинг ортиқча ёқилғи сарфи ва зарарли газларни чиқариши натижасида иқтисодий йўқотишлар ҳам ортиб бормоқда. Аҳолини кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қондириш, бунда йўлга сарфланадиган вақт ва моддий ресурслар самарадорлигини оширишга, жаҳон тажрибасига кўра, сифатли, қулай, хавфсиз ва жозибадор жамоат транспорти тизимини жорий этиш орқали эришилади.

Таклифлар

Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг узунлиги 29 км бўлган 8 та асосий транспорт артерияларида (А.Темур 6км, Шахрисабз, Ш.Руставели Я.Сергели 15км, Самаркад дарбоза ,Қоратош, Кўкча дарбоза, Бешқайрағоч 8 км кўчаларида) йўл бўйи парковкаларни тартибга солиш, жамоат транспорти ҳаракат устуворлигини таъминлаш, чорраҳаларда ҳаракатни ташкил этишни такомиллаштириш транспорт оқимларни мувофиқлаштирувчи бошқарувни жорий этиш, пиёдалар учун тўсиқсиз ва хавфсиз муҳитни яратиш бўйича қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш лозим. Беруний кўчасида мувофиқлаштирилган светофор бошқарувини жорий этиш орқали 2022 йилда бошланган реконструкция ишларини мантиқий якунига етказиш зарур.

 Вақтга боғланган соатлик, кунлик, уч, олти ойлик ва йиллик лимитсиз тарифлар режасини жорий этиш. Бунда йўналишларда йўлкира учун нақд пулда тўловлар бўйича тарифларни қайта кўриб чиқиш ва уларни транспорт карталари орқали тўлов тарифига нисбатан камида 30 фоизга юқори этиб белгилаш.

Агломерация ҳудудини шаҳар жамоат транспорти тармоғи билан, жумладан метро бекатлари билан боғлайдиган, шаҳар тарифлар режаси асосида 3 та автобус йўналишларини (Назарбек, Минерал Сувлар, Учқахрамон) ташкил этиш.

 Шаҳар атрофи йўналишдаги темир йўл йўловчи электропоездалари (Чирчик Хожикент, Янгийўл Сирдарё, Ангрен йўналишларида) қатновларини иш вақтини қайта кўриб чиқиш, шаҳар жамоат транспорти тариф режасига интеграция қилиш, темир йўл станцияларида йўловчилар учун қулай, хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш.

 Вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари иш тартибини (иш бошлаш ва тугаш вақти), яъни ишни бошлаш ва тугатиш вақтини бир маромда соатлар кесимида тақсимлаш орқали тиғиз соатлардаги транспорт ва йўловчи юкламасини камайтириш.

Шаҳардаги катта юкламада ишлаётган барча светофор объектларда ҳаракат ташкил этишни ҳамда светофор фазаларини қайта кўриб чиқиш.

Узоқ муддатли чоралар

 Умумий узунлиги 472 км. бўлган транспорт доимий ҳаракатланадиган асосий артериялар ҳисобланган кўчаларда, жамоат транспорти ҳаракат устуворлиги, бекатлар ва пиёдалар учун қулай ва хавфсиз инфратузилма, транспорт оқимини самарали мувофиқлаштирилган бошқаруви (ақилли светофорлар) тизимларини ўз ичига олган комплекс тадбирларни амалга ошириш.

 Йўналишларда автобуслар самарадорлигини ошириш, йўловчиларнинг ҳаракатланишга сарфлайдиган вақтларини камайтириш мақсадида, қисқа масофали йўналишларни жорий этиш.

Тирбанд кўчаларда автобуслар харакат хавфсизлигини таъминлаш, харакатланишда йўқотилаётган вақтни камайтиришга қаратилган, фақат тўғри магистрал кўчаларда харакатланадиган йўналишларни жорий қилиш.

 Шахарга агламерациядан кунлик кириб келадиган, хамда етказиб берувчи ва магистрал йўналишлар кесишган жойларда йўловчилар учун қулай хавфсиз муҳитни (катта бекатларни) яратиш.

 Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини чеклаш ва ТХАЙ бўйлаб айланма ҳаракатланишга йўналтириш, шаҳар ичидаги юк транспорти ҳаракатланадиган вақти ва йўлларини аниқ белгилаб бериш.

Автомобиль йўлининг темирйўл билан кесишмаларида, транспорт боғлиқлигига талаб юқори бўлган (белгиланган критериялар асосида аниқланган) ҳудудларда каналлар устидан ҳудудларни боғловчи кўприк ва йўл ўтказгичларни қуриш.