Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 январда имзоланган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган буюк бобомизнинг ҳаёти, фаолияти, маънавий меросини янада чуқур ўрганиш, ёшларимизни улуғ аждодларимиз хотирасига эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим қадам бўлди.

Бобурнинг илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккури шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида ҳам алоҳида ўринга эга. Шу боис, хорижда унинг ҳаёти, фаолияти, ижодий меросини ўрганишга қизиқиш катта. Бунинг натижасида дунё илм-фанида бобуршунослик соҳаси вужудга келди. Бобур мероси ўзбек олимлари қаторида рус, европа, афғон, турк олимлари томонидан ҳам ўрганилган ва ўрганилмоқда.

Рус шарқшунослигида ўзбек мумтоз адабиётига қизиқиш салкам икки юз йиллик тарихга эгалиги ва жуда кенг маълумотлар манбаи мавжуд бўлишига қарамай, мазкур мавзу доирасида ҳанузгача саноқли илмий ишлар қилинган, холос. Айниқса, Россия архивларидаги материалларга жуда кам мурожаат қилинган. Адабиётшунос Ғулом Каримов “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида (1966) XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларидаги ўзбек адабиёти масалалари билан шуғулланиш адабиётшунослигимизда кам ишланган, лекин катта назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган йўналиш эканини қайд этган эди. Илмий изланишлар жараёнида бу ҳақиқат эканига биз ҳам амин бўлдик.

Рус бобуршунослигининг ўрганилмаган жиҳатлари

2022 йил ноябрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, кутубхоналар ва архивларда илмий изланишлар олиб бордик. “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” мавзусидаги грант лойиҳаси асосида анча янгиликлар топдик. Шу билан бирга, Россияда бобуршуносликка оид материаллар билан ҳам танишдик.

Рус шарқшунослигида ўзбек мумтоз адабиёти бўйича нашр қилинган илмий тадқиқотлардан ташқари ҳали чоп этилмаган илмий ишлар ҳам мавжуд бўлиб, улар турли фондлар архивларида сақланмоқда. Бу ўринда эътибор, асосан, Россиянинг Санкт-Петербург кутубхоналари фондларидаги архивларга қаратилади. Россия Миллий кутубхонаси архиви, Россия ФАга қарашли Санкт-Петербург филиали архиви ва Шарқ қўлёзмалари институти шарқшунослар архивидаги мавзуга оид манбалар ўрганилиб, уларда мавжуд адабиётшунослик масалаларини ёритишга ҳаракат қилдик.

Архив шарқшунослиги нисбатан янги йўналиш ва имагологиянинг таркибий қисмларидан биридир. Имагология эса қиёсий адабиётшуносликнинг долзарб йўналишларидан бири саналади. Имагологиянинг вазифаси тарих ва архив ҳақиқатларини юзага чиқаришдан иборат. Ўзбек адабиётшунослигида архив материаллари имагологик аспектда текширилмаган, бу эса мавзунинг янгилиги ва долзарблигини белгилайди.

Бобур қўлёзмаларини тўплаш, унинг ижодий мероси билан қизиқиш Россияда XIX асрдан бошланган. Рус олими И.Берёзин 1857 йилда чоп этилган уч жилдли “Туркий хрестоматия”га “Бобурнома” ва “Мубаййин” асарларидан ҳам айрим парчаларни киритган. Рус олими, академик А.Н.Самойлович И.Берёзин ҳақидаги мақоласида “Туркий хрестоматия” нуқсонлардан холи бўлмаса-да, унга кирган намуналардан айримлари, масалан, “Мубаййин” асари олдин ҳеч қаерда нашр қилинмагани билан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлайди.

1857 йилда рус олими Н.Ильминский Қозонда “Бобурнома”ни нашр қилдиради. Шундан кейин матбуотда “Бобурнома”нинг рус тилидаги таржималари пайдо бўла бошлайди. Жумладан, В.Вяткин, С.Поляков, В.Островский ва бошқа олимлар асардан айрим парчаларни таржима қилиб, рус китобхонини Бобур ижодий мероси билан таништиради. Кузатишлар XX асрнинг биринчи ярмига қадар Бобур ижоди билан жиддий қизиққан олим А.Н.Самойлович бўлганини кўрсатди. Унинг бу борада бир қанча тадқиқотлари мавжуд бўлиб, улардан айримлари ҳали-ҳануз илмий жамоатчиликка номаълум бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, олим архивида “Бобурнома”нинг Қозон нашри асосида йиғилган уч жилддан иборат тилшунослик, адабиётшунослик, матншунослик ва этнографик йўналишдаги маълумот ҳамда қайдлар сақланади.

А.Н.Самойлович (1880–1938) серқирра ижод соҳиби, В.Радлов, П.М.Мелиоранский каби туркология мактабининг муносиб вакилларидан биридир. Олимнинг бизгача етиб келган илмий-адабий мероси унинг ҳам адабиётшунос, тилшунос, матншунос, ҳам педагог, ташкилотчи, раҳбар сифатида самарали иш олиб борганидан далолат беради. Қатағоннинг аччиқ қисмати А.Н.Самойловичга бир қанча хайрли ишларни, илмий нашрларини амалга оширишга имкон бермади.

Академик А.Н.Самойлович Шарқ адабиётига алоҳида меҳр билан қараган ва туркий адабиёт бўйича қўлёзма манбалар асосида иш олиб борган рус олимларидан биридир. Ўзбек тили ва адабиёти, этнографияси ва халқ оғзаки ижоди ўрганилишида олимнинг алоҳида ўрни бор. А.Н.Самойлович даставвал эътиборини “Бобурнома”га қаратади. Асарнинг барча таржималари билан яхши таниш бўлгани боис, уларни қиёсан ўрганади, инглиз, француз, рус тилига қилинган таржималари билан боғлиқ ишларга қатор тақризлар ёзади. Бу тақризлар объективлиги, принципиаллиги, талабчанлиги билан ажралиб туради. Хусусан, унинг В.Л.Вяткин, С.И.Поляков, А.Бевериж каби олимлар таржималарига, илмий ишларига ёзган тақризлари фикримиз далилидир. А.Н.Самойловичнинг “Бобурнома” таржимаси билан боғлиқ нашр қилинмаган тақризларида таржиманинг муваффақиятини таъминлайдиган тамойиллар белгилаб берилган, матнни хато ўқиш аёвсиз танқид қилинган.

Масалан, унинг инглиз олимаси А.Бевериж хоним таржимасига ёзган тақризида таржимон фаолиятига баҳо беришда тўртта зарур мезонни келтиради. Яъни таржимон тилни барча нозикликлари билан мукаммал билиши, луғатлар билан ишлаш малакаси бўлиши, ўзигача қилинган таржималарни қиёсий-танқидий таққослаши, бу борадаги илмий адабиётлар, айниқса, рус олимлари тадқиқотлари билан ҳар томонлама танишиши кераклиги қайд этилади. А.Н.Самойлович таржимадаги айрим парчаларнинг таҳлили орқали юқорида қайд қилинган биринчи, учинчи ва тўртинчи талаб тўла бажарилмаганини аниқлайди.

Рус олими С.А.Поляков ҳам 1904 йилда асардан эллик бет таржима қилади. А.Н.Самойлович 1907 йилда бу муаллиф фаолиятини ва таржимасини ҳам аямасдан танқид қилади.

Россия Миллий кутубхонаси архивида Санкт-Петербург университети Шарқшунослик факультети толиби бўлган Б.М.Гурьевнинг А.Н.Самойлович раҳбарлигида ёзилган “Фарғона” номли курс иши ҳам сақланади. Ишда “Бобурнома”нинг туркий қўлёзма нусхалари таққосланган ва форс, Европа тилларига таржималари асосида Фарғона тасвири қиёсий ўрганилган.

Олима Г.Благованинг таъкидлашича, А.Н.Самойлович умрининг салкам йигирма йилини “Бобурнома”ни ўрганишга бағишлаган. Олимнинг юзага чиқмаган илмий меросини тилшунослик нуқтаи назаридан ўрганган олима қатор изланишларида А.Н.Самойловични Бобур ижодининг билимдони сифатида эьтироф этади.

Император Бобур ёзувчи сифатида

А.Н.Самойловичнинг архивда сақланаётган “Туркий этюдлар” асари мундарижасидан маълум бўлишича, ишнинг учинчи боби “Император Бобур ёзувчи сифатида” деб номланган ҳамда “Диний трактат Мубаййин” ва “Мистик трактат Рисолаи Волидия” каби фасллардан иборат бўлиши керак эди. Демак, муаллиф “Туркий этюдлар”ни Бобур ижодиётига доир фикр-мулоҳазалар билан бойитишни, шоирнинг барча асарлари ҳақида қисқача маълумот бериш ва тўпламга кирган шеърий асарлар тилини таҳлил этишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, А.Н.Самойлович Ўрта Осиё туркий адабиёти хрестоматиясини тузишни, “XVI асрлар адабиёти” деган қисмида Бобур ҳаёти ва ижодига доир маълумотларни беришни кўзлаган. Олимнинг архиви ўрганилганда мазкур хрестоматиянинг режаси ва баъзи қайдлар кузатилди. Аммо машъум қатағон А.Н.Самойловичга бу хайрли ишларни амалга оширишга имкон бермаган.

Олим архивида яна бир муҳим хабар – “Мубаййин” асарини нашрга тайёрлаётгани маълум қилинади. Ҳақиқатан ҳам, А.Н.Самойлович архивида асарнинг у нашрга тайёрлаган нусхаси сақланмоқда. Олимнинг ишга жиддий киришганини архивдаги унинг ўз қўли билан кўчирган “Мубаййин” (266 бет) асари, унга қайдлари, шунингдек, “Бобур ижодига доир қораламалар”и ҳам тасдиқлайди.

1917 йилда А.Н.Самойлович Бобур девонининг Париж ва Ҳиндистон нусхаси асосида “Собрание сочинений императора Бабура” тўпламини нашр қилдиради. Бу факт баъзи нашрларда иккита қўлёзма нусха ва “Бобурнома”даги шеърлар асосида деб нотўғри талқин қилинган. Чунки олим “Бобурнома”даги шеърларни алоҳида ўрганган.

А.Н.Самойловичдан сал олдин, яъни 1910 йилда инглиз олими Д.Росс Бобур девонини Рампур (Ҳиндистон) нусхаси асосида қўлёзма факсимила билан бирга Калькуттада нашр қилдиради. 1911 йилда А.Н.Самойловичнинг бу ҳақдаги мақоласи эълон қилинади. Мақоладан маълум бўлишича, девоннинг Рампур нусхаси икки қисмдан – “Волидия” асарининг Бобур қаламига мансуб туркий таржимасидан ва шеърлардан ташкил топган. Қўлёзма таркибидаги шеърлар Бобурнинг Ҳиндистондаги даврининг маҳсули эканини Д.Росс сўзбошисида қайд этмаганини ёзган А.Н.Самойлович ўз фикрини “Бобурнома” орқали тасдиқлайди. “...Ҳумоюнға таржиманиким, Ҳиндустонға келгали айтқон ашъорни йиборилди. Ҳиндолға ва Хожа Калонға ҳам таржима ва ашъор йиборилди. Мирзобек тағойидин ҳам Комронға таржима ва Ҳиндқа келгали айтқон ашъор ва «Бобурий хати» била битилган сархатлар юборилди” (“Бобурнома”дан). Демак, бошқа асарлари қаторида “Бобурнома”да бу девон ҳақида ҳам маълумот берилган.

Жиддий кузатишлардан кейин А.Н.Самойлович мазкур тўпламда бошқа қўлёзма девонларда учрамайдиган 379 та шеър борлигини ҳам аниқлайди. Шунингдек, Париж ва Рампур нусхасидаги шеърий жанрлар тили, таркиби ҳақида ўз фикрларини баён қилади. Унга кўра, Рампур нусхаси Париж нусхасидан фарқли ўлароқ, туркий шеърлардан ташқари форс ва урду тилида ёзилган шеърларни ҳам ўзида жамлайди.

“...Сўзумни ўқуб ёд қилғосен ўзумни”

Рампур қўлёзмаси Бобур ўз қўли билан ёзган шеъри билан якун топиши жиҳатидан ҳам мўътабар саналади. Буни А.Н.Самойлович Д.Росс сўзбошисида қайд этилган маълумотлардан келиб чиқиб маълум қилади. Рампур нусхаси хотимаси ҳошиясида Бобурнинг қуйидаги мисралари келтирилган: “Ҳар вақтки, кўргосен менинг сўзумни, сўзумни ўқуб ёд қилғосен ўзумни”. Бобур, душанба 15 рабиул охир, сана 935”. Шу бетда Бобур мисралари билан ёнма-ён Шоҳжаҳоннинг мазкур қайд Бобурга тегишли эканлигини исботловчи форс тилидаги қуйидаги фикри келтирилган: “Ин рубои турки ва исме муборак батҳақиқат али ҳазрат фирдавс макони Бобур подшо ғози анор Олло бархона аст хуррам Шоҳжаҳон ин Жаҳонгир подшоҳ ин Акбар подшоҳ ин Хумоюн подшоҳ ин Бобур подшоҳ” ( яъни ушбу туркий рубоий ва исми муборак ҳақиқатан ҳам Бобур қўли билан ёзилган. Буни Шоҳжаҳон битдим).

Кўриниб турганидек, Бобур битган рубоий манбада тўлиқ ҳолича сақланмаган. Д.Росснинг тахминига кўра, қўлёзма муқоваланаётган пайтда чеккароқдаги рубоийнинг кейинги икки мисраси қирқилиб кетган бўлиши мумкин. Бу фикрга А.Н.Самойлович бошқа қўшимчаси йўқлигини қайд қилиб, Д.Росс сўзбошисида эътибордан четда қолган яна баъзи масалалар, матндаги текстологик хатолар устида тўхталади.

Мақола сўнггида А.Н.Самойлович камчиликлар бўлишига қарамай, Д.Росснинг Рампур нусхасини топиб нашр қилиши таҳсинга лойиқлиги, у туфайли дунё туркологлари Бобур девонининг яна бир янги нусхаси билан танишганини алоҳида қайд этади. Мақола ёзилганидан кейин А.Н.Самойловичда барча камчиликларни бартараф қилган ҳолда Бобур шеъриятини Париж нусхаси билан биргаликда қайта нашр этиш истаги туғилади. 1911–1917 йиллар давомидаги изланишлар натижасида А.Самойлович нашри юзага чиқади. Мазкур нашр “Император Бобур шеърлари тўплами. I қисм” деб номланган. Демак, олимда ишни давом қилдириш, II қисмни ёзиш истаги ҳам бўлган.

“Бобур ижодини ўрганиш ҳам бурч, ҳам фахр, ҳам бахт”

Шу эҳтимол билан А.Н.Самойлович архиви кузатилганида ишнинг иккинчи қисми топилди ва таҳлил қилинди. Мазкур манба “Император Бобур шеърлари ва А.Н.Самойлович таржималари” деб номланади. Мундарижадан маълум бўлишича, иш кириш, беш қисм, кўрсаткичлар, матн ва таржимадан иборат бўлиб, муаллиф Бобур ижоди бўйича қатор масалаларни ўрганишни режалаштирган. Ишнинг кириш қисми ниҳоятда мулоҳазаларга бой бўлиб, бундай сўзлар билан бошланади: “Биз учун бу нашрни юзага чиқариш, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш ҳам бурч, ҳам фахр, ҳам бахтдир. Бундан 60 йил олдин (1857) академик Кер қўлидаги нусха асосида Н.И.Ильминский Қозонда биринчи бўлиб “Бобурнома”ни нашр қилдирди. Ҳайдаробод нусхаси асосидаги иккинчи нашр Бевериж хоним саъй-ҳаракати билан юзага чиқди. И.Н.Берёзин “Мубаййин” асарининг учдан бир қисмини чоп қилдирди (Teufel ёзганидек ярмини эмас). Мазкур асарни И.Н.Берёзин қўлидаги нусха асосида тўлиқ нашрини камина амалга ошириш ниятидаман”.

Шундан кейин олим “Волидия” асари таржимаси ҳамда арузга бағишланган “Муфассал” асарига қисқача тўхталади. Д.Росс инглиз тилига таржима қилган “Тарихи Рашидий” китобида Бобурнинг бошқа асарлари ҳам тилга олинганини ёзади. Хулосада Париж нусхаси жами 89 та ғазал, 77 та тўртлик, 50 та иккилик (олим фардларни шундай номлайди), 8 та маснавийдан ташкил топгани, бу шеърларнинг шакл ва вазн таснифи илмий иш охиридаги кўрсаткичларда келтирилгани қайд қилинади. Мазкур ишнинг III қисмида Бобур девонининг Рампур нусхаси тавсифи келтирилган. Муаллиф мақола бошида бу нусхадаги барча шеърлар Бобурнинг Ҳиндистондаги даври билан боғлиқлиги, унда туркий назмдан ташқари форс ва урду тилидаги шеърлар ҳам мавжудлигини қайд қилади. Кейин бу нусхада мавжуд рубоийларнинг яралиши билан боғлиқ воқеаларни “Бобурнома” асосида бирма-бир тавсифлайди.

Тўртинчи қисм “Бобурнинг девонларида учрамайдиган шеърлари ҳақида” деб номланади ва унда “Бобурнома”даги шоир девонига кирмаган бир қанча шеърлар таҳлил қилинган. Бунда олим эътиборни даставвал Бобурнинг “Абушқа” луғатида келтирилган шеърларига қаратади. Унинг аниқлашича, “Абушқа”да Бобурнинг саккизта рубоийсидан иқтибос киритилган. Кейин шоир девонларида учрамайдиган, “Бобурнома”даги форсий ва туркий шеърлар хусусида тўхталади.

Шоирнинг “Бобурнома”га кирмаган яна бир қанча шеърлари таҳлил қилингач, уларнинг таржимаси келтирилади. Унда Бобур девонининг Париж ва Рампур нусхаларидаги барча шеърлар: ғазал, рубоий, туюқ, фардлар рус тилига таржима қилинган.

Хуллас, А.Н.Самойлович нашр қилинган ва қилинмаган илмий ишлари билан бобуршунослик тараққиётига улкан ҳисса қўшди ва “Бобур ижодини ўрганиш ҳам бурч, ҳам фахр, ҳам бахти” эканини исботлади. И.В.Стеблева, Л.Тугушева, Г.Ф.Благова каби бобуршунос олималар А.Н.Самойлович бошлаган илмий ишларни муваффақият билан давом эттирди.

Гулноз ХОЛЛИЕВА,

ЎзДЖТУ профессори, филология фанлари доктори