Дунёнинг деярли барча мамлакатида қаттиқ маиший чиқиндиларни аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, улар ҳар йили бир фоизга ошиб боряпти. Бу эса жаҳоннинг экологик барқарорлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди, албатта.

Ҳозиргача чиқиндининг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, келажакда бу кўрсаткич янада ошиши мумкин. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустриясида фойдаланиладиган материаллардан ҳосил бўлган чиқиндилар атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбага айланяпти.

Уларни эътиборсиз қолдириш эса табиий ресурслар ва табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлади.

Тошкент туманида жойлашган “Зангиота ободон” МЧЖга қарашли чиқинди полигонида Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман инспекцияси ходимлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган рекультивация ва ободонлаштириш жараёнлари мазкур йўналишдаги хайрли ишлардан бири бўлди.

Ҳудудда махсус техника ва ишчилар жалб қилинган ҳолда чиқиндиларни кўмиш ишлари режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

Полигондаги рекультивация ишларига 2 та юк ташиш автомобили, 1 та экскаватор, 1 та юклагич ва 3 та бульдозер жалб қилинган бўлиб, жараён тез орада якунига етказилади.

Маълумот учун, қоғоз чиқиндига айланганидан сўнг уч ойдан кейингина чирий бошлайди. Пластик, полиэтилен халтачалар биологик компонентларга ажралиши учун 400-450 йил талаб этилса, шиша миллион йилдан кейингина тўла йўқолиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, бу чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар ташкил қилади ва уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдорда энергия ишлаб чиқариш мумкин.