Шу боис, бу давлат бола кўнглимда ғоят ширин шоколадлар ватани сифатида таассурот қолдирган. Кейинчалик унинг энг ривожланган давлатлардан бири эканини билгач, дадам билан янада ғурурланганман. Тақдир тақозоси билан Германияда яшаётганимизга ҳам 8 йил бўлди”.
Ҳар қандай инсон учун туғилган заминидан йироқда яшаш, ёт элда ватаннинг бир парчасини яратиб олиш осон эмаслигини “Хориждаги ватандош”нинг бу галги қаҳрамони, айни пайтда Берлиндаги Солиқ маслаҳатчиси ва аудитори идораси иқтисодчи-бухгалтери Ситора Усмонова чуқур ҳис қилади. Зеро, у европача ва ўзбекона дунёқараш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, дейдиганлар сирасидан. Ёш бўлса-да, ватандошларининг чет элда фарзанд тарбиясидек машаққатини енгиллаштиришга, ўзбек оилаларининг ўзига хослигини кўрсатишга интилиб яшаётган қибрайлик ўзбек қизи билан суҳбатимиз асосан миллийлик, қадриятлар доирасида кечди.
“Биз ўзбекмиз, биз шундаймиз!”
Ситора Европада оила қуриш ўқиш, ишлаш, карьера, саёҳатдан кейинги ўринда туришини Германияга борган кезлариданоқ тушуниб етган. Туғилишнинг кескин камайиб кетганини у бу ерда оила ҳақида жуда кеч ўйланаётганидан деб билади.
— Бизда эса аксинча. Оила муқаддас, фарзанд бебаҳо неъмат, инсон ҳаётининг мазмуни ҳисобланади, — дейди у.
Германияда ўзбек аёли сифатида яшаш ва қўни-қўшнилар билан мулоқот қилиш унинг зиммасидаги катта бир масъулият эди. Қолаверса, отаси унга ҳамиша “германияликларга Ўзбекистонни, ўзбеклигингни, тарихимизни, миллий-урф одатларимизни кўрсатгин”, деб уқтиради. Шунга кўра, азалдан қадриятларимизга ҳурмати баланд, ҳар қандай ишни турмуш ўртоғидан бемаслаҳат қилмайдиган ёш ўзбек аёли маҳаллий аҳоли билан қайси даврада бўлмасин, албатта, шарқоналикни сақлайди.
— Баъзан мени нотўғри ҳам тушунишган. Яъни, ўзбек аёлларидаги ибо-ҳаёни журъатсизлик, меҳмонларга мулозаматни эса ўзини қадрламаслик дея баҳолаган инсонлар ҳам учраган. Бундай вазиятларда турмуш ўртоғим мени доимо қўллаб-қувватлаб, уларга “биз ўзбекмиз, биз шундаймиз”, деб тушунтирар эди. Бора-бора ишхонада, маҳаллада, дўстлар орасида ҳам меҳмондўст ўзбекистонликлар оиласи сифатида танилдик, — дейди Ситора.
10 йилдан кейин нима бўлади? Хато қилмаяпмизми?
— Оилада фарзандларимиз билан ўзбек тилида сўзлашамиз, уларга ўзбекона тарбия беришга ҳаракат қиляпмиз. Тўғри, яқинлар кўмагисиз оила, иш, ўқиш ҳамда фарзанд тарбияси осон бўлмайди. Бу борада ҳануз қийналаман. Aйниқса, имтиҳон кезлари жуда оғир кечарди. Барча курсдошларим дарсдан кейин кутубхонага боришса, мен фарзандимни боғчадан олишга шошардим. Дарсларимни тайёрлашга кечасигина имкон бўларди.
Лекин шунда касбий таълимни (Ausbildung) яхши баҳоларга тугатдим, иқтисодчи-бухгалтер бўлиб ишлаяпман. Ўзига яраша машаққати бор, албатта. Германияда иқтисодчиларга аниқ мақсадли, талабчан, ростгўй кишилар сифатида қарашади. Фақат сонлар, статистика ва қонунлар ҳақида ўйлаш инсон табиатида анчагина жиддийликни ҳам юзага келтиради. Айниқса, аудит идораларида бирор мижозда иқтисодий муаммо юзага келса, ўта жиддий ёндашадилар. Бундай кайфият атрофдаги ҳамкасбларга ҳам таъсир қилади.
Ҳисоботларни кечиктирмай топшириш эса қатъий талаб. Шу боис, баъзан тунгача ишлашга тўғри келади. ГФС (Иқтисод мактаби)даги доцентларимиздан бири бизга “Сиз иқтисод докторисиз, ташхис ҳам, таҳлил ҳам, ечим ҳам тўғри бўлиши шарт, бунинг учун янги билимлар зарур”, дея кўп айтади. Шу маънода, Германияда иқтисод кишиси тинмай ўсишга тайёр бўлиши керак. Акс ҳолда маоши ҳам ошмайди, позиция ҳам ўзгармайди.
Турмуш ўртоғим эса IT соҳасида. Германияда бу соҳада 10 йилдан зиёд тажриба орттириб, ўтган йили ўзининг Befico GmbH IT Consulting фирмасини очди. Ҳозир Европа банк тизимидаги лойиҳаларда фаол иштирок этяпти. Умуман олганда, фаровон ҳаёт кечиряпмиз. Аммо баъзида ўйланиб қоламан, ҳатто қўрқиб кетаман. Ўзимга ўзим “Германияда қолиб хато қилмаяпмизми? Нимага фарзандим мен билан ўзбек тилида мулоқот қила олмаяпти, 10 йилдан кейин нима бўлади”, деган саволларни беравераман. Назаримда, болаларимизни Ўзбекистондан узиб қўяётгандекмиз. Ваҳоланки, Германияга келган илк кезларимиз ҳар қандай юртда яшаб, чиройли ҳаёт кечириш учун ўша давлат тилидаги мулоқот муҳимлигини англаб етганмиз. Бироқ, нима бўлганда ҳам фарзандларимиз, аввало, ўз она тилида равон сўзлаши, миллийликни англаши керак, деб ўйлайман. Тўғри, сўнгги йилларда Германияда ўзбекистонликлар сони ортгани сабаб ўзаро меҳмондорчилик, палов пишириш, ўзбекона байрам дастурхонлари анча оммалашди. Бу Германияда ўсаётган ўзбек фарзандлари орасида меҳмоннавозлик, мурувват, оқибат каби тушунчаларни шакллантиришга хизмат қиляпти. Лекин аксарият ўзбек болалари немис тилида мулоқот қилишади, уларга шуниси қулай. Бу ҳолат хавотиримни ошириб, масалага қандайдир ечим топишга ундайверади.
Биз учун боланинг бегонаси бўлмайди
– Болалигимдан китобга меҳрим бўлакча. Ҳар сафар Ўзбекистонга борганимда дўконларни бирма-бир айланиб, ўзбек болалар адабиёти билан танишаман. Турфа китоблар олиб келаман. Фарзандим билан, асосан, ўзбек тилида мутолаа қилишга интиламиз. Узундан-узун матнларни тушуна олмай боламнинг диққати ошарди. Эртакни охирига қадар эшитмас, чунки матнлар боланинг ёшига нисбатан мураккаб бўларди.
Болалар адабиётимиз уларнинг ёшига кўра тоифаларга ажратилмагани, баъзи китобларнинг сифати ҳам талаб даражасида эмаслиги шундай пайт билиниб қолади. Германия боғчаларида эса болаларга ёши даражасидаги китоб ўқиб берилади, ота-оналар ҳам буни қўллаб-қувватлайди. Янги китоблар совға қилиб турамиз. Ҳар бир бола ўз китобини ясаши ҳам мумкин. Болалар китобни севишни ота-онадан ўрганишса, уни ўқиб-тушунишни боғча ва мактабдан бошлашади. Уларнинг телевизор, телефон, умуман, электрон қурилмалардан фойдаланишига мактаб ёшига етгунича деярли рухсат берилмайди.
Хоҳ метрода юринг, хоҳ автобусда, одамлар қўлида китоб кўрасиз. Ҳатто телефонида ҳам электрон китобларни ўқиб кетишади. Ўзим ҳам йўл-йўлакай аудиокитоблар эшитиб кетишни одатга айлантирдим.
Иқтисодчи сифатида айта оламанки, Германияда кўплаб нашриётлар катта даромад топиши сир эмас. Буни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Чунки китобга талаб катта. Шаҳарларнинг деярли ҳар бир даҳасида катта-кичик кутубхоналар ва болалар китоб дўконларининг янгисидан тортиб “second hand” (“иккинчи қўл”)игача учратиш мумкин. Ўзбекистонда эса полиграфия ҳали бизнес даражасида яхши ривожлангани йўқ. Агар мендан бу борадаги таклифимни сўрашса, болалар адабиёти ривожи учун, аввало, ҚҚСдан воз кечиш керакмикин, дердим. Кейин эса ўзбек тилидаги замонавий ва сифатли болалар адабиётларини кўпайтириш зарурлигини айтаман. Чет элдаги ўзбекистонлик болалар учун содда матнли, аммо замонавий график тасвирга эга, сифатли китоблар кам ёки йўқлиги ҳам оғриқли масала.
Германияда яшаётган ўзбек болалари учун содда матнли китоб ёзишга киришар эканман, аввалига китоб ғоясини бир қанча немис ҳамда инглиз нашриётларига кўрсатдим. Улардан “бизда ўзбек тилига талаб йўқ, ўзбекча тахрир қиладиган муҳаррир ҳам йўқ” ёки “бизнинг контентимизда одоб-аҳлоқ, саломлашиш каби мавзулар ёритилмайди” қабилида жавоб олсам-да, мақсадимдан қайтмадим. Халқимиз боланинг бегонаси бўлмайди, дейди-ку... Ўзбек тилидаги сифатли китобни болаларимизга тақдим қилишни ўйласам, ич-ичимдан ҳурсанд бўлиб кетардим. Назаримда, шундай қилсам, ватанимга бир қадам бўлса ҳам яқинлашадигандек эдим.
Бир пиёла чой устида
Германия нашриётларидан нажот бўлмагач, Ситора китоб чиқаришнинг бошқа йўлларини қидира бошлади. Чоп этилишини интиқиб кутгани — “Қуёшли тонг” номли биринчи китобчасини болажонларга ўз ҳисобидан бўлса-да, Европа стандартида тақдим этишга қарор қилди.
Китоб баҳона кўп йиллардан бери Германияда истиқомат қилиб келаётган, “Ҳумо Олмон” жамияти ҳамда “Бахтли оила” лойиҳасининг ташкилий ишлари вакилларидан бири, педагог-психолог Ҳабиба опа Ҳамдамова билан ҳам танишиб олди. Опа Мюньхен шаҳридаги ёш ўзбек оилаларига, ёш ижодкорларга мўлжалланган ва бола тарбияси бўйича қатор тадбирларни ташкиллаштиради. Кўплаб ўзбек оналарига фарзанд тарбиясида ёрдамини аямай келаётган бу аёл “Қуёшли тонг”ни Германиядаги ўзбек оилаларига тарқатишга ҳам катта ҳисса қўшди.
Қаҳрамонимиз икки йил давомида ёзган китобида серқуёш Ўзбекистонимизнинг бетакрор тонгидан бошланадиган урф-одатларимиз — саломлашиш одоби, катталарга ҳурмат, ўзаро меҳр-оқибат, оиладаги ҳамжихатлик, қўйингки, ўзбекона фазилатларни имкон қадар мужассам этди. Китобда чойнак ва пиёламиз ҳам алоҳида тасвирланди. Зеро, Ситоранинг наздида халқимизнинг “бир пиёла чой устида”ги қадриятида ҳикмат кўп. Аниқроғи, ўлмас қадриятларимизнинг бир учи бир пиёла чой устидаги дўстлик ришталарига бориб тақаладигандек. Шу маънода, ўзбек болалари чойнак ва пиёлага муҳаббатли бўлиши керак. Чунончи, Германияда меҳмондўстлик деган тушунча йўқ.
— Кўпчилик ўзбекларимиз бундан хафа ҳам бўлишади, — дейди Ситора. — Бу ерда бир-биримиздан узоқлашиб кетяпмиз. Ҳамма ўзи билан ўзи, ватанимиздагидек оқибат йўқ, деб ўксинишади. Аслида меҳмондўстлик, қариндош-уруғларнинг борди-келдиси каби урф-одатлар қадриятимиз, ўзбеконалик. Шу сабаб уни сақлаб қолиш, тиклаш, ривожлантириш ҳар бир ўзбекистонликнинг ўзига боғлиқ.
Ватандошларимиз ютуқларидан куч оламиз
Ҳозир илк муаллифлик асарининг немисча талқини устида ишлаётган Ситора шу йилнинг май ойида “Қуёшли тонг”ни икки тилда “Амазон” орқали дунёвий нашрга чиқаришга мушарраф бўлганди. Китоб АҚШ, Жанубий Корея, Италиядаги ўзбек болаларига ҳам улашилмоқда.
— Шу йил Ўзбекистондан келганимиздан сўнг Италиядаги Ўзбек маданий маркази раҳбари Комила Қирғизова менга “Қуёшли тонг”ни Италияда ҳам таржима қилиб нашр этишни таклиф қилди. Албатта, рози бўлдим. Агар кенгаш тасдиқласа, китобим Италияда ҳам чоп этилади, — дейди Ситора. — Болаларимизнинг ёшига, қобилиятига мос бўлган янги-янги, миллий ҳамда замонавий ўзбек болалар адабиётлари сонини кўпайтиришни режа қилганман. Зеро, хаёлан Ватандаман. Ҳар бир ёзганимда она заминимга бир қадам бўлса ҳам яқинликни ҳис қилмоқдаман. Бу эса менга завқ беради. Шундай пайт Ўзбекистонга борган, аэропортда кўзёшларимни тиёлмай, яқинларим бағрига шошилган онларим ёдга тушади. Бироқ, у ерда ҳам экологик муаммолар пайдо бўлаётганидан хавотирланаман. Ҳавонинг ифлосланиб бораётгани, дарахтлар камайиб кетаётгани, кўнгилочар, дам олиш масканларида йиғилиб қолган чиқиндилар кўнгилни хира қилади. Ахир биз бундай халқ эмасдик-ку...
Яна бир гапни албатта айтишни истардимки, газетангизда хориждаги ватандошларимиз ҳақида бериб борилаётган мақолалар шахсан мен учун жуда манфаатли бўлмоқда. Чунки улар орқали чет элдаги ўзбек ватандошларимиз ютуқларидан хабар топиб қувонамиз, руҳланамиз, куч оламиз. Зеро, ўзимиз ҳам уларнинг сафидамиз. Барчамиз бир мақсад — келажагимиз ворисларининг порлоқ эртаси учун олис юртларда яшаб, ишлаб юрибмиз. Ўзбек болалари ҳам сифатли, замонавий ўзбек адабиётларини ўқишини чин дилдан истайман. Болалар адабиётини ривожлантириш борасида бир қанча лойиҳаларим бор. Ўз ватанимизда уларни қўллаб-қувватловчилар бўлса, ўзбек болаларига замонавий, сифатли ва жаҳон стандартидаги адабиётларни тақдим этишга тайёрман.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири