Мамлакатимизда тўққиз ярим мингга яқин маҳалла фуқаролар йиғини бор. Ўзбекистонда ҳеч маҳалладан айро яшамайди. Ҳар ким қайсидир маҳаллага тааллуқли. Ҳар бир кун, бахт ҳам, қайғу ҳам маҳалла билан кечади. Мана шу манзаранинг ўзиёқ юртимизда маҳалла институти халқимиз ҳаёти яхши ёки ёмон томонга ўзгариш объекти эканини билдиради. Яшаш манзилимизга МФЙ номи қўшилиши эса ижтимоий-маънавий томондан ҳар бир фуқаронинг жамиятга дахлдорлигини англатади.

ИНФРАТУЗИЛМАНИНГ ЎЗГАРИШ СУРЪАТИ

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 100 дан ортиқ соҳа ва йўналишда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири ва энг кўп эътибор қаратилаётгани маҳаллалар билан боғлиқ ислоҳотдир.

Бу ҳақда гапни сал узоқроқдан бошласак. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллаларга илк ташрифларидан бири 2017 йил 22 июль куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Марказий” маҳалла фуқаролар йиғинига бўлган эди.

Ўшанда давлатимиз раҳбари “Маҳалла тўғрисида қонун, шароит бор, лекин маҳалла раисининг жавобгарлиги, қуйи тизим йўқ эди. Энди маҳалла фуқаролар йиғинига катта ваколат ва имкониятлар берилди. Маҳалла раиси маслаҳатчилар билан бирга ўз ҳудудининг эгаси бўлиб, ҳар бир хонадондаги ҳолатни, одамларнинг талабларини билиши ва унга кўмак бериши керак”, деган эди.

Шундан буён орадан олти йилдан зиёдроқ вақт ўтиб, янги Ўзбекистон маҳаллаларининг бутунлай янги қиёфаси пайдо бўлди.

Аввало, маҳалла институти фаолиятини ривожлантиришга доир ҳуқуқий асослар мустаҳкамлангани ва иқтисодий жабҳадаги ўзгаришларни айтиш ўринли бўлади.

Стратегик дастурлар асосида маҳалла институтининг жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллашаётир. Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги Маҳалла институтини ривожлантириш департаментидан маълум қилишларича, биргина жорий йилнинг дастлабки олти ойида маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Уларда фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш, маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги ролини ошириш, маҳаллани фақат ижро этувчи эмас, муҳим ташаббусларни илгари сурадиган ва уларни рўёбга чиқарадиган етакчи тузилмага айлантириш масалалари кўзда тутилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳалла фуқаролик жамияти институти сифатида белгиланди. Маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқаролар манфаати, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, миллий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли экани акс эттирилди. Шунингдек, давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароит яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиши белгиланди.

Бу маҳалла тизимини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари эди. Иқтисодий жабҳадаги ўзгаришлар эса қуйидаги мисолларда кўзга ташланади.

Биринчи мисол: ташаббусли бюджетлаштириш масаласи шу йил бошида қизғин муҳокамаларга, қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди. Кимдир уни керак деса, бу тизим ўзини оқламайди, дегувчилар ҳам топилди.

Ҳозир биз бу баҳсни давом эттириш фикрида эмасмиз. Фақат бир маҳалла раиси мулоҳазаларини келтирмоқчимиз.

– Ўтган йилларда бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш йўлга қўйилгани айни муддао бўлди, – дейди Қибрай туманидаги “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ниғмат Исроилов. – Бу имконият маҳаллаларда кўп йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишда қўл келмоқда. Масалан, маҳалламиз аҳли икки йил мобайнида кетма-кет ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида ғолиб чиқди. Натижада ички кўчалар таъмирланди, трансформаторимиз янгиланди. Бир қарашда бу ишлар арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ортида уч ярим мингдан кўпроқ инсоннинг тақдири ётибди. Бугун обод этилган текис-равон йўллардан юрадиган ҳар бир киши, албатта, ҳаётга шукрона қилади. Қолаверса, маҳалладошлар тафаккурида одамлар ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилса, ҳар қандай муаммо ечим топиши мумкин, деган қараш юксалади.

Кейинги йилларда ташаббусли бюджет лойиҳаси ҳар биримизнинг ҳаётимизда шундай из қолдирмоқда. Ўз кўчаси, маҳалласи, мактаб ва боғчалар, коммунал тизимлар ва бошқа ижтимоий муассасаларни реконструкция қилиш, такомиллаштириш учун ўзимиз курашишга, овоз беришга чоғланмоқдамиз.

Халқимизнинг бу борадаги интилиш ва ташаббусини қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланмоқда. Хусусан, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” портали имкониятлари янада кенгайтирилиши ва унга ажратиладиган маблағ 3 карра оширилиши кўзда тутилмоқда. Энди ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларида ғолиб бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади ва ушбу мақсадларга йил якунига қадар яна 1,2 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, жорий йил давомида маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этиш учун маҳаллий ҳокимликларга 5 триллион сўм берилади.

Иккинчи мисол: бугун маҳалла ислоҳотлари ҳақида сўз борганда молиявий мустақиллик масаласи ҳам тилга олиниши керак бўлади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, яхши кунимизга ҳам, ташвишли онларимизга ҳам энг аввал маҳалла шоҳид бўлади. Қувончимизга шерик, ташвишимизга елка тутиб турувчи тиргагимиз ҳам – маҳалла.

Қолаверса, кундалик эҳтиёжимиз учун ўта муҳим бўлган электр, газ, сув таъминоти ва бошқа ҳаётий масалалар юзасидан муаммо туғилганда ҳам маҳаллага мурожаат қилишга одатланиб қолдик. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш, жиноятчиликнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, ёшлар таълим-тарбияси, оилаларда зўравонликнинг олдини олиш, аҳоли бандлиги, ижтимоий муҳофазаси, ҳудуд тозалиги ва бошқа масалаларни ҳал этишда маҳалла асосий таянчимизга айланди.

Ана шундай вазифаларни бажаришда ҳар бир маҳалланинг ўз ёндашуви, ўз йўналиши бўлади. Энг муҳими, буларнинг барчасини ҳал этиш учун ташкилий чора-тадбирларни тўғри белгилаш баробарида молиявий кўмакка эҳтиёж туғилади. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда маҳалланинг молиявий мустақиллигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, аҳолидан йиғиладиган мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизини маҳалла бюджетида қолдириш тизими жорий қилинди.

– Мисол учун, бу тизим орқали жорий йилда биргина Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги 40 та маҳалланинг ҳар бирида ўртача 75 миллион сўмдан маблағ қолиши прогноз қилинмоқда, – дейди Маҳалла институтини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Шаҳбоз Раҳимов. – Энди ушбу мол-мулк ва ер солиғи ягона мулк солиғи бўлиб бирлашади ва аҳолидан ундириладиган қисми маҳалла бюджетига тўлиқ ўтказилади. Шунингдек, аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилади. Бу ишлар маҳалла институтининг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Натижада ҳудудда аҳолини қийнаётган кўпгина масалаларга ўз вақтида ечим топилади ва халқимизнинг турмуши янада фаровон бўлишига эришилади. Шунингдек, қаерга боғча, мактаб ёки поликлиника қурилишини вазирлик ёки ҳокимлик эмас, балки маҳалланинг ўзи ҳал қиладиган тизим яратилади. Бу аҳолининг маҳалла ҳаётида, юртимиздаги ислоҳотларда фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.

Ютуқлар ўзимизники. Муаммочи?

Агар эътибор берсак, кейинги йилларда катта-катта ўзгаришлар ҳақида гапиришга одатландик. Ҳаётимиз ва кун тартибимиз ўзгарди. Шунга монанд режаларимиз ва мақсадларимиз ҳам янгилана бормоқда. Ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги бу каби ўзгаришлар ҳодисасида маҳалладаги ислоҳотлар муҳим ўрин тутади.

Чунки маҳалла миллий урф-одат ва анъаналаримиз бешиги, одамларни ўзаро бир-бири билан уйғун, баҳамжиҳат яшашга ўргатадиган, инсон онгу тафаккурига дахлдорлик каби улуғвор туйғуни жо этадиган бетакрор маскан. Шу боис, азал-азалдан аждодларимиз ушбу қадриятни эъзозлаб, унинг давомийлигини таъминлаш учун жидду жаҳд қилган.

Бугун дунёнинг қиёфаси тубдан ўзгармоқда, глобаллашув шиддатли тус олиб, ўзаро алоқалар тезлашмоқда. Бундай вазиятда тарихий анъаналар ҳам замон шиддатига ҳамоҳанг тарзда янгиланиб боришини давр тақозо этмоқда. Жумладан, асрлар оша барҳаёт яшаб келаётган маҳалла қадрияти тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши ҳаётнинг муҳим талабидир.

Учинчи мисол: илгарилари маҳалла маркази ҳақида сўз борганда, асосан, ёши улуғ отахонлар тўпланиб, чой устида гурунг қиладиган гузар тушуниларди. Бугунги тасаввурларимиз бутунлай бошқача. Маҳалла маркази деганда замонавий бино, аҳолига хизмат кўрсатадиган инфратузилмалар, кутубхона ва бошқа маънавият нуқталарини бир жойга жамлаган маскан кўз олдимизга келади. Охирги йилларда маҳалла инфратузилмасини тубдан ўзгартириш, замонавийлаштириш борасидаги ишлар натижасида унинг қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 322 та маҳалла биноси қурилди, 251 таси жорий таъмирланди, 591 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. 269 та маҳалла компьютер ва 394 таси мебель билан таъминланди.

Ободлик фақат бунёдкорлик билангина чекланмайди. Ҳар бир инсон кўнглига илиқлик, меҳр, яратиш ва жўшқинлик ҳиссини олиб кириш ҳам ободлик аслида. Шу маънода, бугунги кунда маҳалла тизимидаги кўплаб хайрли ишлар бир-бирини мазмунан тўлдириб, инсон ҳаётига маъно-мазмун бахш этаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Шу боис, маҳалла ходимлари томонидан ҳар куни 15 та хонадонга кириб муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида 700 минг 440 хонадондан 574 минг 107 таси (82фоизи) ўрганилди, аниқланган 48 минг 674 муаммодан 34 минг 220 таси (70,3 фоизи) бартараф этилди, муддат талаб этиладиган 14 минг 454 тасини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш бўйича 28 мингдан зиёд объектда жамоатчилик назорати ўрнатилди. Кам таъминланган 42 мингдан ортиқ оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. “Темир дафтар”га киритилган 24 мингдан ортиқ оила, “Аёллар дафтари”га киритилган 112 мингдан ортиқ хотин-қиз, “Ёшлар дафтари”га киритилган 96 мингдан зиёд ёшга амалий ёрдам кўрсатилди.

“Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Аёллар маслаҳат кенгашлари”, маҳалладаги жамоатчилик комиссиялари аъзолари томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган 17,5 мингдан зиёд оила яраштирилди, 36 мингдан кўп оиладаги нотинчликка барҳам берилди.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар санаторийларда соғломлаштирилиши, нуронийлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши, кам таъминланган оилаларнинг 31 минг 640 аъзосининг муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилиши ҳам инсон кўнглини обод этиш йўлидаги муҳим ишлардир.

Ҳаёт муаммо ва камчиликлардан холи эмас. Маҳаллалар аҳолиси эътирозига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда жойида ҳал этиш мақсадида 4 мингдан ортиқ маҳаллада сайёр қабуллар ўтказилиб, 24 минг 930 фуқаронинг муаммоси ҳал этилгани эътиборли жиҳат.

Яна бир қувонарли ҳолат: амалга оширилаётган тизимли ишлар туфайли маҳаллаларда тинчлик-осойишталик таъминланмоқда. Яъни маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тарғиботлар натижасида ўтган давр мобайнида 5015 та маҳаллада жиноят содир этилмади.

Бироқ ҳали маҳаллаларимизда тинчлигимизга ҳамжиҳатлигимизга раҳна солаётган муаммолар йўқ эмас. Масалан, жорий йилнинг ўтган 6 ойида маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган. 9500 га яқин маҳалланинг 1500 тасида криминоген вазият бор. Табиийки, бу ҳолат инсон тақдирига, айниқса, ёшлар камолотига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Президентимиз раислигида жорий йил 28 июль куни ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу хусусда алоҳида сўз юритилди ва бундай муаммолар билан курашиш йўллари кўрсатиб ўтилди. Хусусан, энди маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш борасида янгича иш тартибига ўтилиши белгиланди. “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла масъулларининг вазифалари ва методикасини ишлаб чиқишга кўрсатма берилди. Вилоят – туман – маҳалла кесимида ижтимоий ва криминоген муаммоларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий вазият” ахборот тизимини, шунингдек, “112” тезкор рақами ва диспетчерлик тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

“БЕШЛИК ТИЗИМИ”ДАН “ЕТТИЛИК ТИЗИМИ”ГА

Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси каби янги мутахассислар иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Бироқ уларнинг фаолияти натижаси қисқа вақтдаёқ яққол кўзга ташлана бошлади. Буни аҳолининг маҳаллага илгаригидек моддий ёрдам сўраб эмас, кўпроқ тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мурожаат қилаётгани, хотин-қизлар ва ёшлар ўз ҳуқуқларини тобора чуқур англаб, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланишга интилаётгани яққол исботлайди.

Аҳолининг бу борадаги интилиш ва саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллаларда янгича ташаббуслар ёйилмоқда. Масалан, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Катта Чилонзор-3 маҳалласи мисолида “бешлик тизими” томонидан “Бир пиёла чой устида” тизимида хонадонларда суҳбат ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш йўлга қўйилди. Ҳар ҳафтада маҳалладаги “бешлик тизими” томонидан аниқланган, лекин бартараф этилмаган муаммолар бўйича маълумотлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилади. Уйма-уй юриш орқали ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ўрганиш ва муаммоларга ечим топиш мақсадида маҳалла кенгашида ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторларининг 32,5 мингдан зиёд ҳисоботи эшитилди.

Маҳалла институтини ривожлантириш департаментидан маълум қилишларича, маҳалладаги “бешлик тизими” янада такомиллаштирилади. Янги тизимга кўра, ҳар иккита маҳаллага бир нафар профессионал ижтимоий ходим бириктирилади ва улар 31 тоифага мансуб қийин шароитдаги аҳолига манзилли асосда 90 дан ортиқ ижтимоий хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, келгуси йилдан бошлаб туман бандлик идораларининг бир қатор вазифалари маҳаллага ўтказилади.

Жумладан, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз аҳолини ободонлаштириш ва мавсумий ишларга жалб қилиш, уларга ҳақ тўлаш ваколати маҳалла раисига берилади. Туман меҳнат бўлимлари вакант ўринлар ҳақидаги маълумотларни маҳаллага тақдим этиб боради. Маҳалла раиси эса ўз ҳудудидаги ишсизларни танлаб ишга жойлаштиради. Шунингдек, тумандаги солиқ инспекторлари ҳам маҳалладаги “бешлик тизими”га бириктирилади. Энди ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлар лойиҳаси “юриб кетиши”га кўмаклашса, солиқ инспекторлари уларга бухгалтер сифатида ёрдам беради. Шу асосда жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда маҳалланинг роли кучайтирилиб, “маҳалладаги еттилик” тизимига ўтилади.

Ҳар бир маҳалланинг ўз муаммоси, ташвиши бор. Унинг ечимини топиш маҳалла фаолларининг ҳар биридан, айниқса, оқсоқолдан ҳаракатчанлик, ташаббускорлик талаб этади. Қолаверса, аҳолининг хоҳиш-истагини ҳам инобатга олиш керак. Хуллас, маҳалладаги вазифаларни ҳал этишда “Етти ўлчаб, бир кес” ҳикматига амал қилиш муҳим.

Маҳалла раислари бугунги кунда тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда ана шу жиҳатларга эътибор қаратаётгани халқнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилмоқда. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги Наврўзобод маҳалласида эришилаётган натижалар бунга мисол бўла олади. Бу ерда фаоллар ва аҳоли ҳамжиҳатлигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари туфайли маҳалла обод бўлмоқда, оилалар фаровонлиги ошмоқда.

– Маҳалламизда икки мингдан кўпроқ оилада ўн мингга яқин аҳоли яшайди,дейди “Наврўзобод” МФЙ раиси Илёс Абдураҳмонов. – Ҳудудимизда 36 та кўп қаватли уй бор, 1200 оила эса ҳовлида истиқомат қилади. Иш фаолиятимизни ташкил этишда аҳолининг талаб ва истаги, эҳтиёжидан келиб чиқамиз. Хусусан, асосий эътибор ободончилик ва реконструкция ишларига қаратилмоқда. Натижада ҳудудимиздан ўтувчи дренаж реконструкция қилинди, канализация тизими барпо этилди. Сув таъминотида муаммо бор эди, унинг ҳам ечими топилди. Ҳозир хонадонларга водопровод суви тўлиқ етиб бормоқда. Табиийки, бу қулайликлар одамларнинг турмуши обод, рўзғори бутлигига замин бўляпти.

Ватан ичра кичик ватан бўлган маҳаллаларимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар бардавом бўлажак. Президентимиз қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда бу хусусда тўхталиб, маҳаллаларда туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳар бир кўча ва кўп қаватли уйларда аҳоли ўзига жамоатчилик асосида кўчабоши, кўчабий ва уйбошиларни сайлайди. Улар фуқаролар йиғини кенгаши таркибига киритилади ва “маҳалладаги еттилик” олдига аниқ масалалар қўяди. Маҳалладаги “жамоатчилик овози” ҳам кўчабоши, кўчабий ва уйбошилар бўлади.

Маҳалла раислари ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш режалаштирилган. “Маҳалладаги еттилик” тизими ягона жамоа бўлиб ишлаши учун улар ҳам 5 йил муддатга сайланади. Маҳалла раисларига ушбу тизим ходимларини рағбатлантириш, зарур бўлганда чора кўриш бўйича таклиф киритиш ваколати берилади.

Шу билан бирга, маҳалла раисларининг халқ олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги аниқ белгиланади. Одамларнинг ишончини қозонмаган маҳалла раислари бўйича аҳоли томонидан “раис ваколатини муддатидан илгари тугатиш ҳақида таклиф киритиш” тартиби жорий қилинади. Энг муҳими, келгусида туман ва шаҳар ҳокимларини ўзининг меҳнати, фидойилиги билан амалий натижа кўрсатган ушбу маҳалладаги вакиллар орасидан сайлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Ушбу ислоҳотлар келгусида маҳалла институтининг ҳаётимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, бу тизимни инсон камолоти ва жамият ривожи йўлида муҳим қарорлар қабул қилувчи етакчи марказга айлантиради. Маҳаллада бошланган бундай улкан эврилишлар ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналишда янги ютуқларга замин ҳозирлаяжак ва олдимизга қўйган эзгу мақсад – обод, эркин, фаровон янги Ўзбекистонни барпо этишга туртки бўлажак.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири