Бу соҳага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилаётгани халқимизга маълум. Юртимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган. 

Мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фан, ихтироларсиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади. Бу ўринда элимизни дунёга машҳур қилган буюк аждодларимизнинг бебаҳо меъросини тилга олишимиз таъбир жоиздир. Халқимизнинг ўтмиши буюк. Миллий ифтихоримиз бўлган улуғ сиймоларимиз Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Юсуф хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий кабиларнинг сўнмас меъроси билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Уларнинг инсон маънавий дунёсини бойитиш билан боғлиқ бўлган илму-зиёси ҳозирги кунгача ўз қадрини йўқотмаган. Улар фалсафа, география, математика, астрономия, медицина, психология, адабиёт, тарих ва бошқа фанларни ўзларининг улуғ  кашфиётлари билан бойитдилар, жаҳон маънавияти хазинасига сўнмас асарлар армуғон этдилар. Бу буюк мутафаккирлар ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, уларнинг тилларга ҳам эътиборли бўлганликларининг гувоҳи бўламиз.

Буюк қомусий олим Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий ўз она тили билан бир қаторда турк, араб, форс, санскрит, яҳудий тилларини пухта эгаллаган. Чунки маълум бир халқнинг илмини ўрганишда бевосита шу халқнинг тилини билиш катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблаган. Чет тилни ўрганиш билан бир қаторда аллома илмий адабиётларни таржима қилишда ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Масалан, календарга тааллуқли  бўлган яҳудийларнинг эралари ва байрамлари ҳақида рисола (Рисола фи истиҳрож та рих ал-йаҳуд ва а ёдиҳим) китоби, Сурати-л-арз китоби (Китоб сурати-л-ард), “Хоразмий географияси” асaрлари муаллиф томонидан таржима қилинган. Олимнинг “Васиятлар китоби” ва Арифметик китобга ёзилган изоҳлардан қуйидаги маълумотларни ўқишимиз мумкин: “Ҳиндларнинг янги ҳисоб системасини баён қилганликлари ҳақидаги илк маълумот Фрот бўйидаги Дайр Қиннасринда яшаган суриялик руҳоний Север Себохтнинг қўлёзмасида келтирилган. 622 йилда ёзилган бу асарида Себохт юнон тилидан фойдаланмайдиган олимларга жирканиб қаровчиларга эътироз билдириб, бундай олимларнинг катта илмий ютуқларига мисол тариқасида ҳиндларнинг ҳисоблаш системасини эслатади: “Мен сурёнийлардан фарқ қиладиган ҳиндларнинг фани ҳақида, уларнинг юнонлар ва бобилликларнинг кашфиётларига қараганда чуқурроқ бўлган астрономиядаги ажойиб ихтиролари ҳақида ва уларнинг барча тавсифдан ҳам ортадиган ҳисоб системалари ҳақида айтмоқчи эмасман. Балки мен фақат улар ҳисобни тўққизта белги ёрдамида бажаришлари ҳақида айтмоқчиман. Агар фақат юнонча сўзлашишнинг ўзи билан фаннинг барча ниҳояларига етдим деб ўйлайдиганлар бу ҳақда билганларида эди, улар бирор нарсани билувчи бошқалар ҳам борлигини билган бўлардилар”. Бу фикрлардан кўринадики, янги кашфиётлар, замонавий янгиликлар дунёнинг истаган қисмида инсонлар томонидан яратилиши мумкин. Шунинг учун киши бирон-бир илмий янгилик ёки кашфиёт ихтиро қилар экан, ўзини дунё илмини ўрганишга сафарбар қилиши лозим. Бу ўринда тил ўрганишнинг қадр-қиммати беқиёслигига яна бир карра гувоҳ бўламиз.

Ўзининг арифметик асарида Хоразмий араб тилида биринчи бўлиб ўнлик позицион ҳисоблаш системасини ва унга асосланган амалларнинг баёнини келтиради. Сонларнинг ҳинд рақамлари билан ўнлик позицион системада ёзилишини ва “О га ўхшаш кичик доирача” ни ишлатилиши ҳақида муфассал сўзлагандан сўнг Хоразмий катта сонларни айтишни ўргатади ва бунда у фақат бирлар, ўнлар, юзлар ва мингларнинг номларидан фойдаланади.           

Хоразмий бутун сонлар устида амалларни тугатгач, каср сонлар устидаги амалларга ўтади. Каср сонлар рисоланинг лотинча таржимасида fractcones дейилган бўлиб, бу сўз арабча “каср” – бўлак (“касара” – синдирмоқ, майдаламоқ) сўзининг таржимасидир. Кейинчалик барча Оврўпа тилларидаги “каср” маъносини англатувчи сўзлар шу лотинча номдан тарқалади. Хоразмий арифметик рисоласининг лотинча таржимасида ҳам касрларнинг аталишида араб тилига хос бўлган хусусият сақланган. Бундан кўринадики, тиллар орасидаги ўзаро боғлиқлик илмни янада такомиллашувига олиб келади, бу эса Хоразмий ижодида ўз аксини топади.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Хоразмий қайси соҳада қалам тебратмасин, ўша соҳани албатта тил билан боғлиқлигини эътироф этиб, унга диққат-эътиборини қаратган.

Машҳур қадимий юнон файласуфи Арастудан кейин иккинчи муаллим унвонига эга бўлган, Ўрта аср Шарқининг машҳур мутафаккири Абу Наср Форобий худди Арасту каби илм оламининг деярли барча жабҳаларига оид қарашларини баён этган бўлиб, риёзиёт, фалаккиёт, тиббиёт, алхимия, араб грамматикаси, мантиқ соҳаларини ўзининг ноёб билимлари билан бойитиб, ўз даврининг қомусий олимига айланган.

Турли илм соҳаларини ўрганиш ва ўзлаштириш бир қанча тилни билишни талаб этгани боис, Форобий ҳам турли тилларни ўрганиш билан шуғулланди. Унинг юнон тилини ўрганиб олиши юнонларнинг бой илми ва фалсафасининг моҳиятини тушуниш имкониятини берди. Форобий мусулмон оламида юнон тилидаги фалсафий асарларни  араб тилига таржима қилган биринчи олим ҳисобланади.

Шунингдек Форобий инсоннинг руҳиятини ўрганиб, уни табиатнинг бошқа мавжудотларидан ажратиб турувчи хусусиятларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган илғор ғояларни илгари сурди. Унинг бу борадаги психологик қарашлари алоҳида аҳамиятга эгадир.

 Форобий психология, логика ва билиш назариясининг ривожланишига асос солувчилардан бири сифатида тан олинди.

Яна бир буюк қомусий олим Беруний ҳам ёшлигидан илмга берилиб, табиий ва ижтимоий фанларни ўрганди, тил ўрганишга ҳам катта аҳамият берганлиги илмий манбалардан маълум. Бу ҳолни Беруний қуйидагича баён қилган эди: “Мен болалик чоғимданоқ ёшим ва шароитимга қараб, имкон борича кўпроқ билим олишга чанқоқ эдим. Бунинг далили сифатида қуйидагиларни келтириш кифоя: биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар-хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб олиб, номини ёзиб қўяр эдим”.

Йирик ҳинд арбоби Жавоҳарлал Неру Беруний асарларини ўқиб, шундай ёзган: “Беруний юнон фалсафасини ўрганиб, ҳинд фалсафасини мутолаа қилмоқ учун санскрит (қадимги ҳинд тили) ни ўргана бошлади. У ҳинд ва юнон фалсафасини бир-бирига солиштириб, уларда мавжуд умумийликни кўриб, ҳайратда қолди. Берунийнинг китоби далилий материални қамраб олиш билан бирга, у уруш, талон-тарож, оммавий қирғинлар бўлишига қарамай, фан аҳллари ўз ишларини давом эттирганликларини кўрсатиб берди. Икки орани нафрат ва худбинлик кайфиятлари бузиб турган пайтларда ҳам Беруний бегона одам бўлатуриб, бу ўлка кишилари аҳволини тушунтиришга ҳаракат қилди”.²  

Шарқ алломалари фаолиятларида бўлганидек, тил масаласида Беруний ҳам кўпгина маълумотлар берган. Ўзининг учинчи катта асари  “Ҳиндистон”ни яратар экан, у ҳинд халқига ҳурмат ва эҳтиром билан қаради. Чаттержининг фикрича, Беруний дастлаб Ғарбий Панжоб ва афғон ҳиндуларининг тилини ўрганган.

Беруний ҳинд тилини дастлаб Ғазнада яшаган ҳиндлардан ўргана бошлаб, сўнгра Ҳиндистон ерларига сафар қилганида давом эттирган.  У қадимги ҳинд тили – санскритни ҳам ўрганади ва унда ёзилган илмий-тарихий обидалар мутафаккирнинг кўз ўнгидан ўта бошлайди. Натижада, замонасининг ҳеч қайси олими муяссар бўлмаган ютуқларга эришишга муваффақ бўлади.

Беруний Ҳиндистонни билиш учун санскритни ўрганган бўлса, икки халқ орасидаги қарашларнинг яқинлигини яна ҳам чуқурроқ билиш учун ўзига керакли юнон манбаларини ўрганади. Мутахассисларнинг ёзишларича, Беруний юнон тили – грекчани ўрганган ва уни яхши билган. Академик И.Ю.Крачковский улуғ олимнинг “Ҳиндистон” асарини мутолаа қилар экан, у юнон тилини билганлиги шубҳасизлигини, кейинги йиллардаги текширишлар буни ижобий ҳал қилишга асослар берганлигини кўрсатиб ўтган эди.

Крачковский М.Мейерхофга ҳавола қилиб, унинг Беруний “Санскрит, юнон, иброний, сурёний тилларда ўқиб, ўзига керакли нарсаларни араб ҳарфи билан ёза олганини” қайд қилган эди.

Беруний “Ҳиндистон” асарининг биринчи бобидаёқ ҳинд тилининг ўзига хос хусусиятларини очиб берган. Унда ёзилишича, ҳинд тилида бошқа халқлардаги каби, аввало, луғат-тилда ўзгалик бор. Бу ўзгаликни ҳеч бир киши осонлик билан кеткизолмайди. Чунки уларнинг тили [сўзга] бой ва кенг; араб тили каби маълум бир нарса бирон ўзакдан олиниб, ўзига хос қилиб белгиланган бир мунча исмлар билан аталади.

Ҳиндлар тилидаги баъзи ҳарфлар араб ва форс ҳарфларига тегишли товушларга ўхшамайдиган ҳарфлардан таркиб топган; ҳатто нутқ органларимиз уларни асли каби талаффуз қилолмайди; қулоқларимиз уларнинг ўхшаш ва тенгдошларидан ажратиб эшитолмайди ва қўлларимиз у ҳарфларни худди ўзидек қилиб ёзолмайди; натижада уларнинг айрим сўзларини бизнинг хатимиз билан кўрсатиш қийинлашади. Шунинг учун уларни ифодалашда нуқта ва белгиларни ўзгартириб, машҳур ёки сунъий белгиларни қўйиш орқали ўша луғатни аниқлашга мажбур бўламиз. Шундай қилиб, агар нусха кўчирувчилар тилларга эътибор беришмаса, тузатиш ва солиштиришда бепарволик қилишса, сўнг қилинган меҳнат бекор бўлиб, китоб бир-икки марта кўчириб ёзишда бузилади ва у икки халқ [ҳинд ва мусулмон] орасига кирган ёки уларни орасидан чиққан киши билолмайдиган бир тилга айланиб кетади.

Бу фикрлар ҳозирги замон чет тил ўргатиш методикасида талаффузни ўргатишда чет тилдаги, масалан инглиз тилидаги товушни нотўғри талаффуз қилиш оқибатида бутун сўз (ёки жумла) нинг маъноси ўзгариб кетади, деган фикрга жуда яқиндир. Бундан кўринадики, тўғри талаффуз қилишнинг аҳамиятини Беруний ўн аср олдин таъкидлаб ўтган.

Беруний ўз асарининг 16-бобида ҳам тилга оид фикрларни баён этган: “Тил, сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир. Шунинг учун тил замоннинг бирон каби турғун қисми билан чекланиб қолади. Агар инсондаги сўзлаш қуввати ҳамма жойга шамол сингари ёйилувчи бўлмаганда эди ва замонлардан замонларга нафаслар сингари ўтувчи хат ёзиш санъатини келтириб чиқармаганда эди, ўтмиш замоннинг хабарини, айниқса, узоқ замонлар ўтганда  ҳозирги замон тилларига қандай кўчириб бўлар эди? ”.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, шуни айтиш жоизки, дунё тан олган бобокалонларимиз кўплаб фанлар қаторида тилшунослик ва тил ўрганиш назариясига ҳам бебаҳо меърос қолдирганки, бу дурдоналар ҳозирги кунда ҳам ўз қадрини йўқотмаган. Шубҳасиз қатор илм асосларини  уларнинг асарларидан топа оламиз.

В.Ш. Мамадаюпова,

 ТДЮУ Хорижий тиллар кафедраси

                                                    катта ўқитувчиси