Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан Баҳром Акбаров, Николай Ильин, Муртазо Сайдумаров, Маъруф Тошпўлатов, Гулноза Мамарасулова, Шермурод Субҳон фаолиятга доир ҳисоботни тақдим этди. Йиғилишни кенгаш раиси Зуҳриддин Исомиддинов олиб борди.
Хусусан, ўтган 2021 йил Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги доирасида буюк шоир асарларининг янги таржималарининг эълон қилиниши билан бошланди.
– “Маҳбуб ул-қулуб” асари Дмитрий Радкевич томонидан белорус тилига таржима қилиниб, Минск шаҳрида чоп этилди. “Маҳбуб ул-қулуб” Рамиз Асқар томонидан озар тилига ўгирилиб, 2021 йил март ойида Боку шаҳрида ҳамда Ўрозбой Абдураҳмонов томонидан қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, май ойида нашр этилди, – дея таъкидлади уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Алишер Навоийнинг Жонибек Қувноқ таржимасидаги “Лайли ва Мажнун” достонининг қайта нашри ҳам қувончли воқеа бўлди.
Ўтган йили Қозоғистон давлат мукофоти лауреати Несипбек Айтули Навоийнинг “Муҳокамат-ул луғатайн” асарини, “Хамса”нинг икки достонини қозоқ тилида чоп эттирди. Насипбек Айтули ҳозир шоирнинг “Лисон ут-тайр” достонини қозоқ тилига ўгириш устида ишлаяпти. Николай Ильин Алишер Навоий ғазалларининг рус тилига таржима қилинган энг яхши таржималарини саралаб, ёнига ўзининг таржималарини ҳам қўшиб, “Тебя люблю я, жизнь!” номли тўплам чоп қилдирди. Абдулла Орипов шеърларининг энг яхши таржималарини танлаб олиб, уни янги таржималар билан бойитиб, “Ветер моего края” номли тўплам яратди.
Ҳисобот даврида “Адабиёт” нашриётида тошкентлик ёзувчи Галина Долгаянинг “Песни бегущей воды” романи Рисолат Ҳайдарова таржимасида “Югурик сувлар қўшиғи” номи билан босилиб чиқди. Шунингдек, ўттиздан ортиқ ёш шоирларимизнинг шеърлари турк тилига таржима қилиниб, “Кўнгил кўприги” номида чоп қилинди. “Олов сўзлар” номли тўпламдан эса ўн икки ёш шоир, олти ёш ёзувчининг инглиз тилига ўгирилган шеър ва ҳикоялари ўрин олди. Иккала тўплам ҳам Тошкентда нашрдан чиққани айтиб ўтилди.
– “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигини нашр этиш ишлари якунлангани қувончли воқеалардан бири бўлди, – дейди кенгаш аъзоси Рисолат Ҳайдарова. – Шу лойиҳа доирасида кўплаб насрий роман ва қиссалар ўзбек тилига таржима қилинди, ўттиздан ортиқ рус шоирлари шеърларининг янги таржималари яратилди. “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” 16 жилдлик асарлар мажмуасининг 5 та жилди тайёрлаб, нашриётга топширилди. Қолган жилдлари устидаги ишлар қизғин давом этяпти.
Ҳозир “Туркий адабиёт хазинасидан” 100 жилдлик асарлар мажмуаси устидаги ишлар давом этяпти. Бу мажмуа катта адабий даврни ўз ичига олган кўламдор лойиҳа бўлди. Мажмуа 350 дан зиёд ёзувчи ва шоир ижодини қамраб олади.
Ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг китоби Сербияда, Россияда чоп этилди. Россиянинг “Камертон”, Украинанинг “Автограф” электрон журналларида Рисолат Ҳайдарова, Холиёр Сафаров, Умид Али, Фурқат Алимардон, Жасур Кенгбоев, Нодирабегим Иброҳимоваларнинг ҳикоялари босилди.
Ўтган йили “Слово” электрон альманахининг биринчи сони чиқди. Унда қатор шоирларимизнинг шеърлари рус тилида босилди.
2021 йил 17 декабрда “Ўзбек замонавий адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва чет мамлакатларда тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди. Анжуман доирасида таниқли таржимонлар Бобохон Муҳаммад Шариф, Николай Ильин, Рустам Мусурмон, Бегойим Холбекова, Гулноз Мамарасулова ҳамда Ноиба Валиевалар ёш ижодкорлар учун маҳорат сабоқлари ўташди. Ёш таржимонлар турк, озарбайжон, инглиз, хитой ва рус тилига бадиий таржима сир ва синоатларидан хабардор бўлишди.
2021 йили таржимон Рустам Мусурмон Бердақ, Файнберг, Кенгесбой Каримов, Соғинбой Иброҳимов, Бахтиёр Генжамуроднинг шеърий китобларини ўзбек тилига ўгиргани учун "Йилнинг энг яхши асари" танловининг "Энг яхши таржима асари" номинациясида ғолиб, деб топилди.
Йиғилиш якунида кенгашнинг йил якунлари бўйича тегишли қарори қабул қилинди ва жорий йилдаги режалари белгилаб олинди.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари