Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, «Ўзбекистонда хорижий тиллар» илмий-электрон журнали ва интернет портали ҳамкорлигида «Медиалингвистика назарияси ва амалиёти» мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, АҚШ, Туркия ва Россия университетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда медиалингвистиканинг долзарб масалалари, ОАВ матнларининг тили, услуби ва таҳрири соҳасида мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари, медиаматнларнинг таъсирчанлигини ошириш йўллари, ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши, адабиётшунослик борасидаги масалалар муҳокама этилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар медиалингвистиканинг нафақат илмий ҳамжамият, балки барча соҳа вакиллари учун ҳам нақадар муҳим соҳа экани, бу борада эса журналистика барча учун ибрат бўлиши кераклигини қайд этдилар.
– Кейинги аср тўлиқ «электрон авлод» даври бўлади, дейиш мумкин. Қандай аср бўлмасин, электрон асрми, роботлар асрими, фарқи йўқ, кўп ўқиш ва ўқиганларни уқиш давр талаби бўлиб қолаверади, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Муқаддас Исроил «Медиалингвистик саводхонликни ошириш йўллари: талабалар учун маслаҳатлар» номли тақдимотида. – Яхши журналист кўп ўқиш асносида ўз услубини, хусусан, тил услубини шакллантиради, фикрини теранлаштиради, бошқалар учун журналистни қизиқарли инсонга айлантира олади.
Профессор тақдимоти якунида умумтаълим мактабларида «Медиа асослари» фанини жорий этиш таклифини билдирди.
«Тревел журналистикада муаллиф позицияси» мавзуида маъруза қилган филология фанлари номзоди, доцент Акбар Нурматов журналистиканинг мазкур йўналишида фаолият юритаётган муаллифлар бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз фуқаролик позициясидан туриб ёндашиши, ифода этилаётган медиаматнда публицистик ва бадиийлик унсурлари ўз аксини топган бўлиши кераклигини айтди. Бу борада Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Саёҳат хотиралари»га тўхталиб, муаллиф шахси, тили ва услуби унинг медиалингвистикасидан сезилиб турганини таъкидлади.
Туркиянинг Отатурк университети профессори Ҳусайн Бойдемир Туркияда нашрга тайёрланаётган «Катта ўзбекча луғат»га Ўзбекистонда чоп этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» асосий манба бўлиб хизмат қилаётганини айтди.
– Икки йилдан буён «Катта ўзбекча луғат» китоби устида ишлаяпмиз, – деди Ҳ.Бойдемир. – Ҳамкасбим Нурсан Илдири хоним билан ҳамкорликда ишнинг тахминан 80 фоизини якунладик. 35 минг 499 сўзга 85 мингга яқин изоҳ ёздик. Луғатга иборалар ва шеваларда кўп қўлланиладиган сўзларни ҳам киритмоқчимиз. Китобни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига совға қилиш ниятидамиз.