Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзодани қабул қилди.
Унда ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш, адабий жараёнлардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда келгусидаги режаларга эътибор қаратилди.
Учрашувда Сирожиддин Саййид меҳмонларнинг ташрифидан, улар билан юзма-юз кўришиб турганидан хурсандлигини билдирди. Давлатлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва ҳамкорлик алоқалари азалдан бардавомлигини таъкидлади. Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида тожик адабиёти кенгаши фаолият олиб бориши ва аъзолар иштирокида қатор ишлар бажарилаётгани айтиб ўтилди.
Шундан сўнг, Абдужаббор Азиз Раҳмонзода меҳмондўстлик ва илиқ самимият учун ташаккурини изҳор қилди. Тарихан икки қардош халқларнинг турли соҳалардаги ришталари мавжудлигидан фахрланди. У ўз нутқида ўзбек ижодкорларини Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзо қилиш, тожик ва ўзбек адибларининг ижод намуналари жамланган “Альманах”ни нашр этиш жоизлиги каби таклифларини берди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Аҳмаджон Мелибоев, Нурбой Жабборов ва бошқалар Ўзбекистон олий ўқув юртларида тожик адабиёт тарғиботига оид қилинаётган ишлар ҳақида гапирди.
Шунингдек, учрашувда Тожикистонда нашр этилувчи “Шарқнома” журнали бош муҳаррири Жамшид Примов, хўжандлик шоир Ўринбой Усмонов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилингани, Самарқандда “Дурдонаи Шарқ” номли журнал нашр этила бошлангани, унинг биринчи сонида Тожикистон халқ шоири Низом Қосим, тожикистонлик шоирлар Рустам Ваҳҳоб, Фарзона Хўжандий, Абдужаббор Суруш ва бошқаларнинг ҳам шеърлари босилгани айтиб ўтилди.
Ўртага ташланган таклифлар ва режалар хусусида келишиб олинди. Икки давлат вакиллари эсдалик совғаларини қабул қилиб олдилар. Музокарадан сўнг, меҳмонлар Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейида бўлиб, уюшма фаолияти билан яқиндан танишди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист